Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:44

Молиявий инқироз зарбаси мардикорларга етди


Бу сурат Ўзбекистон далаларида олинган деб ўйласангиз¸ янглишасиз. Кўраëтганингиз аëллар Россиянинг Волгоград вилоятида меҳнат қилаëтган муҳожирлардир.
Бу сурат Ўзбекистон далаларида олинган деб ўйласангиз¸ янглишасиз. Кўраëтганингиз аëллар Россиянинг Волгоград вилоятида меҳнат қилаëтган муҳожирлардир.

Жаҳон молиявий бўҳрони Қозоғистонга тирикчилик учун келаётган юз минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари вазиятига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда.

“Инқироз кучаймоқда, аммо келувчи камаймаяпти”

Қозоғистоннинг савдо, саноат ва қурилиш соҳаларида фаолият юритувчи йирик ширкатлар инқирозга юз тутиб, иш жойларини камайтирганлари билан мамлакатдаги меҳнат муҳожирларининг сони кескин камайиб кетгани йўқ. Улар Қозоғистонга аввал қанча кўп келган бўлсалар, ҳозир ҳам шунча кўп келяптилар. Фарқи шуки, аввал меҳнат муҳожирларини Қозоғистон шаҳарлари, кўчалари ҳамда йирик қурилиш объектлари ва савдо шоҳобчаларида учратиш мумкин бўлган бўлса, ҳозирда уларни кўча-кўйда учратиш қийин¸ кам кўринадилар¸ холос.

Айни кунда олмаоталик хусусий тадбиркор уйида ишлаётган андижонлик Олимжон Қозоғистонда ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳали ҳам кўплигини айтади:

- Ҳозир бу ерда ўзимиздан кўра яхши иш қилиб, яхши пул топишаяпти. Мана биз ҳам 10 йилдан бери бу ерда мебель қилаяпмиз. Қозоқлар бир ёмон гап гапирмайди бизга. Вақтида пулимизни беради, хоҳлаганда уйимизга бориб келамиз, - дейди Олимжон.


Қозоғистон давлат миграция қўмитасининг ўтган йилги маълумотларига кўра, мамлакатда ноқонуний ишлаётган меҳнат муҳожирларининг 70 фоизини ўзбекистонликлар ташкил қилган.

“Ишсизларнинг кўпайиши тартиб посбонларини хавотирга солиб қўйди”

Айни пайтда¸ Қозоғистондаги ширкатларнинг инқирозга юз тутиб, кўпчилик меҳнат муҳожирларининг ишсиз қолаётгани маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларини ташвишга солиб қўйган кўринади. Сўнгги пайтларда тартиб посбонлари хориждан келган мардикорларга нисбатан кескинроқ сиёсат қўллай бошлаганлар. Бунинг сабабини қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев полициянинг ишсиз қолган муҳожирлар орасида жиноятчилик авж олиши мумкинлигидан хавотир олаётгани билан изоҳлайди:

- Меҳнат муҳожирларининг ўз иш жойларини йўқотиши турли муаммоларни келтириб чиқаради. Аввало, бу мардикорлар иш жойини йўқотган мамлакатлар, жумладан, Қозоғистонда жиноятчиликнинг ошиши билан боғлиқ хавфдир, - дейди Дўсим Сатпаев.

Бироқ, шарҳловчига кўра, ҳозирда бутун дунёда кузатилаётган молиявий бўҳроннинг, нафақат меҳнат муҳожирларини қабул қилган, балки кўплаб мардикорларни хорижий давлатларга экспорт қилган давлатлар хавфсизлигига ҳам таҳдид солиш эҳтимоли катта. Сатпаев агар Қозоғистон ва Россия ўз миграцион қонунчилигини кескинлаштирса¸ муҳожирлар ватанларига қайтишга мажбур бўлишини айтаркан, бундай ҳолда минтақанинг ишчи кучи экспорт қилувчи мамлакатларида ишсизлар кўпайиши, бу эса норози ёшлар орасида тарафдор йиғиши мумкин бўлган экстремистик ташкилотларга қўл келишини айтади.

“Қозоғистон ва Россия бўлмаса, бошқа давлатлар бор...”

Аммо бошқа кузатувчилар Қозоғистон ва Россияда меҳнат муҳожирлари, хусусан, ўзбекистонликлар учун мавжуд шароит таранглашса, улар ватанга қайтиб ўтирмаслигини таъкидлайдилар. Хусусан, ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ўзбек мардикорлари муқобил йўл танлаши мумкинлигини тахмин қилади.

- Ҳозирги молиявий инқироз фақат Россияга эмас, балки Украинага ҳам, умуман, кўп давлатларга таъсир ўтказаяпти. Энди улар Жанубий Корея, Туркия, Араб мамлакатлари, Америка ва Европага чиқиб кетишлари мумкин. Аммо у ерларга чиқиб кетиш анча қийин.

Мен Туркияга борадиганлар сони кўпайса керак, деб ўйлайман. Меҳнат мухожирларининг кўпчилиги Ўзбекистонга қайтишни истамайди. Қайтганларининг ҳам ҳозир энди ҳукуматга итоат қилиши қийин, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

XS
SM
MD
LG