Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:03

Газни энди корейслар қидиради


Ўз тупроғи остида қанча бойлик борлигидан мутлақ бехабар яшайдиган аксар ўзбекистонликлар мустақилликнинг 17- йилига келиб¸ бу табиий бойликдан фойдаланиш ҳаққидан ҳам тобора мосуво бўлмоқда.
Ўз тупроғи остида қанча бойлик борлигидан мутлақ бехабар яшайдиган аксар ўзбекистонликлар мустақилликнинг 17- йилига келиб¸ бу табиий бойликдан фойдаланиш ҳаққидан ҳам тобора мосуво бўлмоқда.

Ўзбекнефтегаз давлат ширкати Жанубий Кореянинг КНОК компанияси билан Фарғона водийсидаги конларни ўзлаштиришга оид шартномани имзолади.

Ўзбекнефтегаз тарқатган хабарга кўра, Жанубий Кореянинг КНОК ширкати билан Фарғона водийсидаги Наманган-Тергачи ва Чуст-Поп майдонларида геология-разведка ишларини амалга оширишга оид келишув 10 ноябр куни имзоланган.

Келишувда Жанубий Корея томони 5 йил давомида бу иккала майдонда нефт ва табиий газ қидириш лойиҳаларига 60 миллион АҚШ долларига тенг сармоя ётқизади.

Ўзбекнефтегаз ширкати бошқарув ҳайъати раиси Улуғбек Назаров ва КНОК Президенти Ёнг-Вонг Канг имзолаган шартнома икки давлат ўртасида ҳозирга қадар табиий заҳираларни ўзлаштириш бўйича эришилган энг йирик келишув бўлди.

Шу пайтгача Жанубий Корея Ўзбекистондаги энергия заҳираларини ишлаб чиқиш консорциумларида иштирок этган бўлса-да¸ янги шартнома Жанубий Корея ширкатига биринчи марта Ўзбекнефтегазнинг асосий пудратчиси бўлиш имконини берди.

Расмий хабарда ўзлаштирилиши кутилаётган майдонларда қанча нефт ва табиий газ борлигига оид тахминлар келтирилмаган.

Хўш, Наманган-Тергачи ва Чуст-Поп майдонларида қанча нефт ва табиий газ бор ва жанубий кореяликлар билан имзоланган шартнома қандай аҳамиятга молик?

Бу савол жавобини Ўзбекнефтегаз мутассадилари негадир ошкор қилишни истамади. Ширкатнинг сармоялар бўлими мутасаддиси Вера Волосевич

бу маълумотларнинг ўзаро сир эканини айтиб, лойиҳалар билан шуғулланаётган Улуғбек Исроилов исмли ходимга мурожаат қилишимизни маслаҳат берди.

КНОК лойиҳалари билан шуғулланаётган Исроилов жавоби эса қисқа бўлди:

- Йўқ¸ бўлмаган гап. Бизда ўзимизнинг тартибларимиз бор. Бизларда матбуот бўйича матбуот маркази бор. Узр ака...

Ўзбекнефтегаз ширкати матбуот хизматидан эса, 10 ноябр куни имзоланган шартнома ҳақида ҳеч нарса билмаймиз, деган жавобни олдик.

Tаҳлилчилар шартномада ўзлаштириши кўзда тутилган майдонларнинг анча катталигини айтмоқда. Ўзбекистонлик иқтисодий шарҳловчи Дмитирий Поваровга кўра, Фарғона водийсидаги ўзлаштирилмаган бу майдонларда нефт ва газнинг улкан заҳиралари бўлиши мумкин.

- Билишимча, бу ерда гап 5 минг квадрат километрга тенг майдон ҳақида боряпти. 10 ноябр куни имзоланган келишувга келсак, Жанубий кореяликлар билан бу каби шартнома биринчи марта имзоланаётган бўлсада, бу стандарт келишувдир.

Ўзбекистон хорижий ширкатлар билан¸ асосан¸ геология-разведка ишларига оид шартонма имзолайди. Келаси йилда геология-разведкага оид лойиҳаларга жами 600 миллион АҚШ долларига яқин хорижий сармоянинг келиши кутилмоқда.

Булар Россия, Хитой ва Жанубий Корея билан амалга ошириладиган лойиҳалардир. Бу лойиҳалар қандай натижа беришига қараб, кейинги келишувлар, яъни газни қазиб олишга доир лойҳалар бўйича келишиб олиниши мумкин.

Тахмин қилинаётган заҳираларга келсак, бу тахминлар шартли ёқилғи ҳажмида белгиланади. Бу майдонларда жаъми 300 миллион тонна шартли ёқилғи миқдорида нефт ва газнинг борлиги айтилади. Бу каттагина заҳирадир. Албатта, бу тахмин ҳали тасдиқланиши керак , - дейди Поваров.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон газ экспорти миқдорини 17 миллиард куб метрдан 25 миллиард куб метрга ошириш ниятини билдирди.

Хусусан¸ президент Ислом Каримов, экспорт ҳажми, хусусан, ўзбек газининг Европа бозорларига етказиб берилиши ҳисобидан оширилишига ишорат қилиб, бу лойиҳаларни жиддий кўриб чиқиш пайти келганини таъкидлаган эди.

Президентнинг бу баёноти ва 10 ноябр куни кореяликлар билан имзоланган янги шартнома, Ўзбекистоннинг ўз табиий заҳираларига янги харидор топиш сари қўйган жиддий қадами бўлиши мумкинми?

Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров, Ўзбекистон янги бозорларни ахтариш масаласига жиддий ёндашаётган бўлсада, яқин келажакда ўзбек газини кимга сотсак экан, деган саволнинг долзарб масалага айланиши амри маҳол дейди.

- Ҳозирча газ фақат Россияга сотилмоқда, бу ҳақда давлат раҳбарининг ўзи ҳам таъкидлади. Ҳозирча, Ўзбекнефтегаз газни қазиб олиш бўйича лойиҳаларни Россия сармоядорлари, хусусан, Лукойл ширкати билан амалга оширмоқда.

Ёки айтайлик Зеромакс ширкати газ қазиб олади, лекин бу ширкатнинг газга оид лойиҳалари ҳам Россиянинг Газпром ширкати ҳомийлигида амалга оширилади.

Ҳозирча, бошқа хорижий ширкатлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар майдонларни ўзлаштиришга оид холос, газнинг ўзи ҳали қазиб олинаётгани йўқ. Шунинг учун газни Корея ёки бошқа давлатга сотиш ҳақида гапириш ҳали эрта.

Бундан ташқари, Ўзбекистондан газ қувурларининг асосий қисми Россияга элтади, бошқа йўналишлар бўйича қувурлар ҳали тортилганича йўқ. Янги газ қувурлари ëтқизиш ҳаракатларининг анча чеклангани сизга маълум, албатта.

Шунингдек, газ ҳажмининг қачон 25 миллиард куб метрга етказилиши ҳозирча белигилаб олингани йўқ ”, дейди ўзбекистонлик иқтисодий шарҳловчи Дмитрий Поваров.

XS
SM
MD
LG