Линклар

Тожикистон ҳам ядровий иддаодан воз кечди

  • Гулнора Равшан

Марказий Осиëнинг беш давлати юқори даражали дипломатлари минтақани ядро қуролларидан холи зонага айлантиришга оид ҳужжатга 2006 йилнинг 8 сенябр куни Семипалатинск шаҳрида қўл қўйган эдилар.

Марказий Осиëнинг беш давлати юқори даражали дипломатлари минтақани ядро қуролларидан холи зонага айлантиришга оид ҳужжатга 2006 йилнинг 8 сенябр куни Семипалатинск шаҳрида қўл қўйган эдилар.

Ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш шартномасини тасдиқлаган Тожикистон ташқи хатар туғилгудек бўлса, Россия ва Хитой қаноти остида ҳимоят топишига умид қилмоқда.

БМТ томонидан маъқулланган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш шартномаси минтақа давлатлари парламентлари томонидан кетма-кет маъқулланмоқда.

13 ноябр куни Тожикистон парламентининг қуйи палатаси айнан шу ҳужжатни имзолаш орқали ядро қуролига эга бўлмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этишга доир ҳужжат Ўзбекистонда ўтган йил президент Ислом Каримов томонидан имзоланган эди.

Ўзбек ҳамкасбидан ўрнак олган президент Имомали Раҳмон ҳам Тожикистоннинг уран заҳираларига бой давлат саналишига қарамай, ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигига қарор қилди ва бу ҳужжат парламент қуйи палатасида тасдиқланди.

Айни пайтда мазкур ҳужжат маъқулланиши юзасидан тожик депутатлари ўз мулоҳазаларини билдирмоқдалар.

- Дунёдаги уран заҳираларининг 14 фоизи Тожикистонда. Президентимиз шу йил апрел ойида ўзининг йиллик ҳисоботида бу ҳақида маълум қилиб, уран заҳираларни аниқлаш ва қайта ишлаш учун хорижий сармоядорларни жалб қилишни таклиф қилган эди. Агар бу ишни алюминий заҳираларини аниқлаш каби хорижий ширкатларга эркин қўйиб берсак, айрим сиёсий доиралар ўз манфаатлари йўлида ундан суистеъмол қилиши аниқ.

Шуни ҳам айтиш керакки, урандан нафақат оммавий қирғин қуроллари, балки заҳарли ядровий иншоот ҳам қуриб, бутун бир шаҳарни заҳарлаш мумкин. Шуни назарга олган ҳолда, биз бу шартномага қўшиламиз ва уни маъқулладик, - деди қуйи палата депутати Шодди Шабдолов ўз ҳамкасбларининг бу шартномани маъқуллашидан мақсадини изоҳлар экан.

Бугунги кунда Марказий Осиёнинг барча давлатлари минтақада ядро қуролидан холи ҳудуд шартномасига қўшилган. Бу эса Марказий Осиё минтақасига чегарадош Эрон ядровий дастурлари атрофидаги халқаро зиддият кескинлашган бир пайтда содир бўлди.

Шу муносабат билан бир гуруҳ таҳлилчилар Тожикистоннинг бундай қадами унинг халқаро нуфузини кўтаришини таъкидламоқдалар.

- Бу жуда яхши. Бу ҳужжат Тожикистон халқаро нуфузини оширади. Ўз навбатида, ҳужжат имзоланиши дунёдаги бир қатор йирик давлатларнинг Тожикистон билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишига имконият яратади, - деди сиёсий таҳлилчи Мамадазимов.

“Тожикистоннинг ядро қуролига мутлақо эга бўлмаслик мажбуриятини олиши унинг халқаро нуфузини ошириш баробарида мамлакат хавфсизлиги учун таҳдидларга ҳам асос бўлиши мумкинми?” - деб сўрадик сиёсий таҳлилчидан.

- Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Чунки Коллектив Хавфсизлик Шартнома Ташкилоти ва Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо Тожикистон бу ўринда ташкилот лидер давлатлари Россия ва Хитойни таянч қилиб олиши мумкин. Шуни ҳам айтиш мумкинки, Тожикистонда Россия ҳарбий базасининг мавжудлиги мамлакатимизга ҳар қандай ҳаво ҳужуми хатаридан сақланиш имконини беради, - дея жавоб берди Мамадазимов.

Бироқ қирғизистонлик сиёсий шарҳловчи Тўқтоғул Қақчекеев бу фикрларни қувватламайди. Қақчекеевга кўра, ядро қуролига эга йирик давлатлар Марказий Осиё давлатларининг ядро қуролидан холи минтақа мақомини тўлалигича эътироф этишлари шарт.

- Биз Марказий Осиё давлатлари ўзимизни ядро қуролидан холи ҳудуд, деб бир томонлама эълон қиламиз. Аммо хавфсизлигимиз учун кафолат йўқ. Шунинг учун минтақа давлатлари ядро қуролига эга давлатлардан Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи минтақа мақомини эътироф этишларини талаб қилиши керак. Яъни улар ўзларида мавжуд қуролни минтақа давлатларига қарши ҳеч қачон ишлатмасликларини кафолатлашлари керак. Ҳозирча бундай баённома имзоланмаган.

Айни пайтда, НАТО кучлари Ўзбекистонда ва Америка ҳарбий ҳаво кучлари эса Бишкекдаги Манас аэропортида ҳозир бўлиб турибди. Эрон ва бошқа шу каби айрим давлатларнинг уларга таҳдидларини назарга олган ҳолда, албатта Марказий Осиё давлатларининг ядро қуролидан холи ҳудуд борасида имзолаган шартномаси хавфсизлигимиз таъминланишини савол остига қўяди, -деди қирғизистонлик таҳлилчи Тўқтоғул Қақчекеев.

Бошқа таҳлилчилар эса¸ ядро қуролига эга давлатлар томонидан бундай ҳужжатнинг имзоланиш жараёни узоқ вақтга чўзилиши табиийлигини таъкидлашмоқда.

XS
SM
MD
LG