Линклар

logo-print

Ўзбекистонда таъқиқланган диний оқимлар

  • Барно Анвар

Расмий Тошкент турли диний оқимларни сиёсий мақсадларни кўзлашда айблаётган бир пайтда Ўзбекистондаги диний муассасалар ҳукуматнинг сиёсий буюртмасини бажармайди, деб бўлмайди

Расмий Тошкент турли диний оқимларни сиёсий мақсадларни кўзлашда айблаётган бир пайтда Ўзбекистондаги диний муассасалар ҳукуматнинг сиёсий буюртмасини бажармайди, деб бўлмайди

“Ислом ва мусулмонлар” рукнининг бугунги сонида Ўзбекистон қора рўйхатидаги “Ихвонул-муслимийн”, “Жамоати таблиғ” ва “Салафийлар” оқимлари ҳақида сўз боради.

Бу оқимлар Ўзбекистон ва унга қўшни айрим Марказий Осиё мамлакатларида таъқиқланган ва уларга аъзоликда, алоқадорликда айбланиб, минглаб диндорлар қамоққа олинган ва ҳануз олинмоқда.

Бу оқимлар ҳам Марказий Осиё ҳукуматлари айтаётгани каби ҳақиқатда ҳам жамиятга, конституцион тузумларга хавфлими? Бундай диний оқимлар ҳақиқатан ҳам минтақага, хусусан, Ўзбекистонга кириб келганми, уларнинг мақсади нима?

Бугунги мусулмон жамоатчилиги, зиёлилари, олимларининг бундай оқимлар ҳақидаги фикрлари қандай? Умуман, аксар ўзбекистонлик диндорлар ва зиёлилар бугун баҳс қилаётганидек, аслида бундай исломий оқимлар борми ёки йўқми?

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бугунги сонида ҳам ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз ва бу йўлда Ўзбекистондаги расмий манбаларда бу оқимларга берилган таъриф билан танишамиз ҳамда ўзбекистонлик икки диндор – илм толиби Тоҳир Умар ҳамда таниқли уламо Обид қори Назаровлар билан суҳбатлашамиз.

“Ихвонул-муслимийн” оқими ҳақида расмий манбалар нима дейди?

Дастлаб, Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида бу оқимга бериладиган умумий таърифлардан бирига эътиборингизни тортамиз:

“Ал-Ихвон ал-муслимун – 1928 йили Мисрнинг Исмоилия шаҳрида мисрлик шайх Ҳасан ал-Банно томонидан ташкил этилган диний-сиёсий ташкилот. Ҳасан ал-Банно панисломизм ғояси асосида жиҳод, исломий миллатчилик, исломий давлат таълимотларини ишлаб чиқди. Ал-Ихвон ал-муслимун кураш услуби сифатида террорни қўллаш даражасига етган сиёсий ташкилотдир”.

Бу Ўзбекистондаги расмий манбаларда “Ихвонул-муслимийн” диний оқимига берилган таъриф ва бу таърифга кўра, айни оқим террорчилик фаолиятини олиб боради.

Ихвонул-муслимийн ҳақида Тоҳир Умар фикри

“Бу тўғрими ва аслида бу қандай оқим?”, деб савол бердик ўзбекистонлик илм толиби Тоҳир Умарга.

- Буни ҳам аслида оқим, деб бўлмайди. “Ихвонул-муслимийн” дегани “Мусулмон биродарлар” дегани. Бу ўша ўтган асрда Мисрда пайдо бўлган мусулмон диний ҳаракати. Ўша даврда “исломий ҳаëтни қайта тиклаймиз”, деган мақсад билан бир мактаб ўқитувчиси Ҳасан ал-Банно деган киши асос солган дейишади. Қандай тушуниш керак? Бу бир алоҳида фирқа¸ жамоат бўлиб чиққан эмас. Эътиқоди ва ақидаси жиҳатидан мутлақо Аҳли сунна вал-жамоадан фарқ қилмайди. Тўртта мазҳабнинг қай бирига амал қилса ҳам ҳақиқий мусулмон биродар ҳисобланади. Лекин улар ўзларининг олдига “Мисрда исломий ҳаëтни тиклаймиз”, деган мақсадни қўйишиб¸ шу йўлдаги ҳаракатлари уларни кейинчалик мана шу сиëсатчилар тарафидан террористик ташкилот, деб айбланган. Буни шундай тушунишимиз керакки¸ “Ихвонул-муслимин” исломда чиққан Ҳизбут-таҳрирга ўхшаган алоҳида фирқа эмас.

Тоҳир Умар бундай ҳаракат Ўзбекистонда мавжуд эмас, деган фикрда.

- Ўзбекистонда “Ихвонул-муслимийн” деган жамоатга аъзо одамларнинг ўзи йўқ. “Ихвонул-муслимийн” ўзи Ўзбекистонда умуман йўқ.

Озодлик: Нимага асосланиб шунақа деяпсиз?

- Ҳизбчилар мавжуд. Чунки мен турмада ўтирганларнинг ҳаммасини деярли биламан. Лекин “Ихвонул-муслимийн” деган жамоатнинг аъзоси Ўзбекистонда йўқ.

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон қамоқҳонасида диний экстремист тамғаси билан ўтирган Тоҳир Умарнинг сўзларини эшитдингиз.

Ихвонул-муслимийн ҳақида Обид қори Назаров фикри

Ўзбекистонлик таниқли уламо Обид қори Назаров эса бу ҳаракатга қисқагина таъриф берди:

- “Ихвонул-муслимийн” мусулмонларнинг ичида сиëсий жамоа бўлиб кўзга ташланган. Улар ҳам исломни ҳамма жиҳатлари билан қамраб оладиган мусулмонликнинг барча ҳақлари ҳақида сўз юритадиган¸ сиëсатга ҳам кўпроқ эътибор берадиган жамоа. Буларнинг ҳар бирларини ижобий томонлари ҳам бўлади¸ салбий томонлари ҳам бўлади. Қайси бири кўпроқ бўладиган бўлса¸ ўшанисига қараб туриб баҳо берилиши мумкин.

Жамоати таблиғ – расмийлар нима дейди?

Навбатдаги диний оқим эса “Жамоати таблиғ” диний оқимидир. Бу оқим Ўзбекистонда 2005 йилга келиб тилга олинди ва шу йилда “таблиғчилар” деган тамға остида бир неча диндорлар гуруҳи Тошкент шаҳри, Хоразм вилоятларида судга тортилди. Бу оқим худди шу вақтда Россияда ҳам ашаддий террорчи ташкилот сифатида қаттиқ қораланаётган эди.

Бу жараёнлардан хабари бор тингловчиларимиз, наманганлик диндор Алишер Усмонов устида икки давлат махфий хизматлари амалга оширган амалиётни ёдга олсалар керак. Усмонов Қозонда қўлга олинган ва зудликда Ўзбекистонга топширган эди. Ўшанда Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати “таблиғчи” деб ҳибсга олинган диндорга шундай таъриф берган:

“1992 йилда Намангандаги "Хасти Ҳизир" масжидига имомлик қилган Усмонов “Таблиғ” ҳаракати эмиссарлари топшириғи билан ташкилотга янги аъзоларни жалб қилиш билан шуғулланган ва тез-тез Чеченистонга сафар қилиб, чечен экстремистлари билан тарғибот-ташвиқот ишларини юритган. Экстремистик руҳдаги адабиётларни тарқатган”

“Жамоати таблиғ” ҳақида Тоҳир Умар фикри

Тоҳир Умарнинг эса таблиғчилар хусусида фикри бошқачароқ:

- Ҳар бир мусулмон киши учун ўзи билган нарсани Қуръонни¸ ҳадисни¸ оятни инсонларга етказишлиги фарз ҳисобланади. “Жамоати таблиғ”га Ҳиндистонда асос солинган. Улар: “Исломни бутун оламдаги халқларга етказамиз”, деб ўзларининг олдига маълум бир нарсани дастур қилиб олганлар. Буни ичида мазҳабий ихтилофларга аралашмайди. Сиëсатга аралашмайди. Фақат исломдаги тўртта¸ бешта нарсага чақиради. Бир ойлик¸ 40 кунлик¸ 3 ойлик таблиғ у ëқ-бу ëққа бориб юради. Даъватчи ҳаракат бу. Булар ҳам эътиқоди жиҳатидан алоҳида фирқа ҳисобланмайди.

Тоҳир Умар “Жамоати таблиғ” террорчи диний оқим, деган фикрга қўшилмайди.

- Улар ҳеч қандай сиëсатга ҳам аралашмайди¸ улардан давлатга ҳам ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Таблиғ дегани умуман беозор¸ мўътадил бир жамоат.

“Жамоати таблиғ” ҳақида Обид қори Назаров фикри

Ўзбекистонлик таниқли уламо Обид қори Назаров фикрича ҳам аслида таблиғчилар ҳаракати бугун Ислом оламига наф келтирмоқда.

- Уларнинг кўпроқ ижобий баҳо олиши мумкин бўлгани “Жамоати таблиғ”. Чунки уларнинг мусулмонлар учун келтираëтган фойдалари кўп.

Аммо бу оқим ҳақида мусулмонлар хушёр бўлиши зарур бўлган айрим жиҳатлар бор.

