Линклар

Ойни этак билан ëпишга уриниш

  • Садриддин Ашур

Бугун Ўзбекистон пахтазорларида болаларнинг ялписига¸ мажбуран ишлатилаëтганини миллионлаб ўзбекистонликлар кўриб-билиб турган бўлса-да¸ бу ҳақиқат муҳрланган суратлар¸ видеотасвирларни мусодара қилиш орқали Ўзбекистон расмийлари ойни этак билан ëпмоқчи б

Бугун Ўзбекистон пахтазорларида болаларнинг ялписига¸ мажбуран ишлатилаëтганини миллионлаб ўзбекистонликлар кўриб-билиб турган бўлса-да¸ бу ҳақиқат муҳрланган суратлар¸ видеотасвирларни мусодара қилиш орқали Ўзбекистон расмийлари ойни этак билан ëпмоқчи б

Ҳуқуқ фаолларининг айтишларича, ўзбек расмийлари болалар меҳнатига доир ахборот тарқалиши олдини олиш учун турли усулларни қўлламоқдалар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти фаоли Аҳмаджон Нормирзаевнинг Ўзбекистондаги болалар меҳнати қайд этилган СД-дисклари милиция ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан асоссиз равишда олиб қўйилган.

“Дисклар асоссиз тортиб олинди”

Ҳуқуқ ҳимоячисининг Озодлик радиосига айтишича, унинг шахсий ва касбий мулки бўлган китоблар ва дискларни милиция ходимлари ҳамда миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тортиб олган:

- Ҳеч бир асоссиз, ҳеч нарсани тушунтирмасдан, ўзларига тегишли бўлмаган болалар меҳнати тўғрисидаги ҳисоботларимни, қўлимда бўлган ҳуқуқ ҳимоясига бағишланган китобни, СД-дискларимни протоколлаштириб олиб қўйишди. Мана шундан бери жимжит. Хабар йўқ - қайтаришмади, - деди Аҳмаджон Нормирзаев.

Унга кўра, бу воқеа Наманган вилоятидан чиқишдаги милиция постида рўй берган, Аҳмаджон Нормирзаев ўтирган машина эса обдон текширилган:

- Синчковлик билан айнан бизнинг машинани текширди. Нима истайди билмайман. Ахийри, улар мендаги тўртта СД-дискни тортиб олишди, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Аҳмаджон Нормирзаевнинг айтишича, бу дискларда вилоятдаги болалар меҳнатига оид бир қанча ҳужжатлар, мониторинг натижалари ва ҳисоботлар бўлган.

“Бу “ов”нинг ўз буюртмачилари бор”

Ҳуқуқ фаоли фикрича, у минган машина вилоят марказидан кузатиб келинган ва айнан болалар меҳнати ҳақидаги маълумот ташқарига чиқиб кетмаслиги учун қонунга хилоф равишда бўлса ҳам тортиб олинган.

Аҳмаджон Нормирзаев, ўзига хос бу “ов”нинг буюртмачилари борлигини айтади:

- Буюртмачи Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Аҳмаджон Нормирзаевнинг айтишича, постнинг ўзида бу дискларни аввал ноутбукка солиб, очиб кўрмоқчи бўлишган, лекин диск очилмаган. Сўнгра бир соатдан кейин бошқа компьютер олиб келиб солиб кўришган, унда ҳам очилмаган. “Бу дисклар рақамланган экан”, деб олиб кетишган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси икки кундан буён ҳужжатларини ва СД-дискларни қайтариб ололмаяпти. Баённома бўйича Наманган ички ишлар бошқармасига олинган бу дискларнинг ҳозирда қаерда эканлигини ҳеч ким айтмаяпти.

- Улар нима қилишади, қандай ҳолатда ишлатишади - уни ўзлари билишади, - деди Аҳмаджон Нормирзаев.

“Дисклар халқаро жамоатчиликка мўлжалланганди”

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, болалар меҳнати ҳақидаги дисклар Тошкентдаги дипломатик миссияларга ва халқаро ташкилотларга етказилиши керак эди. Зеро, Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақидаги БМТ конвенциясини ратификация қилганидан сўнг ҳам бу йилги пахта теримида болалар меҳнатидан оммавий фойдаланилган.

Бу далил ва асослар эса Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ташкилотлар одидаги мажбуриятини бажармаётганини кўрсатади.

“Шунинг учун ҳам, - дейдилар ҳуқуқ ҳимоячилари, - ҳукумат бу ҳақдаги исталган маълумотнинг чиқиб кетишидан чўчийди ва ахборотнинг ташқарига чиқишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатади”.

XS
SM
MD
LG