Линклар

logo-print

Россия сувости кемаси ҳалокатга учради

  • Фаррух Юсуфий

"Курск" ядровий сувости кемасида торпедо портлаши оқибатида 2000 йилда кема экипажининг 118 аъзоси ҳалок бўлган

"Курск" ядровий сувости кемасида торпедо портлаши оқибатида 2000 йилда кема экипажининг 118 аъзоси ҳалок бўлган

Россиянинг ядровий сувости кемасида рўй берган ҳалокатда йигирмадан зиёд денгизчи нобуд бўлди, 21 нафари жароҳатланди.

Ҳалокат шанба куни Тинч океани флотига қарашли ядровий сувости кемасида содир бўлди.

- Тинч океани флоти полигонида, Япон денгизи сув ҳудудларида ядровий сувости кемаларидан бирида ўтказилган жорий синовлар пайтида ўт ўчириш тизимининг тасодифан ишга тушиб кетиши оқибатида йигирмадан зиёд одам ҳалок бўлди, 21 нафари жароҳатланди, - дея маълум қилди якшанба куни Россия Ҳарбий флоти матбуот вакили Игорь Дигало.

Дигалонинг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида денгизчи ва кемасозлар бўлган. Россия ҳарбий флоти расмийларига кўра, воқеа пайтида сувости кемасида 208 киши, улардан 81 нафари денгизчи бўлиб, қолгани кемасоз техниклар ва мутахассислар бўлган.

Жароҳатланганлар қутқарув кемасида Узоқ Шарқдаги Владивосток шаҳрига олиб борилган.

И. Дигало сув ости кемасидаги ядровий реакторларга зарар етмагани ва радиоактив моддалар ташқарига сизиб чиқмаганини баён қилди:

- Сув ости кемасига зарар етмаган. Кема бўлмалари вентиляция қилинди. Алоҳида қайд этаманки, асосий энергетик иншоот, яъни ядровий реактор, нормал режимда ишламоқда. Кемадаги радиацион фон нормада, - дея таъкидлаган ҳарбий флот расмийси воқеа содир бўлган кеманинг номини ошкор қилмади.

У кема бортидаги ўт ўчириш тизимининг қай тарзда тасодифан ишга тушиб кетгани тафсилотларига ҳам тўхталмади.

Россий хабар агентликларининг исми ошкор қилинмаган манбага таяниб хабар қилишларича, тизимда ишлатиладиган кимёвий моддалар хатолик билан чиқариб юборилган ва одамлар заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган.

Шанба кунги бахтсиз воқеа 2000 йилда торпедо портлаши оқибатида “Курск” ядровий сувости кемасининг чўкишидан бери энг талафотли ҳалокат бўлди. Баренц денгизида чўккан “Курс” кемаси билан экипажнинг 118 аъзоси ҳалок бўлган эди.

2000 йилдаги ҳалокатда тегишли чора кўрмагани учун танқидлар остида қолиб кетган Кремль бу сафар тезкор чораларни кўришга ошиқди.

Кремл матбуот вакилига кўра, президент Дмитрий Медведев воқеа юзасидан тўлиқ тергов ўтказишни буюрган.

Россия Мудофаа вазирининг биринчи ўрибосари Александр Колмаков ҳарбий флот бошлиғи адмирал Владимир Висоцкий билан бирга воқеа жойига жўнаб кетди.

2003 йилда Россиянинг К-159 сувости кемаси бузиш учун портга олиб кетилаётганда Баренц денгизида чўкиши оқибатида тўққиз денгизчи ҳалок бўлган эди. Ўшанда воқеада бир киши омон қолганди.

2005 йилда эса Британия қутқарувчилари Тинч океанида ҳалокатга учраган Россия сувости кемаси экипажини қутқариб олган эди.

Россия кейинги йилларда ғарб билан муносабатлари таранглашгани шароитида ўзининг ҳарбий қудратини тиклашга ҳаракат қилмоқда.

Айни кунларда Россия ҳарбий флоти эскадраси жорий ойда АҚШ сув ҳудудлари яқинида ҳарбий машқлар ўтказиш мақсадида Венесуэллага йўл олган.
XS
SM
MD
LG