Линклар

Кичик фермерлар еридан ажрамоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзи ва яқинларини иш билан таъминлаб¸ оиласини аранг боқиб келган минглаб кичик фермер хўжаликлари президентнинг навбатдаги ташаббуси оқибатида оғзидаги ошидан¸ ишлаб турган еридан мосуво бўлди.

Ўзи ва яқинларини иш билан таъминлаб¸ оиласини аранг боқиб келган минглаб кичик фермер хўжаликлари президентнинг навбатдаги ташаббуси оқибатида оғзидаги ошидан¸ ишлаб турган еридан мосуво бўлди.

Ўзбекистонда ўз ихтиёри билан ердан воз кечиш аризасига имзо чекмаган фермерларга милиция ва прокуратура томонидан тазйиқлар ўтказилмоқда.

Фермерлар ерларини йириклаштириш ҳақидаги Президент гаплари ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қароридан сўнг мамлакатда кичик фермерларнинг ерларини тортиб олиш авжига чиқди.

Ерлари тортиб олинган фермерлар шикоят қила бошладилар

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, айни кунларда ерлари зўрлик билан тортиб олинаётган фермерлардан ариза-шикоятлар жуда кўпайди:

- Бизларга фермерлардан жуда кўп телефон қўнғироқлари бўлди. Бундан ташқари, кеча Фарғона ва Қашқадарë вилоятидан бир неча фермерлар мурожаат қилди. Ҳамма жойда президентнинг фармони бўйича ҳокимлар фермерлардан мажбурий равишда “ўз хоҳиши билан” ерини топширишни талаб қилаяпти. Бир хиллари қўрққанидан топшираяпти¸ баъзилари қаршилик қилаяпти. Ҳокимлар фермерларга нисбатан қўрқитув ишларини олиб бораяпти. Ерини топширмаганларга жиноят иши очамиз, деган қўрқитувларни ҳам қилишаяпти, - деди Суръат Икромов.

Ер тортиб олишга милиция сафарбар этилди

Қашқадарёлик фермер ва ҳуқуқ ҳимоячиси Жўра Муродов ҳам Суръат Икромов айтган гапларни тасдиқлайди. Унинг айтишича, маҳаллий ҳокимлар фермерлардан “ўз ихтиёримиз билан еримиздан воз кечдик” қабилида ариза ёздириб олиш учун милицияни ишга солмоқда:

- Фармойишнинг ижроси деб ҳар хил ҳийла-найрангларни ишлатиб, ўзлари “еримдан воз кечаман” ва “шартномани бекор қиламан” деган мазмунда матн тайëрлашган эди. Шуни улар мажбурий ëздириб олди. Ҳозир ким хоҳласа, шунга йириклаштириб бераяпти. Таниш-билишчилик ва қариндош уруғчиликка алоҳида урғу берилаяпти, - деди Жўра Муродов.

Ким кўпроқ “узатса”, ер ўшаники...

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Анвар Муродов вилоятда кичик фермерларнинг ерлари кимошарга талош бўлаётгани, қайси катта фермер ҳокимга катта пора берса, ўшанга ер хатлаб берилаётгани ҳақида гапиради:

- Булар йиллар давомида режаларни бажариб келганларга эмас¸ пул берганларга ерини қолдиришаяпти. Халқ бола-чақасини боқиш учун бутунлай ерга ишониб қолган эди-да. Ким пул берса¸ агар у ўғри ва муттаҳам бўлса ҳам, унга ер ҳам бераяпти¸ фермерлигини энди ташкил қилганларнинг тракторларини ҳам олиб бераяпти. Арзийдиган жойларга жуда ҳам катта миқдорда пул олишаяпти. 10 кишидан иборат қалбаки комиссия тузган. Улар эшак деса ҳам қўл қўйиб беради. Ҳокимдан қўрқади. Улар бюджетдан пул олади-да, - деди

Режани дўндириб бажариш ҳам қутқаролмади

Қумқўрғон туманидаги “Жийдали-Абдулазиз” фермер хўжалиги ҳам қисқариш рўйхатига тушган фермер хўжаликларидан бири. Бу фермер хўжалиги ҳисобчиси Саодат Холтўраеванинг Озодлик радиосига айтишича, улар ҳар йили режани ортиғи билан бажариб келган:

- Режани 105 фоизга бажардик. Буғдойни 115 фоизга¸ пахтани 120 фоизга бажардик. Шу ердаги 115 гектар жойни битта фермерга бериб қўйди, - деди Саодат Холтўраева.

Ҳисобчининг сўзларига кўра, уларнинг ўн етти ярим гектар ерлари ҳам ҳеч кимга ҳеч нарса айтилмасдан ва огоҳлантирилмасдан - шундоққина олиб қўйилган. Ерни ўз ихтиёри билан топшириш аризаси эса фермер хўжалиги раҳбари Урал Холтўраевнинг акасидан милиция ходимлари тазйиқи остида ёздириб олинган:

- Иккита милиция келиб¸ “Бу ер менинг номимда эмас¸ укамнинг номида” деса ҳам аризани алоқаси йўқ кишига ëздириб олган. У кишини фермерликка умуман алоқаси йўқ.

Uzmetronom.com интернет сайти хабарига кўра, Тошкент вилоятининг 95 фоиз фермерлари милиция тазйиқи остида ердан воз кечиш ҳақида “ўз хоҳишлари билан” ариза ёзиб берганлар. Бундай аризаларни ёзишдан бош тортган бошқа фермерлар эса маҳаллий ҳукумат томонидан турли хил тазйиқларга учрамоқдалар.
XS
SM
MD
LG