Линклар

Наманганда гўдакларга ОИТВ юқтирилди

  • Барно Анвар

Ҳозирча ошкор этилмаëтган сабабга кўра қарийб бедаво саналадиган ОИТВ га чалинган наманганлик гўдакларнинг кейинги тақдири нима бўлади¸ бу савол ҳам ҳозирча жавобсиз...

Ҳозирча ошкор этилмаëтган сабабга кўра қарийб бедаво саналадиган ОИТВ га чалинган наманганлик гўдакларнинг кейинги тақдири нима бўлади¸ бу савол ҳам ҳозирча жавобсиз...

Наманган вилоятида 40 дан ортиқ гўдакнинг ёппасига одам иммун тақчиллиги вирусига чалингани тўғрисида тарқалган хабарлар қисман тасдиғини топди.

Вилоят ОИТС марказидан олинган маълумотга кўра, касалга чалинган болаларнинг аҳволи бироз яхши ва улар уй шароитида даъволанишни давом эттирмоқда.

Аммо, гўдаклар нега ёппасига бу касалга чалинди ва қандай чалинди, уларнинг аниқ сони қанча – бу каби саволларга вилоят расмийларидан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

11 ноябр кун давомида Наманган вилояти шифохонаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Наманган вилояти ОИТС марказига қилган қайта ва қайта қўнғироқларимиз натижасида олишга муваффақ бўлганимиз жавоблардан аниқланишича, вилоятда 40 дан ортиқ гўдак Одам иммун тақчиллиги вирусига чалинган ва ҳозирда гўдаклар мунтазам шифокор назорати остида сақланмоқда. Аммо, болаларга бу вирус қаердан юққани номаълум.

- Глобал фонд томонидан уларга дори бериб турилган. Улар мунтазам назоратда туради.

Озодлик: Бу энди болаларга шприцдан юққанми?

- Йўқ, у тўғрисида, мен айтаяпманку, маълумотларни раҳбаримиз беради. Нимадан юққанлиги маълум эмас ҳозир.

Озодлик: Болалардан ҳеч бири вафот этмадими?

- Йўқ, ҳаммаси яхши.

Озодлик: Болаларнинг ўзлари вилоят марказий шифохонасидами?

- Йўқ, ҳаммаси уйида.

Озодлик: Уй шароитида даволанишаяптими?

- Булар даволаниб бўлган-ку. Аллақачон ҳаммаси уйида-да. Бунақа маълумотларни фақат бош врач билади. Ўша билан гаплаша қолинг.

Наманган вилояти ОИТС маркази ва соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништиришни истамаган бошлиқлари эса кун давомида ё идорасига келмади ёки, одатдагидек, мустақил электрон нашрларига чиқиб кетган бу хабарнинг оқибатларидан ваҳимага тушиб, бизга жавоб беришни истамади.

Шу тариқа Наманган вилояти соғлиқни сақлаш муассасалари расмийларидан, гўдакларнинг ёппасига ОИТВ юқтиргани сабаблари ва уларнинг аниқ сони ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

“Фарғона.ру” ахборот агентлигининг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигидаги аноним манбага таяниб хабар қилишича, касаллик шприц, эмдори ёхуд бошқа дори воситаларидан юққан бўлиши мумкин. Бу манба айни иш юзасидан Наманган вилояти шифохонаси айрим ходимларига нисбатан жиноят иши очилганини хабар қилмоқда.

Бироқ, Намаган вилоят шифохонасининг ўзини бош врач ўринбосариман, деб таништирган ходими буни мутлақ инкор қилди.

- Йўқ, унақа гапни ким айтди? Қаердан телефон қилаяпсиз?

Озодлик: Мен "Озодлик" радиосидан телефон қилаяпман. Бу мақола бир неча интернет сайтларида эълон қилинди.

- Йўқ, бунақа гап йўқ.

Озодлик: Вилоят касалхонасида ҳозир Тошкентдан махсус гуруҳ текширувда деб...

- Республикадан гуруҳ бор. У шифохонада ички инфекциялар олиш бўйича.

Ўзбекистонда бу каби ҳолатлар, одатан, халқдан сир сақланиши ҳаммага маълум. Аммо касални яширган билан, бир кун иситмаси ошкор қилади, дейди Наманган вилоятидаги шифохоналардан бирининг собиқ ҳамшираси.

У биринчи бор 2005 йилда бир гўдак ва олти нафар катта ёшли беморга ОИТВ юққан ҳолати қайд этилганини эслади. Ўшанда ҳам бу ҳолат сир сақланган ва беморлар шифохоналарда вафот этган.

Республикадаги бу каби ҳолатларни кузатаётган ва аниқ маълумотлардан бехабар қолаётган аҳоли орасида, бунақа юқумли касалликлар шифокорларнинг айби билан юқмоқда, деган фикр шаклланиб улгурган. Аксар суҳбатдошларимиз шифокорлар шприцлар текин таъминланиши керак бўлган вазиятларда, ҳатто, бир марталик шприцларнинг бир неча бор ва турли беморларга қўлланишига йўл қўяди, деган фикрда эканини айтди.

Улардан бири, мустақил кузатувчи Шоҳиста Каримова, шифохонага кўрикка борган ёш болалар ва ҳомиладор аёлларнинг кейинги вақтларда турли юқумли касалликлар орттираётгани шундай хулосага сабаб бўлганини айтади.

- Масалан болалар юқумли шифохонасида 100та шприц давлат фондидан беморларга бепул тиббий ëрдам кўрсатиш масаласида ажратилган бўлса, 50тасини беморларга ишлатади. У ҳам бир марта ишлатиладиган шприц бўлса, қайнатибми ë спиртга ботирибми ўзларини хотиржам қилишади-да, шприцлардан қайта фойдаланиш ҳоллари рўй беради. Қолган 50тасини декин ўзининг ҳисобига ўтказиб олиб, беморларга пуллайди..

Мана шунақа тартибсиз ҳолатларда шприцдан болаларга касалликлар юқиш ҳолатлари учраганлиги қайд этилади. Шприцлардан нотўғри фойдаланиш оқибатида соғлом ҳолда борган она, туғиш арафасидаги она гепатитни ўзига шприцдан юқтириб олади ва туғиладиган бола ҳам мана шу касалллик билан туғилганлиги ҳақида мисоллар учраган. Шприцдан касаллик юқиши¸ асосан¸ давлат ҳисобидан ëрдам кўрсатиладиган айрим турдаги касалхоналарда ва айрим ҳолатларда учрайдиган ҳолат ҳисобланади.

Суҳбатдошимизнинг фикрича, бундай ҳолатларни яшириш билан вазият фақат оғирлашмоқда.

XS
SM
MD
LG