Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:09

Қирғизистонда 40000 бола мактабга боролмайди


Қирғизистонлик айрим болалар оилавий шароит тақазоси билан мактабда ўқиш ўрнига аравакашлик қилиб пул топишга мажбур бўлмоқдалар
Қирғизистонлик айрим болалар оилавий шароит тақазоси билан мактабда ўқиш ўрнига аравакашлик қилиб пул топишга мажбур бўлмоқдалар

10 ноябр куни Қирғизистонда ёшлар куни нишонланди. Байрам арафасида эълон қилинган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатдаги 40 минг бола мактабга бориш имкониятидан маҳрум бўлган.

Бу ҳақда Бишкекдаги нодавлат ташкилотлари ва тегишли ҳукумат идоралари ахборот тарқатдилар.

Болалар уч сабабга кўра мактабни тарк этмоқдалар

Расмий маълумотларга кўра, болаларнинг мактабга бориш имкониятлари чекланаётганинг бир неча сабаблари бор. Биринчиси, айрим мактабларда тарбияси қийин ўқувчилар томонидан норасмий тарзда қамоқхона тартибларининг жорий этилгани, иккинчиси, мактабларнинг пулли тартибда таълим бериш принципларига ўтаётгани ва учинчиси, мамлакатдаги иқтисодий қийинчилик туфайли қашшоқ оилалар фарзандларининг меҳнат қилишга мажбур бўлаётгани. Бишкек бозорларида айни учинчи сабаб туфайли мактабга бора олмаётган болаларни учратиш мумкин. 14 ёшдаги Олтиной ҳам ана шундай болалардан бири:

- Бозорга соат иккиларда келаман ва соат бешларгача бу ерда ишлайман, - дейди Олтиной.

Бу қизалоқ оиласининг ягона боқувчисидир. Унинг отаси йўқ, онаси эса касалманд укаси билан уйда ўтиришга мажбур.

Фермерларнинг болалари ҳам дарсдан қолиб кетаяпти

Қирғизистон ижтимоий ҳимоя ва меҳнат вазирлиги расмийси Вера Сасиқбоеванинг айтишича, қашшоқ оилалар фарзандлари билан бир қаторда фермерларнинг болалари ҳам йиғим-терим мавсумида мактабга бормай қолаётир.

- Тадқиқотларимиз натижасида маълум бўлишича, ўртаҳол оилалар, масалан, фермерларнинг фарзандлари ҳам мактаб дастуридан орта қолмоқда. Натижада ўқишга бўлган қизиқиш сусайиб, қишлоқ болаларининг кўпчилиги мактабни тарк этмоқда, - деди Венера Сасиқбоева.

“Мактаб рэкети” ҳам ўқувчиларни дарсдан бездирмоқда

Айни пайтда болаларнинг бир қисмини мактабга қайтариш учун айрим ўқув даргоҳларида авж олган “рэкетчилик” ҳаракатини тўхтатиш зарур, деган фикрлар ҳам мавжуд. Мактаблардаги тарбияси қийин ўқувчилар бу ерда қамоқхона қонунларини жорий этиб, ўқувчилардан “ўлпон” йиғиш жараёнини йўлга қўйганлар.

Норин вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотига кўра, вилоятдаги мактаб ўқувчиларининг саксон фоизи мана шундай вазиятда ўқимоқдалар. Бундай тартибга қарши кураш учун айни пайтда қирғизистонлик ўқувчилар “Ташаббус” ҳаракатини ташкил эта бошладилар.

Пулли мактаблар кўпайиши яхшими ё ёмон?

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Назгул Турдубековага кўра, “Ташаббус” ўқувчилар ҳаракати болаларнинг мактабга қайтиши учун тўлақонли асос бўла олмайди. Ҳуқуқ ҳимоячиси бугунги кунда мактабларнинг кўпчилиги пулли асосда таълим беришга ўтиб бораётгани қонунчиликка зид экани ҳақида гапирди:

- Пулни вақтида тўлай олмадинг, ўқишинг яхши эмас, деган баҳоналар билан болаларни мактабдан ҳайдаш ҳолатларига ҳам эътибор қаратмоқ зарур, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қирғизистон маориф вазири ўринбосари Анатолий Иванников эса бу фикрга қўшилмайди. Унга кўра, ҳақ тўланмайдиган таълим энг сифатсиз бўлади. Шунинг учун ҳам ота оналар ўз ихтиёрлари билан пулли мактаб тизимнинг пайдо бўлишига ҳисса қўшмоқдалар.

Айни пайтда маориф вазири ўринбосари қонун бўйича Қирғизистон ҳукумати бепул таълимни кафолатлаганини ҳам эслатиб ўтди.

Маориф вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб 40 минг боланинг мактабга бора олмаётгани мутахассислар томонидан таҳлил қилинмоқда ва тез орада бу болаларни мактабга қайтариш чора тадбирлари амалга киритилади.

XS
SM
MD
LG