Линклар

Тожиклар фойдадан умидвор

  • Гулнора Равшан

Тожикистонликлар Россиянинг Ўзбекистонга қасдма-қасд Сангтўда каби энергетик иншоотлар қурилишида Тожикистонга ёрдамни кучайтиришига умид қилмоқдалар.

Тожикистонликлар Россиянинг Ўзбекистонга қасдма-қасд Сангтўда каби энергетик иншоотлар қурилишида Тожикистонга ёрдамни кучайтиришига умид қилмоқдалар.

Тожикистонлик айрим таҳлилчилар Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқиши Тожикистонга фойда келтиради¸ деган ишончдалар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот бўлим бошлиғи Давлат Назриевнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқишига доир расмий Тошкент нотаси Тожикистон томонга 15 октябрда тақдим этилган.

- Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев таклиф этган ягона божхона иттифоқи тузишга доир ҳужжат фақат уч давлат, яъни Россия, Белоруссия, Қозоғистон иштирокида ҳозирланаётгани ва қолган уч аъзо давлат Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга бундай имконият берилмаётгани ҳамда бу давлатлар манфаатлари умуман назарга олинмаслиги Ўзбекистон томонига хуш келмаган. Бундан ташқари, Ислом Каримов жаноблари Евросиё Иқтисодий ҳамжамияти, Коллектив Хавфсизлик Шартнома ташкилоти ва МДҲ ташкилотлари фаолияти бир-бирини такрорлаётгани сабабли бу ташкилотлар ўз фаолиятида бирор натижага эриша олмаганларини таъкидлаган. Ўзбекистон томони ўзининг Евросиё таркибидан чиқиши сабабларини мана шу мисоллар билан изоҳлаган, - деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Давлат Назриевга кўра, Ўзбекистоннинг бу ташкилот таркибидан чиқиш жараёни ташкилот шартномасининг 9-моддасига биноан амалга оширилади.

Айни пайтда¸ Ўзбекистоннинг Евросиё Иқтисодий ҳамжамиятдан чиқиб кетиши борасида тожик жамиятида турли қарашлар мавжуд.

Сиёсий таҳлилчи Давлат Усмон Ўзбекистон Андижон воқеаларидан кейин ўзига таянч топиш мақсадида бу ташкилотга аъзо бўлиб кирганлигини таъкидлайди:

- Ўзбекистон 2005 йил Андижонда рўй берган воқеалар ортидан ўз ички ва ташқи сиёсатида туғилган муаммоларни ҳал этиш учун ҳам бу ташкилотга аъзо бўлиб кирганди. Ўзбекистонга қўйилган санкциялар бекор қилиниши биланоқ бу давлат ўзининг ташкилот сафидан чиққанини эълон қилиши фикримиз далилидир, - дейди тожикистонлик сиёсий шарҳловчи.

Тожикистон сиёсатшунослари миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимов эса минтақа давлатлари ичида Ўзбекистон ўзига хос сиёсатга, йўналишга эгалигини уқтиради:

- Ўзбекистон минтақадаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ ўз йўналиши ва сиёсатига эга. У бошқа йирик давлатлар, хусусан, Россияга дастак бўлишдан манфаатдор эмас. Дам Россия, дам Америка этагини тутишга одатланган Ўзбекистоннинг ташкилотдан чиқиб кетиши, менимча, оддий ҳолдир, - дейди Мамадазимов.

Сиёсатшунос фикрича, Ўзбекистоннинг бу ташкилотдан чиқиб кетиши Тожикистон учун ҳеч бир муаммо яратмайди. Аксинча, бу ҳолнинг Тожикистон учун қатор имкониятлар очиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов ҳам бу фикрни қувватлар экан, Ўзбекистоннинг ЕврОсИҲдан кетиши ортидан унинг Россия билан алоқалари қайта ёмонлашуви Тожикистоннинг энергетика мустақиллигига эришишига имкон беришини таъкидлайди.

Кузатувчига кўра, эндиликда Россия Ўзбекистонга қасдма-қасдига Тожикистондаги гидроэнергетик лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиши мумкин:

- Россия Ўзбекистон туфайли Тожикистонга нисбатан сиёсатини яхши томонга ўзгартирса ажаб эмас. Бу Тожикистонда мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиши мумкин. Эндиликда Россия Тожикистонда қурилаётган Роғун, Зарафшон каби йирик гидроэнергетик иншоотлар қурилишида кўмаклашади ва Тожикистонимиз иқтисодиёти юксалиб кетиши мумкин, - деди Нўъмонжон Фахриддинов.


2006 йил январ ойида Евросиё иқтисодий ҳамжамиятининг Санкт-Петербургда ўтган навбатдан ташқари йиғилишида ташкилотга янгитдан аъзо бўлиб кирган Ўзбекистон биринчи галда, ўз қӯшнилари, хусусан, Тожикистон билан мавжуд виза тартибини бекор қилишига оид хабарлар тожик матбуотида чоп этилган, бу эса аксар тожикистонликларда умид учқунини уйғотган эди.

Аммо ўтган шу давр ичида Ўзбекистон бу мажбуриятларни бажармади. Шу нуқтаи назардан бўлса керак, бугун Ўзбекистоннинг ташкилотдан чиқиб кетиши юзасидан баёнотини оддий тожикистонликлар мутлақо хотиржам қабул қилдилар.

XS
SM
MD
LG