- “Ягона Ҳақ йўл мана шундан иборат. Ҳамма фақат бизнинг жамоага аъзо бўлиши лозим. Бошқа йўлларнинг фойдаси йўқ. Мусулмонлардан исломга фойда йўқ”, деган даъво қилса ëки шундай тушунчада бўладиган бўлса¸ бу албатта жуда катта хато бўлади. Бу уларнинг салбий томони бўлади. Уларнинг сўзлари ва дастурларида бунақа гаплар бўлмаса ҳам, баъзи бир аъзоларини оғзидан шунақа сўзлар чиқиб кетиб қолади. Яъни бир томонлама чуқур кетиб қолса¸ ўзининг қилаëтган ишини ҳамманикидан устун деб билиб¸ ўзига-ўзи ортиқча бино қўйиб юбориш¸ қилаëтган ишига катта баҳо бериб юбориш бу кибр¸ риë бўлади. Бу ҳар қандай мусулмон гуруҳлари ичида ҳам учраб туради. Бу жиҳатлари нотўғри бўлади албатта.

Салафийлар минтақа расмийлари нигоҳида

Марказий Осиё давлатларида таъқиқлана бошлаган яна бир диний оқим “Салафийлар” оқими деб аталмоқда.

Кейинги вақтларда, айниқса, Тожикистон ҳукумати бу оқимга қарши жиддий ҳаракатлар бошлади. Уларга қўйиладиган асосий айблов – жамиятга таҳдид солганлик ва бу оқимнинг ҳаракати конституцияга зиддир. Ўз вақтида Тожикистон расмийларидан бири бу оқим ҳақида шундай баёнот берган эди.

“Молиявий таъминот яхши бўлган ва моҳирлик билан бошқарилган тақдирда бу ҳаракат хавфли тус олиши мумкин. “Ал-Қоида”, “Исломий жиҳод” ва бошқа ҳаракатларнинг ҳаммаси салафийлик оқимларидир. Ҳозирда Тожикистондаги салафийлар оқими ҳаракати хориждан молиялаштирилмоқда, деб айтишимиз учун асослар бор”.

Бу ҳаракат қўшни Қозоғистонда ҳам террорчи ташкилот номини олган. 2007 йилда 10 киши террорчилик ҳуружини амалга оширганликда айбланиб, судга тортилганда катта шов-шув бўлган эди.

Шу тариқа, Марказий Осиё давлатларида қатор диний оқимлар диний экстремистик ҳамда террорчи оқимлар, деган ном остида таъқиқланди, қораланди ва шу кунларга қадар диндорлар бу тамғалар остида қамоққа олинмоқда.

“Минтақа расмийлари оқимларга қарши кураш баҳонасида мусулмонлар босим ўтказмоқда”

Бугунги суҳбатдошларимизнинг ҳар иккиси —Тоҳир Умар ва Обид қори Назаров, МО ҳукуматлари айбловлари, асосан, сиёсий манфаатларга асосланган ҳам бундай оқимлардан ҳукуматлар мусулмонларга босим ўтказиш йўлида фойдаланмоқда, деган қатъий фикрда.

Айни вақтда мусулмонлар, аҳли сунна вал-жамоа аҳли билиб қўйиши зарур бўлган баъзи кичик жиҳатлар ҳам борки, булар ҳақида яна Обид қори Назаров гапиради.

- Ўзи аҳли сунна вал жамоа эътиқоди битилган китоблар¸ рисолалар бор. Ўшаларни ўқиб олишимиз керак. Шунда эътиқодимиз¸ тушунчамиз¸ фикримиз тўғри бўлади. Аҳли сунна вал жамоа бу энг аввало эътиқод¸ ақида¸ тушунча¸ фикр. Ўша ақидани эгаллаб кейин амалиëтга тадбиқ қилинади. Қайси жамоа бўлса ҳам аҳли сунна вал жамоанинг ақидаси битилган рисолаларни маҳкам ушлаб¸ ўша қоидалардан келиб чиқиб иш қилаëтган бўлса¸ бу эътиборга лойиқ бўлади. Ана ундан кейин унинг амалига¸ дунëда қилаëтган ишларига қараймиз. Жамоалар ҳақида қисқача гапирганда шу. Яъни аҳли сунна вал жамоа ичида бўлимлар¸ ҳар хил йўналишлар бор. Хатоси бор. тўғриси бор. Қуръонга¸ ҳадисга саҳиҳ йўлга солиштириб кўриш керак бўлади. Бунинг учун инсонда албатта диндан илм¸ тушунча бўлиши керак. агар ўзи билмайдиган бўлса¸ биладиганларга доимо боғланиш керак. Қуръонга¸ ҳадисга¸ аҳли сунна вал жамоа йўлига уламоларимиз қадим ўтган аждодларимизнинг қолдирган меросларига¸ йўлларига қай даражада мувофиқ келаяпти ëки унинг акси. Шунга қараб биз уларга баҳо берамиз.

Бугунги дастуримизда Ўзбекистон ва Марказий Осиёда “таъқиқланган диний экстремистик ташкилот” дея номлари тилга олинаётган диний оқимларнинг айримларига нисбатан расмий манбалар ва ўзбекистонлик дин уламолари берган таърифларни эътиборингизга ҳавола этдик.
XS
SM
MD
LG