Линклар

logo-print

Ўзбекистонда доллар нархи ошди

  • Алишер Сиддиқ

Аксар ўзбекистонликлар учун АҚШ доллари ҳамон ўтда ëнмас¸ сувга чўкмас валюта бирлиги бўлиб қолмоқда.

Аксар ўзбекистонликлар учун АҚШ доллари ҳамон ўтда ëнмас¸ сувга чўкмас валюта бирлиги бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон “қора бозори”да АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати йил давомида сақланиб келган чегарадан ўтди.

Айни кунларда Ўзбекистонда норасмий валютачилар қўлидан бир АҚШ долларини 1430-1460 сўмдан сотиб олиш мумкин. Ўтган бир йил давомида бир АҚШ долларининг қиймати 1400 сўмдан ошмай келганди.

АҚШ долларининг бир неча кун ичида 5 фоизгача қимматлашуви инфляция даражаснинг юқорилаши, ўртача иш ҳақи пенсия ва нафақалар миқдорининг оширилиши билан боғлиқ. Бу эса мамлакат ичида нарх-навонинг навбатдаги кўтарилишига олиб келади.

Жаҳон молиявий бўҳрони қабатида АҚШ доллари қиймати дунёнинг бошқа валюталарига нисбатан бир тушиб, бир кўтарилди.

FOREX валюта кўрсаткичларига кўра, АҚШ доллари дунёдаги деярли барча валюталарга нисбатан бир оз қимматлашган. Бироқ бу ҳам ҳали АҚШ валютаси ёки АҚШ иқтисодиётига ишонч ортиб кетганидан далолат бермайди.

Кузатувчиларга кўра, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашмаган Ўзбекистондаги иқтисодий жараёнлар ўз ички қонунларига биноан ривожланиб бормоқда. Бироқ бу мамлакатдаги иқтисодий вазият ҳам кўп жиҳатдан АҚШ пулининг аҳволига боғлиқдир. Мамлакатда АҚШ доллари қийматининг тинимсиз кўтарилишини Ўзбекистон миллий банкининг собиқ ходими мамлакат иқтисодиётининг ҳар жиҳатдан долларга боғлиқлиги билан изоҳлайди.

- Биз экспортимизни фақат АҚШ долларида амалга оширамиз. Шунинг учун давлатга фақат АҚШ валютасида даромад келади. Импортимиз ҳам нақд долларга амалга оширилади. Импортимиз экспортдан кўра кўпроқ бўлганлиги сабабли АҚШ валютасига талаб ошиб бораверади. Шунинг учун долларнинг кўтарилиши фақат мамлакатимиздаги вазият билан боғлиқ бўлиб қолаётир, - деди Ўзбекистон миллий банкининг собиқ ходими.

Ўтган бир неча йил давомида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда валюта “қора бозори”ни чеклашга уринди. Марказий Банк долларнинг расмий қийматини ўрнатиб келади.

Тижорат банклари Марказий Банкга қараб ўз қийматини ўранатади. “Қора бозор”да эса доллар қиймати ҳақиқий талаб ва таклиф асосида белгиланади. “Қора бозор”нинг бундай ғаройиб яшовчанлиги унинг бозор қонунлари асосида табиий равишда фаолият юритаётганлиги билан боғлиқ.

- Банклар ўзлари белгилаган курс бўйича одамларга валюта сотмайди. Сотиб олаётганлар бўлса ҳам, уларнинг ҳаммаси ўзларига яқин одамлардир. Банклар валютани кимга сотишларини ва кимлардан “откат” олишини ўзлари билади, – деди ЎМБ собиқ ходими.

Инфляция даражасининг юқорилиги миллий валютага бўлган ишончни камайтириб юборди. Мамлакат ичкарисидаги уй-жой каби йирик олди-соттиларнинг ҳаммаси долларда амалга оширилади. Валюта “қора бозори”нинг сақланиб қолишидан кўпчилик манфаатдор бўлиб қолаётир. Таниқли журналист Алишер Таксановнинг таъкидича, “қора бозор” авваломбор ўта йирик валюта операцияларини амалга ошираётган давлат мулозимларига керак.

- Банклар “қора бозор”нинг мавжуд бўлишидан энг кўп манфаат кўради. Менинг ишонишимча, улар ўз активларининг бир қисмини “қора бозор”да яширинча операциялар учун ишлатади. Бундай операциялардан улар ҳеч қандай солиқ тўламайди, - деди Алишер Таксанов.

Жорий йил июл ойида дунёнинг деярли барча валюталарига нисбатан мисли кўрилмаган даражага тушган АҚШ доллари жорий молиявий бўҳронга қарамасдан аста-секин яна вазн йиғмоқда. Ҳозирга келиб долларнинг бошқа валюталарга нисбатан қиймати ўтган йил даражасига тенглашиб қолди. Бироқ халқаро бозорда долларнинг қимматлашуви Ўзбекистонга валюта оқимини салмоқли равишда камайтириши мумкин.

Дунё бўйлаб долларнинг кўтарилиши кўпроқ хориждаги меҳнат мухожирларини ранжитди. Кореяда ишлаётган Умиджон доллар қийматининг ўсиши оқибатларини бевосита ҳис қилган миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирларидан биридир.

- Илгари бир миллион “вон” олган бўлсак, минг долларга алмаштирар эдик. Ҳозир бир доллар бир миллион тўрт юз бўлаяпти. Ҳозир ҳеч ким пул жўнатмай қўйди. Қишда яна тушиб қоладими, деб, чўнтагида, банкда сақлаб юрибди ҳамма, - деди суҳбатдош.

Шундай қилиб, доллар қийматининг ташқи омиллардан қатъий назар, Ўзбекистонда ошиб боравериши ва долларнинг халқаро майдонда мустаҳкамланиб бораётгани Ўзбекистон фуқароларига икки томондан зарба етказмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг ойликлар ва нафақаларни ошираётгани эса, кузатувчилар фикрича, фақатгина бозорда саросимага сабаб бўлаётир.

XS
SM
MD
LG