Линклар

Ўзбек пайшанбаликсиз қоладиган кўринади. Ошни назарда тутаяпман¸ паловхонтўрани. Ҳар қалай¸ Ўзбекистон бозорларидаги гуруч нархига қараб¸ шундай фикрга келдим.

Бошқа халқларда қандай экан, билмадигу, лекин ўзбекнинг таомномасида икки кун: пайшанба ва якшанба ош билан банд. Шу кунлари ўзбек уй бекаси: “Кечқурунга нима пиширсам экан”, деб бош қотирмайди - ОШ пиширади.

Лекин куни кеча Фарғона вилоят Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи тингловчимизнинг айтганларини эшитар эканман, ўзбекнинг ош ейиши ҳам қийинлашиб қолганини ўйладим. “Бу кетишда ўзбек пайшанбаликсиз қолиб кетади-ёв”, деган фикрга бордим.

- Оддий, хўраки гуруч 2500 сўм тепасида. 3000 сўмга ўртача гуруч оласиз, - деди тошлоқлик суҳбатдошимиз.

Демак, оддий гуруч 2 долларнинг устида. Унутмай туринг.

“Хитойдан келтириладиган гуручнинг ўзи килоси 2500 сўм. Ўзимизда етиштириладиган дурустроқ гуруч оламан десангиз - 3000-3500 сўм, 5000 сўмгача бор. Ўзганнинг девзиралари 5500 сўм ҳозир”.

Бир кило девзира гуручни Фарғонада 4 доллардан кўпроқ пулга сотиб олиш мумкин экан.

Демак, Фарғонада бир кило гуруч навига қараб

2 доллару 20 центдан қарийб 4,5 долларгача.

Бу нархни эшитиб, водийга туташ икки қўшни республикадаги гуруч нархига қизиқдик.

Қирғизистоннинг Ўшидан эшитинг:

"Магазин гуручлари бизда йўқ бўлиб кетган. Қўлда сотиладиган оқ гуручлар, ҳалиги Хитойдан келтириладиган гуручлар ва ўзимизни Аравон гуручлар 60 сўм".

60 қирғиз сўми бир ярим доллар бўлади. Бу оддий гуручнинг нархи.

"Девзира гуручнинг нархи 75 сўмдан 100 сўмгача".

Демак, девзиранинг сифатсизроғи 1 доллар 90 цент, сифатлироғи 2 ярим долларга бормайди. Бу Ўшдаги нарх.

"Ўзганда 70-75 сўм. Биздаги 95 сўмлик гуручлани Ўзганда 75 сўмга оласиз".

Ўзган - девзира гуручнинг ватани. Демак, бу ерда бир кило энг сифатли девзира 1 доллару 90 цент.

Хўжандда неча пул гуруч?

Ҳамкоримиз Садриддин билиб берди нархларни:

"Хўжандда, умуман, Сўғд вилоятида бир хил гуруч истеъмол қилишади. Гуручнинг номи “кенжа гуруч”. Бозордаги нархи 6.5 сомонидан 7.5 сомонигача. Бу тахминан 2 доллар атрофида. Бозорда девзира гуручлар ҳам бор. Улар нархи 8-10 сомони атрофида. Бу тахминан 2.5, 3 долларга тенг".

Демак, Хўжандда ҳам 1 кило гуручнинг нархи салкам 2 доллардан салкам 3 долларгача.

Хулоса: гуруч Ўзбекистонда Тожикистонга қараганда ҳам, Қирғизистонга қараганда ҳам қиммат. Оддий гуруч бир ярим, девзира икки баравар қиммат.

Шунинг учун айтдик-да ўзбек пайшанбаликсиз қолаяпти, деб.

Нега шундай?

Бу савол жавобини кейинги ҳафтада алоҳида таҳлил қиламиз.

XS
SM
MD
LG