Линклар

logo-print

Мирзоевларни таъқиб қилиш давом этмоқда

  • Гулнора Равшан

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган генерал Ғаффор Мирзоев яқинларгача президент Имомали Раҳмон танқўриқчиларининг бошлиғи¸ президентга энг яқин шахс саналар эди.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган генерал Ғаффор Мирзоев яқинларгача президент Имомали Раҳмон танқўриқчиларининг бошлиғи¸ президентга энг яқин шахс саналар эди.

Тожикистон президенти гвардиясининг собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев тожик расмийлари талабига биноан яқин кунларда Бирлашган Араб Амирликларидан экстрадиция қилинади.

Абдурасул Мирзоевнинг Бирлашган Араб Амирликларидан Тожикистон ихтиёрига топширилиши борасида 7 ноябр куни мамлакат Бош прокуратурасининг тергов бошқармаси маълумот тарқатди. Мазкур идора бошлиғи Баҳодир Ҳомидовнинг билдиришича, Интерпол қидирувида бўлган Абдурасул Мирзоев яқинда Амирликларда қўлга олинган:

- Абдурасул Мирзоев жиноятчиларни топширишга доир Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон ўртасида имзоланган иккиёқлама шартнома асосида мамлакатга экстрадиция қилинади, - деди Бош прокуратура масъули.

Ҳукумат учун номақбул генералнинг укаси

Эслатиш жоизки, Абдурасул Мирзоев Тожикистон президенти ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича агентликнинг собиқ директори, президент гвардиясининг собиқ қўмондони генерал-лейтенант Ғаффор Мирзоевнинг укасидир.

2004 йили ҳибсга олинган генералга мамлакатда қуролли исён ташкил этганлик, давлат тўнтариш қилишга уринганлик, қурол-аслаҳа сақлаганлик, давлат чегарасини ғайриқонуний кесиб ўтганлик каби ўндан ортиқ айблар қўйилган эди. Ғаффор Мирзоев билан боғлиқ тергов жараёни икки йилга чўзилган¸ 2006 йили ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айбларни тамоман рад этган генерал-лейтенант Ғаффор Мирзоевни Тожикистон Олий Суди умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Бош прокуратура расмийси шу кунларда БААда бўлган Абдурасул Мирзоевнинг акаси Ғаффор Мирзоев содир этган ўша жиноятларга шериклигини таъкидлади.

Мирзоевнинг қариндошлари айбловларни рад этади

Аммо Абдурасулнинг яқинлари унга қўйилаётган бу айбларни рад этадилар:

- Укам Абдурасул бегуноҳ. У акам Ғаффор Мирзоев қамалмасдан илгари тижорат билан шуғулланиб, Араб амирликларига кетганди. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унга қўйилган асоссиз айблар ортидан Абдурасулнинг Душанбедаги уйини ҳукумат ўз фойдасига мусодара қилди. Хотини ва бола-чақасини кўчага ҳайдади, - деди айбланувчининг опаси Ойша Мирзоева.

Айни пайтда суҳбатдошимиз укаси Абдурасул қўлга олингани ва ватанига қайтарилиши тўғрисида умуман хабарсизлигини билдирди.

“Мирзоевлардан чўчиганлари учун уларни қамаяптилар”

Кузатувчилар фикрича, бир вақтлар Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг яқин кишилари саналмиш Мирзоевлар оиласи Кўлоб минтақаси учун жуда катта хатар туғдириш эҳтимолидан чўчиётган расмийлар уларнинг озодликда юришидан манфаатдор эмаслар.

Шунинг учун ҳам, дейди кузатувчилар, амалдаги ҳукумат ўз хавфсизлигини тўла таъминлаш мақсадида “ўзлари учун хавфли кишилар” - дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин - уларни тутиб, қамоқ тубига ташлайдилар.

- Халқаро меъёрлар талабига биноан бир давлат ҳукумати бошқа бир мамлакатдан ўз фуқаросини экстрадиция қилинишини талаб қилар экан, ўша давлат турли жиноятларда айбланаётган бу шахс иши билан тўла танишиши шарт. Ундан ташқари, талаб қилувчи мамлакатда прокуратуралар, судлар мустақилми, инсон ҳуқуқларига риоя қилинадими-йўқми – булар ҳам ўрганилиши шарт. Аммо, кузатишимизча, Мирзоевлар иши бўйича бу қоидаларга амал қилинмаяпти. Бу Мирзоевлар оиласининг тожик жамиятида ўз нуфузига эгалигидан, деб ўйлайман, - деди тожикистонлик мустақил кузатувчи Шокиржон Ҳакимов.

Эслатиб ўтсак, Ғаффор Мирзоев Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғида ҳукуматга мухолиф кучларга қарши турган Халқ фронтининг энг танилган қўмондонларидан бири эди.

1998 йил 4 ноябрида Тожикистоннинг Сўғд вилоятида қуролли исён кўтарган, ҳозирда Ўзбекистонда экани айтилаётган Маҳмуд Худойбердиев ва унинг аскарлари айнан Ғаффор Мирзоев бошчилигидаги армия томонидан тор-мор қилинган эди.

Аммо кўп ўтмай, генералнинг ўзи ҳам амалдаги ҳукуматга кераксиз бўлиб қолди ва у Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

XS
SM
MD
LG