Линклар

Юсуф Жумани мунтазам қийнашаяпти


Озодликни севган¸ юртини¸ унинг озодлигини орзу қилган шоир бугун Ўзбекистоннинг борса келмас деб номланган Жаслиқ қамоқхонасида¸ ноинсоний шароитда сақланмоқда.

Озодликни севган¸ юртини¸ унинг озодлигини орзу қилган шоир бугун Ўзбекистоннинг борса келмас деб номланган Жаслиқ қамоқхонасида¸ ноинсоний шароитда сақланмоқда.

6-8 ноябр кунлари “Жаслиқ” қамоқхонасида отаси билан учрашган Феруза Жумаева доимий қийноқлар натижасида шоир Юсуф Жуманинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар тарқатди.

Жаслиқ қамоқхонасига бориб Юсуф Жума билан учрашган унинг қизи Феруза Жумева билан телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмади. Учрашув тафсилотларини Озодликка маълум қилган шоирнинг рафиқаси Гулнора Олтиевага кўра, қамоқхонада қолаётган Юсуф Жуманинг аҳволи жуда аянчли.

- “Она, дадамнинг аҳволи жуда ëмон. Аҳволи жуда ҳам ачинарли”, дейди қизим Феруза. “Сен президентнинг шахсий душманисан. Ҳеч қанақа амнистияга ҳам тушмайсан. Бу ердан сенинг ўлигинг чиқади. Шу ерда 5 йил ëтасан”, деб ҳар куни қийнашар экан. “Шеър ëзган қўлларинг шуми?” деб қўлларига уришаркан. Қўлларининг тирноқлари қорайиб кетган. Кўкрагига, бошларига тепиб уришаркан. Кўкрак қафаслари шишиб¸ боши ғурра бўлиб кетибди. Ҳатто оëқларини ҳам тўғри боса олмас эканлар. Қаттиқ калтаклаганларидан оëқларининг тўпиғи синган экан, - деди Гулнора Олтиева.

Феруза Жумаева жорий йилнинг август ойида ҳам “Жаслиқ” қамоқхонасига бориб отаси билан учрашган эди. Ўша пайтда Озодликка берган интервьюсида ҳам Феруза Жумаева отаси Юсуф Жумага нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида гапирган эди.

- 17 декабрдан буëн дадамни шафқатсиз қийнашган. Бундай шафқатсизликка ҳатто ҳайвон ҳам бормайди. Дадам жуда ҳам озиб кетганлар. Ҳатто 40 килограмм ҳам чиқмайдилар. Кўкраклари шишиб кетган. Юракларининг устига уришаркан. Оëқлари шишиб¸ бошлари ғурра бўлиб ëтибди. Оëқларининг остига соатлаб дубинка билан уриб¸ кейин оëқларининг устида ўтирғизиб қўйишар экан, - деганди Феруза Жумаева август ойида берган интервьюсида.

“Жаслиқ” қамоқхонаси, қолаверса, Ўзбекистондаги барча қамоқхоналарнинг матбуот учун ёпиқ ҳудуд экани кўпчиликка маълум. Шу боис ҳам Юсуф Жуманинг Жаслиқдаги аҳволи юзасидан қамоқхона мутасаддилари билан боғланиб, шоир аҳволига доир маълумотларга аниқлик киритолмадик. Аммо Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қийноқлар мавжудлигини ҳар доим инкор қилиб келади.

Ҳозирда қийноқларга солинаётгани айтилаётган Юсуф Жума жорий йилнинг апрел ойида ўзи ва ўғли Бобурга нисбатан сохталаштирилган тан жароҳати етказиш ва ҳокимият вакилига бўйсунмаслик айблари билан маҳкама жараёнига тортилиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Юсуф Жуманинг қамалиши ортида сиёсий мотивлар борлигини таъкидлашади. Шоирнинг ўзи ҳам қамалишидан аввал Озодликка берган интервьюсида сиёсий қарашлари учун доимий назоратда эканлиги ҳақида гапирганди.

- Бизнинг бирор кунимиз милициясиз¸ терговсиз¸ таъқибсиз ўтмайди. Уйимизнинг атрофида кечалари билан МХХ ходимлари айланиб юради. Бизнинг ҳаëтимиз доимо шундай. Ўзбекистонда Каримовнинг номини тутиб очиқдан-очиқ курашаëтган бизнинг оиладай оила йўқ. Бошқалар ҳукумат аъзолари¸ давлат системаси айбдор, дейди. Биз эса Каримов айбдор, деймиз, - деганди Юсуф Жума.

Диссидент шоир қамалганидан буён унинг яқинлари Европа Иттифоқи ва дунёдаги барча демократик давлатлар раҳбарларига очиқ хат йўллаб, Юсуф Жуманинг қамоқхонадан озод қилинишига кўмаклашишни сўраб келмоқдалар.

Юсуф Жуманинг яқинлари ҳозирда ўз мурожаатлари бесамар қолаётган бўлса-да, халқаро жамоатчиликнинг Ўзбекистонга босими натижасида шоирнинг озодликка чиқарилишидан умидвор бўлмоқдалар.

Юсуф Жума мустақиллик йилларида тўрт марта судланган.

Айни пайтда Юсуф Жуманинг Машраб исмли ўғли қамоқхонадан қочганлиги айтилиб¸ унга нисбатан қидирув эълон қилинган, яна бир ўғли Бобурга нисбатан тайинланган уч йиллик шартли жазо қамоқ жазоси билан ўзгартирилган. Бобурнинг ҳам ҳозирда қамоққа олинишдан қочиб яшириниб юргани айтилмоқда. Юсуф Жуманинг хотини билан икки ўғли эса Ўзбекистондан чиқиб кетиб, муҳожирликда яшаяпти.
XS
SM
MD
LG