Линклар

Покистон қабилалари меҳмонлардан безди

  • Алишер Сиддиқ

Кейинги пайтларда Покистоннинг Вазиристон минтақасидаги қабила ҳудудлари АҚШ ҳаво кучлари ҳужумларининг асосий нишонига айланиб бормоқда.

Кейинги пайтларда Покистоннинг Вазиристон минтақасидаги қабила ҳудудлари АҚШ ҳаво кучлари ҳужумларининг асосий нишонига айланиб бормоқда.

Сешанба куни Озодлик мухбирлари билан суҳбатда покистонлик маҳаллий сиёсатчилар қўшни давлатларни ўз жанггариларини Покистонга экспорт қилишни тўхтатишга чақирдилар.

Озодликнинг Прагадаги бош қароргоҳига таклиф этилган Покистон сиёсатчилари қабила минтақаларидаги энг сўнгги вазият ҳақида гапириб бердилар.

Покистоннинг Афғонистонга чегарадош шимол-ғарбий минтақалари ҳамда Свот водийси дунёнинг энг ёпиқ ва нотинч ўлкаси ҳисобланади.

Озод қабилалар яшайдиган минтақа аҳолиси жанггарилар томонидан гаровга олинган, деб ҳисоблайди маҳаллий сиёсатчилар.

Озодлик мухбирлари билан суҳбат давомида Авами миллий партияси вакиллари қабила минтақаларини жанггарилардан қутқариш бўйича янги сайланган АҚШ президенти Барак Обама таклифини қўллаб- қувватлашларини билдирдилар. АҚШ янги маъмурияти жанггариларга қарши курашувчи маҳаллий фуқаролардан ташкил этиладиган милиция гуруҳларини кучайтиришга ёрдам бериш ниятида.

Авами миллий партияси бош котиби Ҳашам Бабар Ал-Анбар вилоятида ўзини оқлаган ушбу тактика бошқа жойларда ҳам самара беришини айтади.

“Ал-Анбардаги 35 қабила ўз эркак ва аёлларини маҳаллий милиция таркибига қўшди. Улар бундай кучга эга бўлганларидан кейин, мазкур минтақадан Ал-Қоида жанггарилари ҳайдаб юборилди¸”- деди Бабар.

Бироқ Покистон марказий ҳукуматига бўйсунмайдиган аксар озод қабилалар ҳудудларида толибларнинг кучли таъсири сақланиб қолаëтир. Гап 7 миллион аҳоли яшайдиган, ҳеч қандай дунёвий қонунлар ёки сиёсий партиялар амал қилмайдиган минтақалар ҳақида бораётир. Ҳашам Бабар қабилалар минтақаларини мухтасар шундай таърифлайди:

“Бу жойлар мамлакатнинг қолган аҳолиси учун ҳам, дунё жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситалари учун ҳам ёпиқдир. Бу минтақаларда телевизор кўриш “ҳаром” деб эълон қилинган, ноқонуний тарзда фаолият юритаётган 150 дан зиёд ФМ радиостанциялари орқали эса йиллар давомида Мулла Фазлуллоҳ каби даъватчилар фақатгина жиҳодий эктремистик ғояларни тарқатиб келади. Таълим тизими барбод этилган бу минтақаларда мадрасалар сон-саноқсиздир. Исломчи радикалларни тайёрлаш базасига айланган ушбу ўлка бир вақтлари Совет Иттифоқига қарши жиҳодга сафарбар қилинган бўлса, бугун у бутун халқаро жамоатчилик олдидаги оғир синовга айланди.”

Қир-адирли ушбу минтақаларда жанггари гуруҳларнинг бутун бир бригадаларини сиғдира оладиган ғорлар ҳам жуда кўп.

АҚШ разведкаси ана шундай ғорлардан бирида Ал-Қоида раҳбарлари Усама Бин Ладин ва Айман Ал-Заваҳирий ёки халқаро террорчилар рўйхатига қўшилган ўзбек жангчилари етакчиси Тоҳир Йўлдош ҳам яширинган бўлиши мумкинлигини даъво қилиб келади. Тоҳир Йўлдош қўл остида¸ айрим тахминларга кўра¸ ҳозирда 500 тача жанггари бор.

Айни пайтда¸ минтақада Тоҳир Йўлдошдан ажраб чиққан яна юзлаб ўзбекистонликлар маҳаллий аёлларга уйланиб¸ ҳаёт кечирмоқда. Авами миллий партияси вакили ҳамда Бача Хон жамғармаси раҳбари Муҳаммад Раза узоқ йиллар давомида яшаб келаётган ўзбеклар ўша ердаги жамиятнинг бир қисмига айланганини айтади.

“Халқаро жамоатчилик ҳамда Покистон ҳукумати бу одамларнинг узоқ вақтдан буён мазкур минтақаларда яшаб келаётганини инобатга олиши керак. Агар бу жанггарилар қуролини ташласа¸ уларга шу ерда сиёсий бошпана бериш масаласи қўйилиши керак. Бироқ қўшни давлатлар Покистонга қўшимча жанггариларнинг келишини тўхтатмаса¸ минтақадаги зўравонликларга ҳеч қачон чек қўйилмайди¸”- деди Муҳаммад Раза.

Озодлик мухбирлари билан суҳбат давомида Покистон сиёсатчилари пуштун халқининг табиатан жанггари эмаслигини таъкидлаган ҳолда, ҳозирда кўплаб пуштунларнинг қуролли исломий гуруҳлар сафига қўшилганини минтақадаги қашшоқлик ва ишсизлик билан изоҳлашга ҳаракат қилдилар

XS
SM
MD
LG