Линклар

logo-print

Ўзбек қачон тазарруга келади?

  • Сарвар Усмон

Коммунистик режимдан қочиб Францияда бошпана топган Милан Кундеранинг талабалигида чех махфий хизматига чақимчилик қилгани ҳақидаги айблов унинг аксар мухлислари учун саратонда ëққан қордек таъсир қилди.

Коммунистик режимдан қочиб Францияда бошпана топган Милан Кундеранинг талабалигида чех махфий хизматига чақимчилик қилгани ҳақидаги айблов унинг аксар мухлислари учун саратонда ëққан қордек таъсир қилди.

Бундан бир ой муқаддам Чехия матбуотида таниқли чех ёзувчиси Милан Кундерага боғлиқ шов-шув кўтарилди. Собиқ Чехословакия коммунистик режимининг ашаддий душманларидан бири сифатида танилган адибнинг ўша режимга хизмат қилгани – чақимчилик қилгани тўғрисида ёзди чех газеталари.

Прагадаги “Тоталитар режимларни ўрганиш институти” ходими полиция архивидан Милан Кундеранинг аксилкоммунист Мирослав Дворжачек устидан 1950 йил 14 март куни ёзган чақувномаси топилганини эълон қилди.

50-йилда Кундера кино мактабининг талабаси эди.

Газеталарнинг ёзишича, Кундеранинг чақуви асосида Дворжачек 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Милан Кундера барча айбловларни кескин рад этди.

Чех ёзувчиси чақимчиликда айбланган кунлари камина ўзбек ёзувчиси Эркин Аъзамовнинг бир қиссасини ўқиётган эдим.

“Шоирнинг тўйи” қиссаси мустақиллик йилларида тилга олиниши табиий бўлган, бироқ шу қиссанинг ўзини, матбуотда пайдо бўлган бир-икки мақолани айтмасак, мутлақо тилга олинмай келаётган мавзуда.

Совет даври чақимчилари, КГБ чақимчилари тўғрисида.

Ҳа, айтганча, Наим Каримов ҳам шу мавзуда бир роман ёзганмиш, лекин камина ҳали танишганим йўқ.

Жуда жиддий ва миллат учун ўта оғриқли мавзуга қўл урволганимни тушуниб турибман.

Мавзуки, совет даври чақимчи шоир-адиблари.

Йўқ, ундай эмас. Мана бундай: Нима учун ўзбек, совет даврида қилган чақимчилиги учун тавба-тазарру қилмади? Нима учун жамият ўз тарихида янги даврни бошлар экан, ўзини-ўзи тозалаб олмади?

Ахир Шарқий Европадаги жамиятлар коммунистлардан қутулгач, ўзини- ўзи тозалаб олдику?!

Милан Кундера номи билан боғлиқ жанжал, аслида, қатрон қилинган жамиятни чайқаб олиш учун устидан қуйилган охирги сув.

Нега Ўзбекистонда бундай бўлмади?

Негалигини айтиш учун беназир тафаккур эгаси бўлиш шарт эмас.

Лекин бу гапириш керак эмас, дегани ҳам эмас.

Келинг, аввал яқин ўтмишга, Совет Ўзбекистонига қайтайлик.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло ҳамкасбларининг чақуви билан озодликдан маҳрум қилиниб, бир неча йиллар лагерларда азоб чеккан ўзбек адибларидан бири.

Домла билан 7 ноябрь куни гаплашдик. Айтишича, қамалишига Асқад Мухтор айбдор.

- Мени ҳам, Мақсуд Шайхзодани ҳам қаматган. Қўлимда ҳужжат бор.

Озодлик: Демак Асқад Мухтор туфайли сиз қамоқда ўтиргансиз шунақами? Ëки бошқалар ҳам бормиди?

- Асқад Мухтор менинг ижодим ҳақида КГБга ëзиб берган. “Шукруллонинг асарлари, шеърлари ғоясиз. Совет поэзиясига мутлақо зид” деб. Темур Фаттоҳ ва Асқад Мухтор иккови ëзиб берган. Ана шундан кейин ашëвий далил сифатида менга 25 йил берган. Шайхзода ўзининг гуноҳини бўйнига олмади. Лекин унинг антисоветчилик, миллатчилик фаолияти Рамз Бобожон ва Асқад Мухторлар томонидан фош этилди¸ деб ëзилган. Бу ҳужжат менинг қўлимда турибди. КГБдан олганман.

Менинг 25 йилга кесилишимда Асқад Мухтордан ташқари, Саид Аҳмаднинг ҳам қўли бор эди, дейди Шукрулло.

- Мени ҳибсга олиш ҳақидаги ордерда ëзилган: Юсупов Шукрулло Саид Аҳмад ва бошқаларнинг гувоҳлик бериши бўйича ҳибсга олинсин ва уйи тинтув қилинсин. Мен буни шу пайтгача очганим йўқ.

Коммунистик режимнинг баттоллиги шу қадар эдики, Шукруллонинг қамалишига сабабчи бўлган Саид Аҳмаднинг ўзи ҳам омон қолмаган, у ҳам коммунистик репрессия қурбони бўлган, қамалиб чиққан эди.

Уни кимлар қаматганини яна Шукрулло домладан эшитамиз.

- Менинг қамалишимга Ëнғин Мирза, Нурмат Тошпўлатлар гувоҳлик берган деб ëзган.

Яна бир, шахсан мен ҳеч кутмаган гап:

- Абдулла Қаҳҳор КГБнинг одами бўлган деган ҳужжатлар бор. Бу очилган эмас. Абдулла Қаҳҳор Усмон Носирни КГБда тергов қилган дейди. Мана шунинг ҳужжатлари бор, лекин ҳали бу ҳам очилган эмас. Унинг ҳам 100 йиллиги нишонланди.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло билан суҳбатлашаяпмиз.

Ҳа, совет давридан ўта аянчли мерос қолди. Бугун “классиклар”имиз деб тан олинадиган барча ўзбек совет ёзувчиларимизнинг оғир ҳаётлари бир-бир тафтиш қилинса, тоза чиқадигани озга ўхшайди.

Лекин, мустақиллик ўша коммунистик кирдан тозаланиб олиш, тавба- тазарру қилиб олишга берилган бир имкон эди.

Ўзбек шу имкондан фойдалана олмади. Тўғрироғи, покланиш имкони берилмаяпти.

Чунки шиорлар бошқа, тутум эса ҳануз советча-коммунистча.

Бугун ҳам ҳокимият учун ўз ва ўгай ёзувчилар бор.

Мана эшитинг:

- Асқад Мухторнинг қилганини мақола қилиб ëзиб олиб борсам, газетада босишмади. Масалан, Саид Аҳмад бир мақоласида менинг қамалишимда Ëнғин Мирза ва Нурмат Тошпўлатлар гувоҳлик берган деб ëзган. Уни “Халқ сўзи” да чиқаришди. Мен “Халқ сўзи”га мақоламни олиб бордим. “Саид Аҳмад ким қаматганини айтибди. Мана Асқад Мухтор мени қаматгани тўғрисида КГБнинг ҳужжати. Мана Саид Аҳмаднинг гувоҳлик бергани. Буни ҳам босинглар” десам, “Вой-вў. Саид Аҳмад қаҳрамон. Уни гапириб бўладими. Биз буни боса олмаймиз. Бошимиз балога қолади” деб босишмади. Шу пайтгача мен газетада уларнинг номини очиқ айта олмадим. Қўлимда ушлаб юрибман.

Бугун ҳам ҳокимият учун ўз ва ўгай ёзувчилар бор.

- Одил Ëқубовнинг 80 йиллиги бўлди. Президент табриклагани ҳам йўқ. Пиримқулни табриклади.

Пиримқул Қодиров деган ёзувчини айтаяпти Шукрулло домла.

Чиндан ҳам куни кеча Қодировнинг юбилейи ўтказилди, унда президентнинг табриги ўқиб эшиттирилди.

Орадан 3-4 кун ўтиб “Халқ сўзи” газетасида юбилярнинг президентнинг китобига катта мақтови босилди.

Шукрулло домла билан анча узоқ гаплашдик. Эшитганларимдан келиб чиқиб, домлага навбатдаги саволни бердим. Ёши 90га бориб қолган одамнинг менинг нозикроқ саволимга дадил жавоб беролмай, гапни буришга ҳаракат қилгани, ўзбек жамиятининг советча қўрқув касалидан тузалиши узоқлиги аломати бўлиб кўринди. Мана диққат қилинг.

Озодлик: Домла бас шундай экан, демак замон ўзгармапти-да? Ўша совет давридаги тутумлар ўзгармапти-да?

Ўзгар... мана энди кўрдингизми. Шайхзодани қаматганини мен айтаман лекин шу ерда қолди. Ҳаммаси ҳали очилгани йўқ. Лекин фақат ўлиб кетганларникини айтишади. Ҳали Усмон Носирга кимлар аниқ айтилган у ҳам билмайди.

Ўзбекнинг қўрқувдан қутулолмаётгани, аниқроғи унинг ҳануз қўрқувда ушлаб турилгани, Эркин Аъзамовнинг эшиттиришимизни бошлаётиб тилга олганимиз “Шоирнинг тўйи” қиссаси охиридаги, имзодан кейинги писандадан ҳам кўриниб туради. Мана эшитинг:

“Бу асарнинг қўлёзмасини ўқиган эҳтиёткорроқ бир дўстим: «Ўзини билган-билмаган бирортаси ғалва қўзғаб юрмасмикан?» дегандек иштибоҳ билдирган эди. Шу гап сабабми, қўлёзмани талай йил ташлаб қўйдим. Ушбу китобни нашрга тайёрлаётганимда, иттифоқо, иш столим ғаладонидан ўзи чиқиб қолди. Ўқиб кўрдим, назаримда - «тўйга боргудек». Албатта, асардаги воқеалар осмондан олиб ёзилмаган, ул-бул туртки бўлган. Албатта, ўша давр адабиётига хос жангарироқ бир руҳ бор унда. Лекин бадиий асар кимнидир ранжитиш ёки фош этиш мақсадида ёзилмаслиги маълум. Шундай деб ўйлаган одам эса –ё адабиётдан йироқ, ё... ўзидан кўрсин. Қолаверса, яқинда бу қўлёзма билан танишган яна бир дўстимнинг гапи менга нашъа қилди ҳам далда бўлди. “Нега шу чоққача чиқармай юрибсиз? – деди у. – Бадиий асар-ку бу!”

“Шоирнинг тўйи” қиссаси охиридаги бу гапни ўқиб, мен аввалига ортиқча гап бўпти-да, деб ўйладим. Кейин ўйланиб қолдим. Бекорга айтмагандир бу гапни, дедим. Кейин, ёзувчи айнан мана шу абзацдаги гапни айтиб олиш учун ёзгандир бутун бошли бир қиссани, деган хаёлга бордим. Тўғрироғи, шундай қилганига ишонгим келди.

Чех ёзувчиси Милан Кундеранинг талабалик йилларида ёзган чақувномаси, Прагадаги “Тоталитар режимларни ўрганиш институти” бир неча йилдан бери излаб келаётган шундай ҳужжатлардан сўнггиси бўлса керак.

Ўзбекистонда ёзилган чақувномаларни эълон қилиш, уларни ёзганларни фош қилиш ҳали бошлангани ҳам йўқ. Бунинг учун балки Тошкентда ҳам “Тоталитар режимни ўрганиш институти” очиш керакми? Бемаъни гап, деяётгандир кимдир, ахир режим ўзини-ўзи ўргана, фош қила олмайдику?! деяётгандир.

Балки умуман, титмаслик керакдир тарихни?

Шу мулоҳазадан келиб чиқиб, Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло домладан сўрадим.

Озодлик: Ўзи умуман миллатнинг зеҳниятини тозалаш учун шунақа тавба-тазарру керакми, керак эмасми?

- Очиқ айтиб қўйилса балодан қутулинарди. Биз номини ҳали очиқ айта олмаяпмиз.

XS
SM
MD
LG