Линклар

Тожик уламолари миллий кийим кийишни тавсия қилди

  • Барно Анвар

Тожик уламолари хорижда тикилган ҳижоблар ўрнига тожик миллий кийимларини кийишни тавсия қилди.

Тожик уламолари хорижда тикилган ҳижоблар ўрнига тожик миллий кийимларини кийишни тавсия қилди.

Тожикистон Ислом Уламолари кенгаши тожик аёлларини хорижда тикилган ҳижобларни кийишдан тийилиш ва бунинг ўрнига анъанавий миллий кийимларни кийишга чақирди.

Тожикистон ҳукуматининг дин ишлари бўйича идоралари раҳбарлари ва етакчи имомлар иштирокида яқинда ўтган расмий учрашувда, мамлакат Ислом уламолари кенгаши хорижда тикилган ҳижоблар тожик аёллари учун қулай эмас, деган фикрни таъкидлаб, бунинг ўрнига қулай ва арзон нархда бемалол сотиб олиш имкони бўлган тожик миллий кийимларини кийишни тавсия қилди.

Жамоатчилик мутлақ кутилмаган бу таклиф эгалари фикрича, тиззадан пастга тушадиган ва хилма-хил рангдаги миллий кўйлак-лозимлар тожик аёллари учун жуда муносиб.

Халқининг асосий қисми мусулмон бўлган Тожикистонда аҳоли исломий анъана ва урф-одатлар асосида яшайди. 1991 йилда мустақилликни эълон қилган Тожикистон ҳукумати эса бу йиллар давомида зўр бериб дунёвий қадриятларни сингдиришга уриниб келди.

Тожикистон Ислом уламолари кенгаши фатво бўлимининг раҳбари Қобилжон Боев кенгаш қарори сабабларини шундай изоҳлади:

- Мен бу учрашувда иштирок этмадим. Бироқ бу учрашувда мамлакатимизнинг етакчи уламолари, жумладан, мамлакат муфтиси ҳам иштирок этган. Улар тожик қизларига ўзимизнинг миллий кийимларимизни кийишни тавсия қилди. Хориждан келган ҳижоблар эса асл ислом дини аҳкомларига тўғри келмайди ва биз Ислом маркази, Ислом уламолари кенгаши вакиллари сифатида дин талабларига жавоб бермайдиган бундай кийимларга қаршимиз, дейди Тожикистон ислом уламолари кенгаши фатво бўлими раҳбари Қобилжон Боев.

Тожикистонга, асосан, араб давлатлари, Туркия ва Эрондан келтирилаётган ҳижоблар тожик аёллари орасида жуда урф бўлган. Узун, безакдор ва қоматни беркитиб турадиган бу кийимларни, айниқса, ёш қизлар киймоқда.

Бироқ, ўтган йили Тожикистон таълим вазирлиги қизларга мактаб ва университетларга рўмолда қатнашни таъқиқлади. Оқибатда, айрим ўқувчи ва талабалар билим юртларини тарк этди. Айрим қизлар эса таълим вазирлигини судга берди, бироқ, муваффақиятга эришмади. Ўранган қизларнинг аксарияти эса таълимдан айрилмаслик учун рўмолларини ечди.

Душанбек шаҳридаги хусусий дўконлардан бирининг сотувчиси бўлган Меҳри исмли аёл яқинда маҳаллий расмийлар ишга ҳижобда келишни тўхтатишни буюрганини айтди.

- Улар бизни йиғилишга чақирди ва сотувчи қизлар рўмолини ечсин, деди. Мен арз қилиб, бирор жойга бормадим. Кимга арз қиламан? Милициягами?, дейди боши қотган тожикистонлик диндор савдогар аёл.

Бироқ, аксарият тожикистонликлар ҳукуматнинг ҳижобга қарши курашини бефойда ҳаракат, деб баҳоламоқда ва уларнинг фикрича, рўмол ўраш таъқиқланганидан буён ҳижобли, рўмолли аёлларнинг сони камайгани йўқ. Тожикистон уламолари эса ҳукумат босими остида диний либосни миллий либосга айлантиринг, дея элга кулгу бўлмоқда, демоқда Озодликнинг тожикистонлик суҳбатдошлари.

Дин ишлари бўйича душанбелик экспертлардан бири Абдулло Раҳнамо фикрича, гарчи мустақил, деган мақомга эга бўлса-да, Тожикистон Ислом уламолари кенгаши аслида мунтазам равишда ҳукуматни ёнини олган ва унинг сиёсатини қувватлаган.

- Оқибатда, кенгаш уламолари энди жуда кулгили вазиятга тушиб қолди. Ҳозир улар ҳукуматнинг босимини рад этиб, у билан алоқаларни бузишни ҳам истмаяптилар. Айни вақтда, ислом уламоси сифатида диний қадриятларга қарши бормаслик йўлини ҳам тополмаяптилар. Оқибатда, шунақа ғалати-ғалати изоҳлар беришга мажбур бўлмоқда, дейди тожикистонлик кузатувчи.

Бироқ, ҳижоб масаласида Тожикистон уламоларининг талаби жамоатчиликка қатъий таъсир қилолмайди, деб ҳисоблайди Абдулло Раҳнамо.

- Кенгаш ташкил этилган вақтдан буён мамлакатда танилган имомлар унинг таркибига қабул қилинмаган. Ҳозир бир тарафда, расман фатво бериш ҳаққига эга, аммо, эл орасида обрўси бўлмаган уламолар гуруҳи бор. Бошқа бир тарафда эса эл орасида танилган, обрўли, аммо, расмий мақомга эга бўлмаган уламоларимиз бор, дейди тожикистонлик кузатувчи.

Умуман, аёлларнинг ҳижоб кийишлари ҳақида тожикистонликлар орасида мавжуд фикрлар эса қарама-қарши ва бу кўп ҳолларда фуқароларнинг билими ва ижтимоий келиб чиқишига кўра фарқланади.

Бироқ, аксар тожикистонликлар аёлларнинг қандай кийиниши уларнинг ўз ҳаққи, эрки, деган фикрни билдирмоқда.

Тожикистонлик кузатувчилар, зиёлилар эса ҳукумат идораларидаги уламоларнинг ҳижобга қарши бошлаган бу таҳлит кампаниясини жуда ўринсиз, деб баҳолар экан Тожикистон ҳукумати олдида бошқа, ҳал қилиш зарур бўлган бундан-да жиддий муаммолар кўп, демоқда.
XS
SM
MD
LG