Линклар

logo-print

Собиқ қуллар учун ëрдам маркази очилди


Қулликка сотилган ўзбек эркаклари асосан қурилишлардаги қора меҳнатга жалб этилса¸ аëллар фоҳишаликка мажбур қилинмоқдалар.

Қулликка сотилган ўзбек эркаклари асосан қурилишлардаги қора меҳнатга жалб этилса¸ аëллар фоҳишаликка мажбур қилинмоқдалар.

Жорий йилнинг 5 ноябр куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкентда одам савдосидан жабр кўрганлар учун реабилитация маркази ташкил қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Марказ одам савдоси қурбонларига ҳар томонлама ёрдам беради

Одам савдосидан жабр кўрган фуқаролар учун реабилитация маркази Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошида ташкил қилинади. Вазирлик ходимлари мазкур марказнинг фойдали томонлари кўплигини таъкидлайдилар:

- Марказнинг асосий фаолияти четдан жабр кўриб келган одамларга (масалан, улар четга бориб ўзини пулини ола олмаган бўлишлари мумкин ëки ўша ерда қулликда ушлаб турилган бўлиши мумкин) ҳар томонлама тиббий, маънавий ва ижтимоий ëрдам бериш, - деди вазирлик ходимларидан бири.

Пул ишлаш ниятида бирор жойга бориб асоратга тушган ва кейинчалик Ўзбекистонга қайтган фуқаро айни марказда 30 кун давомида даволаниши мумкин. Бу каби фуқаролар вақтинчалик турар-жой, озиқ-овқат ва бошқа заруратлар билан бепул таъминланади. Эҳтиёж бўлган тақдирда, яъни фуқаронинг ҳаётига ёки соғлигига хавф бўладиган бўлса, у 90 кунгача марказда қолиш имконига эга бўлади.

Жойлар чекланган

Лекин марказ одам савдосидан жабр кўрган барча фуқароларга ҳам кўмак бера олмайдиган кўринади. Маълум бўлишича, марказ 30 ўринга мўлжалланган. Жабр кўрган фуқаролар сони эса бундан бир неча баробар кўп. Ўзбекистон бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида бир ярим мингга яқин ўзбекистонлик одам савдоси қурбони бўлган.

“Ундан кўра одамларни иш билан таъминламайдими?”

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи” раҳбари Суръат Икромов одам савдоси бўйича турли хил марказлар ташкил қилгандан кўра, одамларнинг четга чиқишини тўхтатиш учун мамлакатнинг ўзида ишчи ўринларини қўпайтириб, ишсизликка барҳам бериш даркор, деб ҳисоблайди.

- Бунақа марказнинг очилишини мен Ўзбекистонда мозорлар очилишига ўхшатаяпман. Яъни аҳвол ëмон бўлгандан кейин одамлар касал бўлади, ўлади, мозор керак. Реабилитация марказлари энди очилаяпти одам савдоси бўйича. Очиғини айтганда, менинг фикримча, самарали бўлмайди. Негаки, бунинг ўзи бўладиган нарса эмас. Унинг олдини олишга ҳаракат қилган яхши. Реабилитация марказига пул ажратиб, уни кўпайтиргандан кўра, иш жойларини кўпайтириш керак. Одамлар нима учун кетаяпти? Одамларни олиб кетиб, уларни шу ëқда сотиб келишаяпти. Шунинг учун энг яхшиси ҳукумат иш жойларини кўпайтирса, яхши бўларди, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қул сифатида сотилган сони кўпайиб бормоқда

Кейинги пайтларда ўзбек мардикорларининг қул ўрнида сотиб юборилиши, меҳнат қилиб иш ҳақини ололмаслиги каби нохуш воқеалар кун сайин кўпайиб бораётгани кузатилади.

Ўзбекистон бош прокуратураси маълумотига кўра, жорий йилда одам савдоси билан боғлиқ 436 та жиноий иш қўзғатилиб, 339 нафар одам жиноий жавобгарликка тортилган. Трафик қурбонлари орасида эркаклар билан биргаликда 28 нафар вояга етмаган болалар ва 166 нафар аёллар ҳам бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг нашри бўлган “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, биргина Жиззах вилоятида жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида одам савдоси билан боғлиқ 17 ҳолат аниқланиб, улар юзасидан ҳозиргача ўн учта жиноят иши қўзғатилган. Яқинда жиззахлик 20 нафар эркак Қозоғистонга бориб, қуллик нималигини ўз бошларидан кечириб қайтишди.

“Қутулганимизга шукур”

Жиззахнинг Зарбдор шаҳарчасида яшовчи Ўрол ака 2000 АҚШ доллари миқдорида меҳнат ҳақларини олишмаган бўлса-да, қулликдан қутулганига шукур қилади.

- Иқтисодий жиҳатдан қийналганимиз учун берилган катта ваъдаларга ишониб борган эдик. Бола-чақамизга кийим қиламиз, ғалла сотиб олишга пул қиламиз, деб борган эдик. Бизга уч маҳал иссиқ овқат ваъда қилинган эди. Нонсиз, овқатсиз ишлатиб, ошқозон касалига дучор бўлиб келдик. Макарондан бошқа нарса еганимиз йўқ. Роса дўппослашарди. “Қочиб кетадиган бўлсанг, ўлигингни Ўзбекистондан келиб ҳеч ким олиб кета олмайди”, деган гапларни айтишган. Кечқурунлари қозоқлар билан гуруҳ бўлиб келиб тепкилаб кетишарди, - деди Ўрол ака.

Жорий йилда Ўзбекистон одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилди. Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш учун 2008-2010 йилларга мўлжалланган миллий дастур ишлаб чиқилган.

XS
SM
MD
LG