Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:42

Чегарада ўзбекистонлик бангфуруш ушланди


Наркотиклар контрабандаси дунëдаги энг сердаромад бизнес ҳисобланади ва қурол кучи ҳам миллардлаб долларлик бу бизнес йўлига тўсиқ қўя олмаяпти.
Наркотиклар контрабандаси дунëдаги энг сердаромад бизнес ҳисобланади ва қурол кучи ҳам миллардлаб долларлик бу бизнес йўлига тўсиқ қўя олмаяпти.

Жанубий Қозоғистон чегара бошқармасининг маълум қилишича, Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида 25 яшар ўзбекистонлик фуқаро 2 килограммга яқин наша билан қўлга тушган.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик йигит Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасининг “Қазиғурт” чегара-назорат пункти орқали тўртта целлофан халтага солинган 2 килограммга яқин нашани Қозоғистонга олиб ўтаётган пайтда қўлга олинган. Ҳозирда қўлга олинмиш бу шахс катта миқдордаги банг моддасини харид қилиш, уни ташиш ва сақлаш, қайта ишлаш ва ноқонуний йўл орқали чегарадан олиб ўтиш моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилган, дея маълум қилди Жанубий Қозоғистон чегара бошқармаси.

Умрбод қамалиш хавфи ҳам бангфурушларни чўчитмаяпти

Қайд этиш жоизки, жорий йил августида Қозоғистон ҳукумати банг моддаларини ноқонуний савдоси билан шуғулланган шахсни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш ва унинг бор мол-мулкини мусодара қилиш орқали жазоланишини эълон қилганди.

Ўтган ойда эса икки давлат чегара хизмати ва божхона ходимлари ўзбек-қозоқ давлат чегарасидаги назоратни кучайтириш борасида ўзаро битимга келгандилар.

Бироқ, шунга қарамай, қозоқ матбуоти деярли ҳар куни икки давлат чегарасида банг моддалари ноқонуний савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинаётганини маълум қилмоқда.

Ўзбекистонлик бангташирларнинг аксарияти ёшлар

Таъкидлаш жоизки, қўлга олинган бангфуруш ўзбекистонликларнинг аксари 25-35 ёшлар атрофидаги йигитлардир. Бу ҳодисага муносабат билдирган Қозоғистондаги ўзбек мардикор йигитларидан бири Ўзбекистонда оила боқиш учун етарли даромад топиш мумкин бўлган иш топилмаётгани туфайли ёшлар турли йўллар билан пул топишга киришиб кетаётганини айтади.

- Маҳаллада иш йўқ, қийинчилик, нон топиб ейиш ҳам қийин бўлиб кетди, - дер экан мардикор йигит ўзбек-қозоқ чегарасидаги бангфурушларни ҳам бу иш билан шуғулланишга тирикчилик мажбур қилаётган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Иложсизлик ёшларни банг ҳаммолига айлантирмоқда

Ўзбекистонлик таҳлилчи Абдусалом Эргашев ўзбекистонликларнинг банг моддаси билан Қозоғистонда қўлга тушиб қолган тақдирда умрбод қамалишдек қаттиқ жазога ҳукм қилинишдан ҳам қўрқмай банг моддаларини ташиётганларига қатор сабаблар бўлиши мумкинлигини қайд этади.

- Тирикчилик ўтказиш учун бошқа муқобил йўл қолмаганлиги сабабдир бу ишни қилаётганига, зориққандан қилаётгандир?.. Бундан ташқари, ўша наркотрафикка ёлланган одамларнинг кўпчилиги баъзи пайтлари олиб ўтаётган товарнинг нималигини билмасдан, энг асосийси, ҳаммасини олиб ўтиб, шунинг эвазига бола-чақа боқиш ғамида бўлади, - деди Абдусалом Эргашев.

Расмийлар “хўжакўрсин”и бангфурушларга қўл келмоқда

Айни пайтда кузатувчилар минтақа чегараларида ноқонуний банг савдосининг авж олишида расмийларнинг сусткашлиги ҳам катта роль ўйнаётганини таъкидлайдилар. Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев минтақада коррупциянинг чуқур илдиз отгани, минтақа расмийларининг етарлича ғайрат кўрсатмаётгани бангфурушларга қўл келаётганини айтади. Сатпаевга кўра, расмийлар халқаро ташкилотлар олдидаги мажбуриятларни бажаргандек кўриниш ҳамда мамлакатга наркотрафикка қарши курашга ажратилган муайян маблағларни жалб қилиш учун вақти-вақти билан чегараларда банг савдосига қарши амалиётларни ўтказгандек бўлиб турибдилар.

- Минтақа давлатларидаги банг моддалари трафиги муаммосини маълум бир молиявий лойиҳалар орқали ечиб бўлмайди. Марказий Осиё давлатларида ижтимоий-иқтисодий муҳитнинг, сўнгра эса сиёсий муҳитнинг яхшиланиши бу муаммони ҳал қила олиши мумкин, - деди Дўсим Сатпаев.

XS
SM
MD
LG