Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:24

НАТОсиз Афғонистон истиқболи


Aфғонистонда НАТО қўмондонлиги остида хизмат қилаëтган аскарлар кимлардир учун хавфсизлик кафолати бўлса¸ кимдир учун хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилмоқда.
Aфғонистонда НАТО қўмондонлиги остида хизмат қилаëтган аскарлар кимлардир учун хавфсизлик кафолати бўлса¸ кимдир учун хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилмоқда.

Тожикистон пойтахтида иш бошлаган халқаро анжуман иштирокчилари¸ асосан¸ НАТО кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши оқибатлари борасида баҳс юритдилар.

Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда Марказий Осиё давлатлари, Россия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Афғонистон вакиллари ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар ходимлари иштирок этмоқдалар.

Афғонистонда тинчлик қарор топтириш йўллари муҳокама қилинган анжуманнинг асосий лейтмотиви НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиши лозимлиги бўлди.

- Янги сайланган АҚШ президенти Барак Обаманинг Афғонистонда урушни давом эттириш ва Ал-Қоиданинг сўзсиз мағлуб қилинишига оид айтилган гаплари жуда ташвишлидир. Ҳақиқатан, америкаликлар Афғонистонда ўз ҳозирлигини кенгайтирмоқчи. Бизнингча, бу жуда нотўғри ва ташвишли сиёсатдир, - деди Тожикистон Фанлар академияси қошидаги Фалсафа институти илмий ходими Давлат Усмон.

Тожикистон вакили ўз сўзида Афғонистон муаммосининг ягона ечими бу музокара ва муроса йўли эканини таъкидлади.

- Менимча, Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ягона йўли Карзай сиёсатига қарши кучлар, хусусан, толиблар билан музокараларни йўлга қўйиш ва НАТОнинг бу ҳудуддан чиқиб кетишидир, - деди Давлат Усмон.

Эроннинг Тожикистондаги элчиси Алиасқари Шердўст тожикистонлик олим фикрларини қувватлади:

- Эрон назарида Афғонистон ишларига Ғарбнинг аралашуви вазиятни янада кескинлаштирмоқда. Бизнингча, Афғонистон муаммоларини афғонларнинг ўзларига қўйиб бериш керак, - деди эронлик дипломат.

Бироқ Ўзбекистон Миллий университет профессори Фарҳод Толибов НАТО кучларининг Афғонистондан чиқиб кетишини маъқулламайди:

- НАТО Афғонистонда қолиши шарт. Чунки НАТО чиқиб кетса, хавфсизлик яратиш ва таъминлаш борасида унинг ўрнини босадиган бошқа ташкилот йўқ. Албатта, НАТО хатоларга йўл қўяяпти, баъзи муаммоларни ечишда ожизлик қилаяпти. Бугунги анжуманда асосан шу масала, яъни НАТОнинг чиқиб кетиши ёки қолишини муҳокама қилаяпмиз. Бу борада янги ечимлар, йўллар таклиф ўлароқ ўртага ташланмоқда. Бу ерда қатнашаётган НАТО вакилларининг ўзи ҳам янги ечимлар топилишидан манфаатдор, албатта, - деди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Айни пайтда Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази директори Суҳроб Шарипов Афғонистон муаммоси – Марказий Осиё муаммоси экани ва Афғонистонда тинчлик қарор топиши масаласида минтақа давлатлари мустақил тарзда зарур чора-тадбирлар кўриши лозимлигини қайд этди:

- Кўп ҳолларда Россиянинг ўз геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб, афғонларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш юзасидан минтақа давлатларининг Америка билан ҳамкорлик қилишига қаршилик кўрсатиши кузатилади. Россиянинг минтақа давлатларига турли йўллар билан босим ўтказаётганини ҳам очиқ айтиш керак. Бу, бизнингча, империалистик бир сиёсатдир, - дея уқтирди Суҳроб Шарипов.

Ўзбекистон Миллий унверситети профессори Фарҳод Толибов ҳам бу борада Тожикистон ҳукумат расмийси фикрларига қисман қўшилишини билдирди:

- Қисман қўшиламан бу фикрларга. Лекин, шу билан бирга, Россия ролини инкор қилиб бўлмайди. Россиянинг ҳам манфатлари бу ерда жуда катта ва биз буни ҳис қилаяпмиз. Ўз хавфсизлигига жануб томондан таҳдидлар бўлмаслигидан Россия манфаатдор, албатта. Шу важдан Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши Россия манфаатларига ҳам мос келади. Россия, ўз навбатида, биз билан бирга Афғонистон муаммоларини ҳал қилиш ишига ҳисса қўшиши мумкин. У ҳарбий амалиётларда қатнашмаяпти. Россия минтақа давлатларига ўз ҳудуди орқали гуманитар ёрдамларни ташиб ўтишга рухсат бераяпти. Бундан ортиқ яна нима қилиши мумкин? - деди ўзбекистонлик меҳмон.

Эслатиш жоизки, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Бухарестдаги НАТО саммитида Афғонистон масалаларига оид 6+3 гуруҳи шакллантиришни таклиф қилган эди. Фарҳод Толибов Ўзбекистон раҳбарининг ўша таклифига ҳозирча ҳеч ким муносабат билдирмаганини урғулади:

- 6+3 концепцияси Бухарестда таклиф қилинганди, яъни уч дегани НАТО ҳам қўшилган ҳолда дегани. Қанчалик реакция бўлади Ғарбда¸ бу ҳали номаълум. Ҳозирча бу борада жавоб бўлгани йўқ. Қўшиладими давлатлар ёки йўқми - ҳали номаълум. Кутаяпмиз. Агар қўшилса, бу яна бир йўл, механизм. Ўзбекистоннинг қўлидан келган нарса мана шу таклиф, - деди ўзбекистонлик олим.

Айни пайтда Тожикистон вакили Суҳроб Шапиров ўз мамлакати расмийлари Ўзбекистоннинг бу таклифини қувватламаслигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG