Линклар

АҚШ ва Россия дипломатлари учрашади


Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийси Вильям Бернс (William Burns) бугун Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашади.

Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Вильям Бернснинг бугунги сафари Россия-Грузия можароси юз берганидан буён шу мақомдаги АҚШ вакилининг Москвага қилаётган биринчи ташрифидир.

АҚШ ва Россия дипломатларининг бугунги учрашувида Грузия можаросининг оқибатлари, Эроннинг ядровий дастури ҳамда АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини Польша ва Чехияда жойлаштириш режаси муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Кеча Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ЕХҲТнинг жорий раиси Александр Стубб билан Москвада ўтказган учрашувидан сўнг: “Россия Калининград областида "Искандар" ракета мажмуасини АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини Польша ва Чехияда жойлаштирган тақдирдагина ўрнатади”, - деди.

Европа Иттифоқига аъзо Польша ва Литва билан чегарадош Калининград областида "Искандар" ракета мажмуасининг жойлаштирилиши эҳтимоли тўғрисида Россия президенти Медведев ўтган ҳафтада Федерал мажлисга қилган мурожаатномасида баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG