Линклар

Россия билан алоқа ЕИ кун тартибида


ЕИ Россия билан ҳамкорлик келишуви юзасидан музокараларни давом эттиради.

Бу ҳақдаги қарор ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда бўлиб ўтган учрашувида қабул қилинди.

Мазкур музокаралар жорий йилнинг сентябр ойида Москва ва Тбилиси ўртасидаги ҳарбий можародан сўнг номаълум муддатга тўхтатилган эди.

Буюк Британия ва Швеция ҳукуматлари Россия билан музокараларни давом эттириш, жумладан энергетика, савдо-сотиқ соҳалари ва иқлим ўзгариши каби масалаларда ҳамкорликни ривожлантириш лозимлиги таъкидлаган эди.

ЕИ ташқи алоқалар мутасадисси Хавьер Солана ҳам бугунги учрашувдан олдин журналистларга Россия билан ўзаро алоқалар янги йўналишда давом эттирилишини билдирган эди:

“Келишув доирасида Россия билан ҳамкорлик ЕИ ва жаҳон ҳамжамияти манфаати учун хизмат қилади. Оддий алоқалардан кўра, бирон бир келишув доирасида ҳамкорлик қилиш афзалроқдир. Бу оддий ҳамкорликни давом эттириш дегани ҳам эмас. Ўзаро алоқалар янги йўналишда давом эттирилади”, - деди Хавьер Солана.

ЕИнинг кўпгина давлати Россия билан ҳамкорлик сўзлашувларини бошлаш ташаббуси билан чиққан бўлсада, Литва ва Польша бундай ҳаракатга қарши чиқмоқда. Иккала давлат расмийларининг таъкидича, Москва ҳалигача Грузия бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўла бажармаган.

XS
SM
MD
LG