Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:15

Ўзбек мардикорлари қотилликда айбланмоқда


Яқин ва узоқ хорижга пул топиш илинжида кетаëтган миллионлаб ўзбек мардикорларининг иш ва яшаш шароитлари Репиннинг машҳур "Волгадаги бурлаклар" картинасини ëдга солади.
Яқин ва узоқ хорижга пул топиш илинжида кетаëтган миллионлаб ўзбек мардикорларининг иш ва яшаш шароитлари Репиннинг машҳур "Волгадаги бурлаклар" картинасини ëдга солади.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари икки одамни ўлдирганликда айбланаётган ўзбек мардикорларининг умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкинлигини маълум қилдилар.

11 ноябр куни қозоқ матбуотида Остона шаҳрида мудҳиш қотиллик содир этилгани ва уни содир этганликда ўзбекистонлик фуқаролар айбланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Остона шаҳар Ички ишлар департаменти матбуот хизмати ходимаси Сауле Калиева ҳодиса тафсилотлари ҳақида маълум қилди.

- 2008 йилнинг 21 октябр куни соат кечки соат ўнда Остона шаҳар Ички ишлар бошқармасининг марказий тезкор бошқармасига Кўктов посëлкасида жойлашган дала-ҳовлилар ёнида 25 ёшли қозоғистонлик йигит жасади топилгани ҳақида хабар келиб тушди. Йигитнинг ўлдирилишидан аввал қаттиқ қийноқларга солиниб, сўнг миясидан отиб ўлдирилгани аниқланди. Тергов давомида ўлдириб кетилган бу йигитнинг бир неча бор судлангани ва сўнгги пайтларда шубҳали йўллар билан орттирилган даромад эвазига яшаб келгани маълум бўлди. Қидирув натижасида полициячилар ўлдирилган шахснинг танишлари бўлган икки ўзбекистонликни қўлга олдилар, - деди Сауле Калиева.

Унга кўра, тергов давомида ўзбекистонлик йигитлар чиндан ҳам 25 ёшли қозоғистонликни ўлдирганларига иқрор бўлганлар.

Полиция матбуот хизмати вакиласи ўзбекистонликларни қотиллик содир этишга мажбур қилган сабабларга ҳам тўхталди.

- Ўзбекистонлик йигитлар техник хизмат кўрсатиш станциясида қора ишчи бўлиб ишлаганлар. Кўктов посёлкасида жасади топилган йигитни ўзбекистонликлар техник хизмат кўрсатиш станциясининг раҳбари бўлмиш ўз хўжайинларини ўлдириш учун ёллаганлар. Иш берувчи ўзбекистонлик икки ишчи билан пул масаласида келишолмай қолган, шу сабаб улар хўжайинни ўлдиришга қасд қилганлар. Хўжайинни ўлдиргач, ёлланма қотил хизмати эвазига ўзбекистонликлардан ҳақини олиб, сўнг уларни шантаж қилишга тушган. Шунда ўзбекистонлик икки йигит ёлланма қотилни ўлдиришга мажбур бўлганлар, - деди Сауле Калиева.

Матбуот хизмати вакиласи қотилликда гумон қилинаётганларнинг 1982 йилда туғилган Шерзод ва Акром исмли йигитлар эканини айтди.

Сауле Калиева ҳозирда бу икки ўзбекистонлик Қозоғистон Жиноий Кодексининг 96-моддаси, яъни икки ёки ундан ортиқ одамни қасддан ва ўта шавқатсизлик билан ўлдирганликда айбланиб, 25 йилгача муддатга қамалиши ёхуд умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кутилаётганини қўшимча қилди.

Йил бошидан буён қозоқ матбуоти ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ жиноятларни алоҳида эътибор билан ёритиб келмоқда.

Ўзбек мардикорлари бир-бирининг жонига қасд қилгани ёки ўзбек меҳнат мухожирларининг қозоқ эр-хотинни сўйиб ўлдиргани ҳақидаги аввалроқ биз ҳам хабар қилган эдик.

Қозоғистонлик кузатувчилар меҳнат муҳожирлари орасида жиноятчилик кўпайганига сўнгги ойлар давомида бутун дунёда кузатилаётган молиявий бўҳрон ва унинг аксар мамлакатлар иқтисодига берган зарбаси оқибатида Қозоғистонга келган мардикорларнинг ишсиз қолгани сабаб бўлаётгани ҳақида гапирмоқдалар.

Бироқ Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси ходимаси Виктория Тюленева бундай фикрларга эътироз билдиради.

- Молиявий бўҳрон меҳнат муҳожирларига кимдандир олган пулларини қайтармай, ўша одамни ўлдиришгача олиб борадиган даражада таъсир қилди, деб айтишга ҳали эрта. Бундай ҳодисалар тенденцияга айланди, дея таъкидлаш учун ҳали бизда етарлича маълумот йўқ. Бу воқеани мен ҳозирча онда-сонда учраб турадиган ҳодиса, шунчаки бир жиноят сифатида қабул қилиш керак, деб ўйлайман, - деди Виктория Тюленева.

XS
SM
MD
LG