Линклар

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги кузатилмоқда


Кейинги кунларда ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатида кескин ўзгариш кузатилмоқда.

Кейинги кунларда ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатида кескин ўзгариш кузатилмоқда.

Ўзбекистонда дунё бўйлаб кузатилаётган глобал молиявий инқирознинг илк таъсири сезила бошлади.

Кейинги ойда мамлакатнинг айрим жойларида нафақа пуллари, ойлик маошлари ўз вақтида берилмаётганлиги кузатилмоқда. Бу ҳолат айнан молиявий инқироз таъсири билан боғлиқлиги ҳақида ёзади uzmetronom.com интернет нашри.

Нафақа ва маошлар кечикаётганини мамлакат ичкарисидаги манбаларимиз ҳам тасдиқладилар.

Қора бозорда ҳам нақд пул камëб

Самарқандлик Комилжон Ашуровнинг айтишича, вилоятда пенсия пулларини ўн кун кечикиб берилаяпти, баъзи жойларда ҳатто йигирма кунга кечикмоқда.

Бухоролик Бобомурод Раззоқов вилоятда нафақа пуллари ва ойлик маошлари ўз вақтида берилаётганини, лекин улардан 7 фоизи банк томонидан ушлаб қолинаётганини маълум қилди. Мутасаддилар бунинг сабабини нақд пул етишмаслиги билан изоҳлашган.

Фарғоналик Абдусалом Эргашевга кўра эса вилоятда нақд пул етишмаслиги қора бозорда сезилмоқда. У ерда ўзбек сўми етишмаяпти.

Хоразмдаги банклардан бирида ишлайдиган манбанинг айтишича, бу ҳолат ҳақиқатдан ҳам банкларда нақд пул миқдорининг камлиги билан боғлиқ. Манбанинг қайд этишича, ҳар йили пахта терими мавсумида нақд пул муаммоси кузатилади.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Комрон Алиевга кўра, бу ҳолатни пахта мавсуми билан боғлаш нотўғри:

- Ўзбекистонда ҳақиқатдан ҳам нақд пул тақчиллиги юзага келди. Октябр ойи пенсиялари кечикиш билан берилди. Лекин бу ҳолат вақтинча эмас, узоқроқ вақтга давом этади, - деди Комрон Алиев.

Инқироз Ўзбекистон иқтисодиётига қай томондан таъсир этиши мумкин?

Ўзбекистонда кузатилаётган нақд пул муаммоси глобал молиявий инқироз билан боғланар экан, айни иқтисодий таназзулнинг Ўзбекистонга таъсир даражасини ўрганишга ҳаракат қилдик. Бу борада Ўзбекистон Банк-молия академияси ходими Тўлқин Бобоқулов глобал молиявий инқирознинг Ўзбекистонга таъсири бўйича қатор жиҳатларни келтиради.

- Биз халқаро кредитларни, асосан, ҳалқаро молия марказларидан жалб қилаяпмиз. Ривожланган мамлакатлардан хорижий инвестициялар жалб қилаяпмиз. Уларда молиявий инқирознинг юзага келганлиги ана шу заҳиралар билан боғлиқ таклифни камайтиради. Демак, уларда ресурслар таклифи камайса, биз айни ресурсларни жалб қилиш имкониятидан маҳрум бўламиз, - деди Ўзбекистон Банк-молия академияси ходими.

Тўлқин Бобоқуловга кўра, Ўзбекистондаги маҳаллий банклар йил сайин халқаро банк тизими билан интеграциялашиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистондаги 120 дан ортиқ маҳаллий банкнинг хорижий банкларда вакиллик ҳисоб рақамлари мавжуд бўлиб, молиявий инқирознинг Ўзбекистонга таъсири бу борада ҳам салбий бўлиши мумкинлигини айтади мутахассис.

- Хориждаги вакил банкларда муаммо пайдо бўлса, уларнинг бизга молиявий хизмат кўрсатиш имконияти ҳам камаяди. Бу эса банк мижозлари иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, - деди Бобоқулов.

Тўлқин Бобоқуловга кўра, глобал молиявий инқирознинг Ўзбекистонга таъсиридаги учинчи жиҳат Ўзбекистоннинг Европадаги нуфузли банкларга жойлаштирган хорижий валютадаги маблағлари билан боғлиқ.

- Биз Европадаги жуда нуфузи баланд, барқарорлик даражаси юқори бўлган бир нечта банклардан даромад оламиз. Улар биз банкларга қўйган пулларимиз учун фоиз тўлашади. Ҳозирги кундаги молиявий инқироз биз шу пайтгача ишониб келган Европадаги манаман деган, йирик банкларни ҳам оғир аҳволга солиб қўйди. Агар улар муаммодан чиқиб кета олмаса, банкларга қўйилган маблағларнинг қайтмаслиги хавфи юзага келади, - Тўлқин Бобоқулов.

Иқтисодчи Комрон Алиев глобал молиявий инқирознинг Ўзбекистонга таъсири юзасидан бошқа бир омилни тилга олади.

- Ўзбекистон ҳалқаро бозорга маҳаллий маҳсулотларини чиқаради. Масалан, газ, нефть, пахта толаси, уран, кимёвий маҳсулотлардан ўғит сотилади. Молиявий инқироз натижасида бу маҳсулотларга нисбатан талаб камаяди. Чунки хорижий давлатларда иқтисодий таназзул натижасида иқтисод тўхтаб қолаяпти, - деди таҳлилчи.

“Европага нисбатан кам зарар кўрамиз”

Ўзбекистон Банк-молия академияси ходими Тўлқин Бобоқулов молиявий инқирознинг Ўзбекистонга таъсири Европа давлатларига нисбатан анча паст бўлади, деган фикрда.

- Чунки Ўзбекистон банк тизимига хорижий банкларнинг иштироки жуда паст. Масалан, Шарқий Европада 53 % дан ошиқ экан. Буларга инқирознинг таъсири кучли бўлади. Хорижий банкларнинг Ўзбекистондаги банк тизимларидаги активларида улуши катта эмас. Ўзбекистонда бор-йўғи бешта хорижий капитал иштирокидаги банк фаолият кўрсатмоқда. Лекин булар ҳам қўшма банк бўлиб, уларнинг активлари жуда кичик. Ўзбекистондаги хорижий капитал иштирокидаги банклар жами маҳаллий банклар активларининг 10 фоизини ҳам ташкил қилмайди. Шунинг учун Ўзбекистонга молиявий инқирознинг таъсир даражаси Шарқий ёки Ғарбий Европа мамлкатларига нисбатан жуда паст бўлади, - деди Бобоқулов.

Таҳлилчиларга кўра, жаҳон молиявий инқирозининг Ўзбекистонга таъсирида маҳаллий ишлаб чиқариш кўлами нисбатан камайиши мумкин, лекин Ўзбекистонда аҳолининг жамғармаларга қизиқиши камлиги ва мамлакатда ипотека ҳамда суғурта тизими кенг кўламда ривожланмаганлиги сабабли бу соҳаларда иқтисодий бўҳрон кузатилмайди.
XS
SM
MD
LG