Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:07

Суд давом этади


Ўтган ой бошида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Солижон Абдураҳмонов, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, касбий фаолияти учун қамалган.
Ўтган ой бошида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Солижон Абдураҳмонов, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, касбий фаолияти учун қамалган.

19 ноябр куни Қорақалпоғистон Олий судида мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмоновнинг шикоят аризаси кўриб чиқиладиган бўлди.

Солижон Абдураҳмонов шу йилнинг 10 октябр куни наркотик моддалар сотишга уринганликда айбланиб 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Солижон Абдураҳмоновнинг адвoкати Баҳром Абдураҳмонов Озодлик билан суҳбатда aпелляция тартибидаги суд натижаларидан ҳам умид йўқлигини айтади:

- Бизларнинг аниқ далилларга асосланиб айтаëтган гапимиз - бу нарса Қорақалпоғистон ҳудудида уюштирилганлиги сабабли ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги судлар мана шу айбловни қўллайди.

Озодлик: Демак, апелляциядан ҳам умид йўқ?

- Апелляциядан умид йўқ¸ фақат унда энди айтишимиз мумкин йилини сал камайтириши мумкин. Лекин умуман жавобгарликдан озод қилади, деб умид қилаëтганимиз йўқ.

Озодлик: Кўпи билан неча йилга қисқартириши мумкин?

- Кўпи билан икки йилга қисқартиради, деган фикрдаман, - деди адвoкат Баҳром Абдураҳмонов.

Солижон Абдураҳмоновнинг яна бир адвокати Рустам Тўлагановга кўра, журналистнинг иши Ўзбекистон Олий судига ўтган пайтдагина ижобий натижалар бўлиши мумкин. Олдинги маҳкама жараёнида аниқланмаган ҳолатлар кўп бўлганлиги, лекин бу ҳолатлар Қорақалпоғистон ҳудудида ўтказиладиган судларда яна ноаниқлигича қолишини айтади Рустам Тўлаганов.

- Аввало унинг машинасидан топилган наркотик модда унга тегишли эканлигини исботлаб берилмади. Агар Солижон ака ушлаган бўлганида унинг изи чиқиши керак эди. Аниқлаганда ҳам фақатгина милиция ходимларининг қўли чиқиши мумкин эди. Шунинг учун улар ўзларининг солганини била туриб буни қилмаган. Ҳамма гап шунда. Бу Солижон ака нисбатан уюштирилган нарса, деб ўйлайман, - деди Рустам Тўлаганов.

Солижон Абдураҳмонов Озодлик ва Америка овози радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, Uznews.net мустақил интернет хизмати сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Солижон Абдураҳмоновнинг қамалишига айнан унинг касбий фаолияти сабаб бўлганлигини таъкидлайди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуров.

- Буларнинг ҳаммаси Солижон аканинг Озодлик¸ Америка овози радиоларида журналист сифатида¸ ундан кейин инсон ҳуқуқи фаоли сифатида олиб бораëтган фаолияти кимларгадир ëқмаëтгани билан боғлиқ.. Бу шунинг натижасида келиб чиққан қандайдир провакация, - деди Комилжон Ашуров.

Қатор халқаро ташкилотлар ҳам Солижон Абдураҳмоновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани борасида хавотир билдириб, унинг қамалишини касбий фаолияти билан боғлаган.

Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов устидан чиқарилган кескин ҳукмни қайта кўриб чиқиш ва уни озод қилишга чақирди.

Европа Иттифоқи Солижон Абдураҳмоновнинг яқин фурсатда озод этилишига умид билдирган бўлса, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини Солижон Абдураҳмонов билан бирга қамоқда қолаётган барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини дарҳол озод қилишга чақирди.

Солижон Абдураҳмонов жорий йилнинг 7 июн куни ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинган пайтда¸ расмий иддаога кўра¸ унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган. Дастлаб у гиёҳвандликда айбланди. Абдураҳмоновнинг банг моддаси истеъмол қилиши ўз тасдиғини топмаганидан кейин бу айб банг моддаси сотишга ҳаракат қилганлик деган аввалгисидан-да жиддийроқ айбловга алмашди.

10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Солижон Абдураҳмонов 10 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум этилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ, наркотик топилган машинани давлат фойдасига мусодара қилиш белгиланди.

Асли касби ўқитувчилик бўлган Солижон Абдураҳмонов йигирма йилга яқин вақт мобайнида ўрта умумтаълим мактабларида мураббийлик қилган.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан бошлаб журналистика билан шуғулланган. Сўнгги йилларда эса у инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам фаолият кўрсатиб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG