Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:49

Россия ва Исроил матбуоти Валерий Парижер ҳимоясида


Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаëтган исроиллик тадбиркор¸ Ғофур Раҳимовнинг собиқ бизнес шерикларидан бири Валерий Парижер.
Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаëтган исроиллик тадбиркор¸ Ғофур Раҳимовнинг собиқ бизнес шерикларидан бири Валерий Парижер.

Беш йилча аввал Валерий Парижер исмли Россия фуқароси Тошкент лок-бўёқ заводи бош директори ўринбосари лавозимида ишлаш пайтида, талон-тарож билан шуғулланганликда айбланиб, 8 йилга қамалган эди.

Ўшанда бу иш ҳақида кўп гапирган эдик. Бугун ана шу мавзуга яна қайтишнинг фурсати туғилган кўринади. Маълум бўлишича, Россия билан Исроил қўшфуқаролигига эга Валерий Парижер ҳамон Бекободдаги қамоқхонада ўтирибди. У яқинда ташқарига шов-шувли маълумотлар чиқариб, Россия ва Исроил матбуотида эълон қилдики, шу нарса бизни ҳам бу эски ишни яна кўтаришга ундади.

Россиянинг “Совершенно секретно” газетасида чоп этилган “Москва-Тошкент: қамоқдаги дўстлик” мақоласида Парижернинг Беслан воқеалари рўй бериши ҳақида олдиндан огоҳлантиргани ва Андижон воқеаларидан кейин, фожеа ортида ким турганини айтиб бергани, бироқ Ўзбекистон хавфсизлик идоралари унинг кўрсатмаларини инобатга олмагани ёзилади.

Маълум сабабларга кўра, Валерий Парижер билан боғланиш имконини топа олмадик. Лекин яқинда у билан телефон орқали суҳбатлашган Исроилнинг Биринчи радиоканали мухбири Роман Ади билан гаплашишга муваффақ бўлдик.

Исроиллик ҳамкасбимизнинг айтишича, ўзбек қамоғи маҳбуси Парижер қамоқдалиги пайтида, бошқа маҳбуслар билан мулоқоти чоғида кўплаб маълумотларни қўлга киритган ва уларни Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик идораларига етказишга ҳаракат қилган.

- У биз билан суҳбатда тафсилотларини гапириб берди. Лекин бу тафсилотларни сизга фақат унинг ўзи айтиб бериши мумкин холос, чунки биздан бу маълумотларни унинг рухсатисиз тарқатмаслигимиз ҳақида илтимос қилган. Боиси, ҳозир бу маълумотларнинг ошкор бўлиши унинг ҳаётини хавф остига қўяди. Валерий Парижер Тошкентдаги қамоқхонада қоларкан, унинг ҳаёти хавф остидадир, шунинг учун у ўзини Россиядаги қамоқхонага кўчиришларини сўраб келмоқда, дейди исроиллик журналист Роман Ади.

Унинг айтишича, Парижер 2004 йил сентябридаги Беслан воқеалари тайёрланаётгани ҳақида анча аввалроқ, ўша йилнинг ёз ойларида исломий экстремизмда айбланаётган камерадошидан билиб олган ва Россия хавфсизлик идораларига бу маълумотни етказишга ҳаракат қилган.

- Ўшанда унинг сўзларига ҳеч ким эътибор бермади. У бизга нафақат Беслан ва Андижон воқеалари, балки Ўзбекистонда наркотиклар ноқонуний савдосига кимлар аралашгани ҳақида ҳам гапириб берди, лекин ҳозир айтганим сабабга кўра, Парижер келтирган исмларни айта олмайман, дейди Роман.

Суҳбатдошимиз фақатгина, Парижер ўз манбалари сифатида “Совершенно секретно” газетасида чоп этилган мақолада номи тилга олинган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати разведка бош бошқармасининг собиқ ходими ва Парижернинг камерадоши бўлган Санжар Исмоилов исмини эслади. Унинг айтишига кўра, баъзи маълумотларни Валерий Парижер миллий хавфсизлик хизматининг ана шу собиқ ходимидан ҳам олган.

Парижернинг бундай маълумотларга эгалиги ҳам, унинг Ўзбекистондан Россияга кўчирилишига тўсиқ бўлаётганга ўхшайди, деб тахмин қилади исроиллик журналист.

- Қамалганига беш йил бўлганига қарамасдан, унга амнистия қўллангани йўқ. У ўз ихтиёридаги маълумотларни тегишли идораларга етказишга ҳаракат қилаётганига қарамасдан, ҳеч ким негадир бу маълумотларга қизиқиш кўрсатмаяпти. У Россия ҳукуматидан ҳам ёрдам сўраган эди, лекин Россиянинг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмаяпти, дейди Роман Ади.

Журналистнинг айтишича, бу ишга яна бир нуфузли шахснинг бевосита алоқадорлиги Паридернинг шўрига тўкилган шўрва бўлиб турибди.

- У 2000 йилда Тошкентга шартнома билан келган ва лок-бўёқ заводида бош директор ўринбосари лавозимида ишлай бошлаган. У заводнинг ишини юргизган ва шартномада белгиланган барча вазифасини бажариб бўлганидан кейин кетмоқчи бўлганида, заводнинг хўжайини бўлмиш Ғофур Раҳимов унинг кетишига рози бўлмаган. Ғофур Раҳимов, Парижерга катта пул сарфлаганини айтиб, то барча ишларни бажармагунингча, Тошкентдан кетмайсан, деб туриб олган. Валерий эса, менга тўланган пулларни ишлаб бердим, энди оиламнинг олдига Исроилга кетаман, деганида, унга инсбатан жиноий иш қўзғатилган.

Менимча, бу Ғофур Раҳимов, деганларининг қўли жуда узунга ўхшайди. Одамларни узоқ муддатга қаматишга қодир бўлган бу одамнинг нуфузи президент Каримовникидан кам бўлмаса керак. Бунинг устига Парижер қамоқхонада айтган гапларидан кейин уни президент Каримовнинг шахсий душманига чиқаришди, дейди Исроилдаги Биринчи радиоканал мухбири Роман Ади.

Ҳамкасбимиз берган маълумотларни, на Ўзбекистон хавфсизлик идоралари, на лок-бўёқ заводининг хўжайини деб айтилаётган Ғофур Раҳимовдан тасдиқлашнинг иложини топдик.

Валерий Парижер тақдирида пайдо бўлган янги бурилишларни келгусида яна кузатиб борамиз.

XS
SM
MD
LG