Линклар

Умида Ниëзова ҲРУ мукофотини олди

  • Ҳурмат Бобожон

Умида Ниëзова Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти¸ хусусан 2005 йил 13 майида Андижонда юз берган қонли воқеалардан халқаро жамоатчиликни огоҳ этиб келмоқда.

Умида Ниëзова Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти¸ хусусан 2005 йил 13 майида Андижонда юз берган қонли воқеалардан халқаро жамоатчиликни огоҳ этиб келмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг адолатни қарор топтириш ва қийноқ ҳолларини очиб ташлашда кўрсатган жасорати учун бериладиган бу йилги мукофоти Умида Ниëзовага топширилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва мустақил журналист Умида Ниёзова Нью Йоркдаги "Америка тарихи" музейида ўтган тақдирлаш маросимида Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти мукофотини қабул қилиб оларкан, буни ўзининг Ўзбекистондаги камтарин фаолиятига берилган юксак баҳо эканини айтди.

- Ҳюман Райтс Уотч фикрича, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида ишлаганлигим учун ва жасоратим учун мен бу мукофотга лойиқ деб топилганман. Бу йили мазкур мукофот Бирма, Саудия Арабистони ва Шри Ланка мамлакатидаги ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳам берилди.

32 ёшли Умида Ниёзова ўтган йил январида чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини бузишга чақирувчи адабиётларни мамлакатга қонунга зид равишда олиб кириш ва тарқатишда айбланиб Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва уч ярим ой мобайнида қамоқ азобини чеккан эди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Умида Ниёзовага қўйилган айблардан мақсад, уни қўрқитиб қўйиш ва шу тариқа уни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолиятини тўхтатишга мажбур қилиш эканини билдирган эди. Нью Йоркдаги тақдирлаш маросимида Умида Ниёзова ўзи каби кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар Ўзбекистонда ҳали ҳамон қамоқхонада қолаётганини айтиб ўтди.

- Мен чиқишимда қамоқхонада қолаëтган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳақида гапирдим. Охирги 10 кун ичида Рустам Иноятовнинг Германияга келиши ва унинг қабул қилиниши ҳақида, Алишер Соипов ҳақида гапирдим. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид тасвирлар меҳмонларга намойиэ этилди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакиласи Соня Коллешекнинг таъкидича, Нью Йоркда ўтказилган маросим нафақат ҳуқуқ фаолларини тақдирлаш, балки ўша давлатлардаги инсон ҳуқуқлари аҳволига, қамоқхонада азоб чекаётган сиёсий маҳбуслар тақдирига жамоатчилик эътиборини жалб этиш мақсадини ҳам кўзлаган.

- Тақдирлаш маросимида Ўзбекистондаги бугунги вазият ҳақида фильм намойиш этилди. Умиданинг ўзи ҳам Ўзбекистонда қолган ҳамкасблари ҳар куни таҳдид ва қийинчиликларга дуч келишаётганини тилга олиб ўтди, дейди Ҳюман Райтс Уотч вакиласи.

Тақдирлаш маросимида андижонлик ҳуқуқ фаоли Лутфулло Шамсуддинов ҳам қатнашди. Лутфулло ака, Андижондаги 2005 йил 13 май кунги қонли воқеалар ортидан ватанини тарк этган ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячиларининг бири. Лутфулло Шамсуддинов тақдимот маросими ҳақидаги таасуротлари билан ўртоқлашади.

- Қилган ишларининг тафсилоти жуда ҳам кучли бўлди. 300дан ортиқ йиғилган одам Умидани олқишлашиб, жуда узоқ қарсак чалиб туришди. Мен Умидахонга берилган мукофотни жуда ҳам олқишлайман. Унинг қилган меҳнатлари зое кетмаганлигини дунë инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳисобга олиб мукофот берганлигини жуда ҳам таъсирли ва ўринли деб ҳисоблайман. Умидахон шунга лойиқ.

Лутфулло Шамсуддиновнинг айтишича, маросимда Ўзбекистонда кўп йиллардан бери қамоқда азият чекаëтган¸ аммо халқаро ташкилотлар эътиборидан четда қолиб келаётган сиёсий маҳбуслар тақдирига ҳам эътибор қаратилган.

- Камида 10 нафари тилга олинди. Муҳаммад Бекжон, Рашид Бекжон, Мамадали Маҳмудов ва бошқалар тилга олинди. Ўзбекистон ҳақидаги фильмдан кейин уларнинг тасаввури жуда ҳам кенг бўлди деб ҳисоблайман. Сабаби жуда кўп Ўзбекистон фуқароларини гапиришди. Ўзбекистондан ҳам иккита, учта одамларни кўрдим. Улар Америкада кўпдан яшар экан. Улар ҳам ўз фикрларини айтишди. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти, Каримов режими сиëсати ҳақида ҳам гапиришди.

Келаси ҳафта Женевада ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқ фаоли тақдирланади. Бу гал энди Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари, собиқ сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоева инсон ҳуқуқлари фаоллари учун “Мартин Энналс” мукофотини қабул қилиб олади.
XS
SM
MD
LG