Линклар

Қозоғистонда яна героинфурушлар ушланди


Марказий Осиë борган сари нафақат афғон героини учун транзит¸ балки ўзи ҳам кўплаб героин ҳозирловчи лабораторияларга эга минтақага айланиб бормоқда.

Марказий Осиë борган сари нафақат афғон героини учун транзит¸ балки ўзи ҳам кўплаб героин ҳозирловчи лабораторияларга эга минтақага айланиб бормоқда.

Қозоғистон МХҚ Ўзбекистон ва Қирғизистон орқали Қозоғистон ҳамда Россияга олиб ўтиладиган банг моддалари контрабандаси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳни фош этганини маълум қилди.

Аниқланишича, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари йирик наркогуруҳ раҳбари ва унинг бир неча аъзосини куни кеча Олмаота шаҳрида ўтказилган “Темир қафас” махсус тезкор тадбири доирасида қўлга олишга муваффақ бўлганлар. Жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 57 кг героин моддаси топилиб, мусодара қилинган.

Кузатувчилар сўнгги пайтларда Қозоғистоннинг Марказий Осиё давлатлари орқали Россия ва Европага етказилаётган банг транзити учун дарвоза ролини ўтаётгани ва бу муаммо йил сайин кескинлашиб бораётганини билдирмоқда.

Минтақа давлатлари орқали Россия ва Европага етказилаётган наркотикни чегарадан олиб ўтувчилар ролини эса, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотларга кўра, аксар ҳолларда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўтамоқда.

Айрим экспертларга кўра, Қозоғистон ҳукуматининг ўз ҳудудига ўтаётган қўшни давлат фуқаролари, яъни меҳнат муҳожирларини қабул қилиш бўйича чораларни кучайтираётганига шулар ҳам сабаб бўлмоқда.

Бироқ қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев чет эллик мардикорларга нисбатан муносабатни кескинлаштириш орқали қозоқ ҳукумати фақат ўзига зиён қилиш мумкинлигини таъкидлайди.

- Бир тийинсиз қолган меҳнат муҳожирлари энг сўнгги чораларни қўллашлари, яъни жиноят йўлига ўтиб, банг моддалари сотиш ёки талон-тарож билан шуғулланишлари мумкин, - дейди сиёсатшунос.

Ўзбекистонлик кузатувчи Абдусалом Эргашев эса қозоқ расмийларининг банг моддалари трафиги ошиб бораётганида қўшни давлат фуқароларини айблашлари бироз ноўрин эканини урғулайди. Унга кўра, Марказий Осиё давлатлари орқали кириб келаётган банг моддалари оқимининг ошишига қозоқ расмийларининг ўзлари ҳам сабабчидир.

- Ўша Қозоғистоннинг чегара ва божхона ходимлари порахўрлиги бор. Мана шу тарафи ҳам одамларни чўчитмайди, уларнинг қўрқувини заифлаштириб боради. “Ўзлари ёрдам қилишаяпти-ку” қабилида иш тутишади, - дейди Абдусалом Эргашев.

Яна бир ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толибов эса Марказий Осиё давлатлари орқали ўтаётган банг миқдори ошишида минтақа давлат органларидаги юқори мансабдорларнинг ҳам “ҳисса”си борлигини айтади.

- Ҳамма мамлакатларда ҳам пок ва нопок инсонлар бўлиб келган, порахўр одамлар, жиноятга бевосита бўлмаса ҳам, билвосита кўмаклашиб турган ва шундан фойда кўрган инсонлар ҳар доим бўлиб келган. Шунинг учун бунинг эҳтимоллигини бутунлай йўқ, деб бўлмайди. Бунинг статистикасини аниқ билмайман, лекин бунинг бизнинг шароитда ҳам мавжудлиги эҳтимолдан холи эмас, - деди ўзбекистонлик сиёсатшунос.

Қайд этиш жоизки, кейинги пайтларда Қозоғистон расмийлари ноқонуний наркотик айланмаси йўлини тўсиш мақсадида чегарадаги назоратни кучайтирмоқдалар. Аммо айрим кузатувчилар қозоқ расмийлари шу баҳона давлат чегараларидаги шунингсиз ҳам қаттиқ тартибни янада кучайтириб, чегарадан ўтаётган одамларни бездириб юбормаслиги керак, деган фикрни илгари сурмоқдалар.

- Битта-иккита ўзбекистонлик шу иш билан шуғуллангани учун чегарадан бошқа ўзбекистонликларнинг ҳам ўтишини қийинлаштириб юбориш менимча бу тўғри эмас, бошқа ўзбекистонликларнинг айби йўқ деган фикрдаман, - деди исми ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик кузатувчилардан бири.
XS
SM
MD
LG