Линклар

ЕИ Кремл билан сўзлашув тарафдори


ЕИга аъзо давлатлар орасида Россия билан ҳамкорлик келишуви юзасидан музокараларни давом эттириш тарафдорлари кўпайиб бормоқда.

Мазкур музокаралар жорий йилнинг сентябр ойида Москва ва Тбилиси ўртасидаги ҳарбий можародан сўнг номаълум муддатга тўхтатилган эди.

Буюк Британия ва Швеция ҳукуматларининг биргаликда эълон қилинган баёнотида Россия билан музокараларни давом эттириш, жумладан энергетика, савдо-сотиқ соҳалари ва иқлим ўзгариши каби масалаларда ҳамкорликни ривожлантириш лозимлиги қайд этилган.

10 ноябр куни ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Брюсселда Россия билан ҳамкорлик тўғрисидаги янги шартнома юзасидан сўзлашувларни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилмоқдалар.

ЕИ ташқи алоқалар мутасадисси Хавьер Солана учрашувдан олдин журналистларга мана бундай деди:

“Келишув доирасида Россия билан ҳамкорлик ЕИ ва жаҳон ҳамжамияти манфаати учун хизмат қилади. Оддий алоқалардан кўра, бирон бир келишув доирасида ҳамкорлик қилиш афзалроқдир. Бу оддий ҳамкорликни давом эттириш дегани ҳам эмас. Ўзаро алоқалар янги йўналишда давом эттирилади”, - деди Хавьер Солана.

ЕИнинг кўпгина давлати Россия билан ҳамкорлик сўзлашувларини бошлаш ташаббуси билан чиққан бўлсада, Литва ва Польша бундай ҳаракатга қарши чиқмоқда. Иккала давлат расмийларининг таъкидича, Москва ҳалигача Грузия бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўла бажармаган.
XS
SM
MD
LG