Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:20

Қирғизистонда ҳижоблилар яна камситилмоқда


Қирғизистонлик муслималар ўқув юртларида ўз ҳақлари поймол этилаётганидан шикоят қилмоқдалар.
Қирғизистонлик муслималар ўқув юртларида ўз ҳақлари поймол этилаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Бишкекдаги “Мутакаллим” ташкилоти айрим олийгоҳ раҳбарлари ҳижобли талабаларни дарсларга киришига қаршилик қилаётганини билдириб, Қирғизистон президентига мурожаатнома йўллади.

Қизларга чет эллик ўқитувчилар зуғум ўтказмоқда

“Мутакаллим” мусулмон аёллар ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек қизи мамлакат президентига жўнатилган мурожаатнома мазмуни ҳақида гапириб берди:

- Биз хатда демократик мамлакат эканимизни, диний эркинлик ҳуқуқига эга эканимизни ёздик. Шунга қарамай, айрим олийгоҳлардан ҳижобли қизлар дарсдан ҳайдаб чиқарилмоқда. Қизиғи шундаки, бу ишни маҳаллий ўқитувчилар эмас, хориждан келиб, мана шу олийгоҳларда дарс бераётган муаллимлар амалга оширмоқда. Биз хатда президентга бошқа давлат фуқаросининг қизларимизга зўрлик қилишга қандай ҳақлари бор, деган саволни бердик, - деди Жамол Фронтбек қизи.


"Мутакаллим" раҳбари ўз ташкилотига қирғизистонлик муслима толибалар томонидан шикоят аризаси тушгани, аризада Қирғизистон-Туркия "Манас" университети проректори Угур Ўрал қизларнинг рўмол ўрашларига фаол қаршилик қилаётгани баён этилганини қўшимча қилди.

Айтилишича¸ жаноб Ўрал¸ Туркияда хотин-қизларнинг давлат муассасалари¸ хусусан олийгоҳларга ҳижобда келиши таъқиқланганини рўкач қилиб¸ бундай қоидани Қирғизистондаги турк университетида ҳам татбиқ қилишга киришган.

Маҳаллий ўқитувчилар ҳам ҳижобга қарши курашда қолишмайди

Мусулмон аёллар ўз шикоятларига ҳали жавоб олганликлари йўқ. Айни пайтда бундай шикоятларни нафақат Бишкекда, балки республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам эшитиши мумкин. Фақат бу шикоятларда бир фарқ бор - агар Бишкекда хорижлик ўқитувчилар зўрлигидан нолисалар, вилоятларда маҳаллий муаллимлардан арз қиладилар.

Дилфуза Раҳимова Ўшнинг Новқат қишлоғидан. У 9-синфда ўқийди. Дилфуза мактаб ўқитувчилари босими остида ҳижобни ечишга мажбур бўлганини айтади:

- Ўқитувчилар ҳатто мени калтакладилар ҳам. Шундан сўнг мактабга боришга юрагим безиллайдиган бўлиб қолди. Охир-оқибат, ўқишни давом эттириш учун ҳижобни ташлашга мажбур бўлдим. Лекин мактабни битиргач, ҳижобимни яна қайта кияман. Балоғат ёшига етгач, ўзим ҳал қиламан бу масалани, - дейди новқатлик Дилфуза.

Қирғизистонлик ўқитувчилар ўз талабларини рўмол ўраш мактаб формасига зид экани билан изоҳлаб келадилар.

Айни пайтда Ўшдаги “Адолат” юридик ташкилоти ходими Рустамжон Мамазокировнинг айтишича, ўқитувчиларнинг бу каби талаблари ноқонунийдир.

Ҳижоблиларни давлат идораларида ҳам менсимайдилар

20 ёшдаги Муҳаббат исмли қиз ҳам ҳижобда юради. Унинг айтишича, ҳижобли аёлларга нисбатан нафақат ўқув даргоҳларида, балки айрим идораларда ҳам салбий муносабатни кузатиш мумкин.

- Бизни айрим одамлар кўчаларда “ваҳҳобий”, “ниндзя” деб масхара ҳам қиладилар. Лекин уларга эътибор бермаймиз. Кўпчиликнинг бизга нисбатан муносабати яхши. Лекин давлат идораларида ишловчиларнинг аксарияти ишимиз тушиб у ерларга бориб қолсак, бизга менсимагандай муносабатда бўладилар. Ишларимизни ҳал этмайдилар, - дейди Муҳаббат.

Муслималар муроса анжуманини ўтказмоқчилар

Жамиятдаги бундай кўринишларнинг олдини олиш, ҳижобли аёлларга нисбатан ҳукумат идораларида пайдо бўлган салбий тасаввурларга барҳам бериш ниятида мусулмон аёлларнинг “Мутакаллим” ташкилоти яқин орада анжуман ўтказмоқчи.

Унга вазирликлар, олий ўқув юртлари раҳбарлари, диндорлар ва ҳижобли талабалар таклиф этилган.

“Мутакаллим” вакилалари ушбу анжуманда томонлар ўзаро муросага келиб олишларига умид қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG