Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:46

Президент Обама глобал жумбоқлар қаршисида


Америка янги президенти олдида тургам муаммолар ечими ўткир зеҳн¸ изчил сиëсат¸ шижоат ва дипломатик эпчилликни талаб қилади.
Америка янги президенти олдида тургам муаммолар ечими ўткир зеҳн¸ изчил сиëсат¸ шижоат ва дипломатик эпчилликни талаб қилади.

4 ноябр куни АҚШ тарихида янги саҳифа очиб берган сайловларда ғолиб чиққан президент Барак Обамадан ҳам Америка ичкариси¸ ҳам халқаро майдонда мисли кўрилмаган мураккаб муаммолар кутиб турибди.

Жаҳон бўйлаб ëйилиб бораëтган молиявий инқироз ва иқтисодий таназзул¸ Ироқ ва Афғонистонда давом этаëтган урушнинг президент Обама иш столи устидаги асосий мавзу бўлиши турган гап.

Бу каби яқин тарихда мисли кўрилмаган оғир вазифаларга ечим излаш баробарида янги президент АҚШ га нисбатан тобора агрессив ëндашувга ўтаëтган Россия билан ҳам иш кўришга мажбур.

Жаҳондаги энг қудратли давлат президенти учун оғир бўлган бу муаммоларга Обама қандай қилиб ўзи ваъда этган тўғри ечимни топиши мумкин?

Сиëсий шарҳловчиларга кўра¸ Обама бу оғир вазифани белгиловчи идораларга тўғри одамларни қўйиш¸ рисоладагидай команда тузиш орқалигина уддалаши мумкин.

Гарчи АҚШ иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилмаган иқтисодий пастлаш босқичида турган¸ молия бозори¸ Конгресснинг 700 миллиард долларлик қутқарув режасига қарамай¸ ҳали-вери ўзига келай демаëтган бўлса-да¸ аксар таҳлилчилар Обама айнан кадрларни танлашда шошилмаслиги лозим¸ деган фикрдалар.

Вашингтонда жойлашган Демократия институти директори Патрик Башем¸ ўз маъмуриятини тезроқ тузиб¸ уни тезроқ ишга солиш борасидаги босимларга қарамай¸ Обамага белгиловчи лавозимларга кимни тайинлаш борасида етти ўлчаб бир кесишни маслаҳат беради.

Бу шарҳловчига кўра¸ 20 январда президент сифатида қасамëд қилиб¸ бевосита лавозимга киришгунга қадар Обама давлат бюджетини яхшилаб ўрганиб чиқиши ва ўз дастурини реал рақамларга мослаши лозим.

Аксар шарҳловчилар¸ АҚШ иқтисодидаги таназзулни тўхтатиш ва Американинг дунë олдидаги эътиборини қайта тиклаш йўлидаги илк уринишлар мамлакат қўшинларини Ироқдан олиб чиқиш режасига киришишдан бошланиши керак¸ деган фикрдалар.

“ Мен АҚШ қўшинларининг Ироқдан чиқиб кетишини кўришни истайман. Аммо тахминимча¸ Ироқ ҳукумати билан тузилган келишувга кўра¸ ҳарбийларимизнинг айрим қисмлари мамлакат ҳақиқатан ҳам барқарорлашмагунча маслаҳатчи мақомида Ироқда қоладилар“¸ - дейди Жорж Вашингтон университетининг тарихчи профессори Лео Рибаффо Озодлик мухбирига.

Таҳлилчилар¸ НАТО раҳбарларининг Обамага нисбатан ҳурмати ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболини очажагини қайд эта туриб¸ Обама маъмуриятининг Афғонистондаги аксил-террор урушида иттифоқчилар ëрдамида муваффақиятга эришиш имконлари катталигини айтадилар.

Бу каби глобал ҳамкорликни тақозо қилувчи глобал муаммолар баробарида президент Обама тобора совуқ уруш томон оғаëтган Россия билан ҳам муносабатларни тўғри изга солишга маъсулдир.

Бу борада президент Обама ишни ўзаро ишонч муҳитини яратиш¸ Россиянинг АҚШ ва НАТО дан рақиб сифатидаги ҳадигини пасайтиришдан бошлаши керак¸ дейишмоқда таҳлилчилар.

Обаманинг¸ қайсики давлат бўлмасин¸ унинг вакиллари билан мулоқот қилишни афзал билишига оид баëнотлари¸ унга Россия билан муносабатларни нормаллаштиришда ҳам қўл келиши мумкин.



XS
SM
MD
LG