Линклар

Гуантанамода қозоқ қолмади


Дўлқин Каримбақиевнинг болалик суратларидан бири.

Дўлқин Каримбақиевнинг болалик суратларидан бири.

2001 йил 11 сентябр кунги террор хуружига алоқадорликда айбланиб, Гуантанамо қамоқхонасида 7 йил сақланган сўнгги қозоғистонлик ҳам юртига қайтиб келди.

Маълум бўлишича, қозоғистонлик тўрт йигит диний таълим олиш мақсадида 2001 йил бошида Покистоннинг Исломобод шаҳрига келади. Мадрасанинг биринчи курсини битирган йигитлар уч ойлик амалиётни ўташ учун Афғонистонга юбориладилар.

Қозоғистонлик йигитлар Кобулдаги маҳаллий имомларнинг бири қўлида ёрдамчи бўлиб ишлаётган кезлари¸ аниқроғи 2001 йилнинг 7 октябр куни Америка ва Британия қўшинлари Афғонистонга зарба беради. Асосий зарба Кобулга йўналтирилгани боис қозоғистонлик йигитлар хизмат қилган мадраса буткул вайрон этилади.

Кобулликлар билан бирга шаҳарни тарк этган қозоғистонлик йигитлар Суҳрат Арупов, Илҳонжон Бўтаев, Дўлқун Каримбақиев ва Айту Абиқановлар Афғонистоннинг Покистон билан чегараси томон йўл оладилар. Бироқ улар икки давлат чегарасига етиб бормасларидан пуштунлар томонидан асирга олинадилар.

Уларнинг қозоғистонликлар экани ва Афғонистонга диний таълим сабаб келиб қолганларини эшитган пуштунлар, йигитларни қўйиб юборишни ваъда қиладилар, бироқ ярим йилдан кейин йигитларнинг ҳар бирини 5 минг доллардан Америка ҳарбийларига сотиб юборадилар.

2006 йил декабрида Гуантанамо қамоқхонасида сақланган қозоғистонлик йигитларнинг учтаси озодликка чиқарилади. Ўша пайтда Американинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Жон Ордвей маҳаллий матбуот вакилларига берган интервьюсида Гуантанамо қамоқхонасидан озод қилинмаган яна бир қозоғистонлик йигит ҳали ҳам Америка миллий хавфсизлиги учун таҳдид туғдираётгани сабаб озодликка чиқарилмаганини айтган эди.

Бироқ америкаликлар Гуантанамо қамоқхонасида сақланиб келган тўртинчи маҳбус - Дўлқин Каримбақиевга шу чоққача бирор айблов қўёлмагач, уни озодликка чақардилар. Жорий йил 3 октябр куни АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли бўлган учқич Гуантанамодаги сўнгги қозоғистонлик маҳбусни Остонага келтирди.

Олмаота вилоятининг Қизилшариқ қишлоғида туғилиб ўсган 25 яшар Дўлқун Каримбақиев 17 ёшида диний таълим олиш мақсадида Қозоғистонни тарк этиб, шундан сўнг саккиз йил вақт ўтгач, ватанига соғлиғи ёмонлашган ва кексайиб кетган чол кўринишида қайтиб келди.

Қозоғистонлик йигит ватанига қайтгач, Озодлик мухбири унинг уйига ташриф буюрди. Бироқ йигит бегона одамни кўргач, тиз чўккалаб, Қуръон сураларини тиловат қила бошлади, сўнг югуриб хонадан чиқиб кетди.

- Секин-аста кўникаяпти. Ҳозир сизларнинг бирортангиз билан гаплашишга рози бўлади, деб ўйламайман, - деди Дўлқиннинг опаси Элмира Каримбақиева укасининг ҳолатини изоҳларкан.

Унинг айтишича, Дўлқин Каримбақиев Гуантанамо қамоқхонасида узоқ вақт ҳибсхонада ёлғиз сақланган, ҳаттоки сайр пайтида қамоқхона нозирлари унга бошқа маҳбуслар билан мулоқот қилишга рухсат бермаганлар.

Элмира Каримбақиевага кўра, унинг укаси қамоқхонадаги қийноқлар борасида лом-мим демаган, фақат ўзи сақланган камерада куну-тун чироқ ёқиқ тургани ва бу Дўлқиннинг кўриш қобилияти ва руҳий аҳволига салбий таъсир ўтказганини айтган.

Собиқ маҳбуснинг яқинлари Дўлқиннинг бирор айбсиз, узоқ йил қамоқда сақлангани борасида бирор расмийга, ҳаттоки Америка ҳукуматига ҳам арз қилиш ниятида эмасликларини билдирдилар.

- Худога шукр бола келди, у соғ-омон. Янги ҳаёт бошламоқчи. Биз бўлиб ўтган ишда ҳеч кимни айбламаймиз. Ким унга ёмонлик қилган бўлса, уларни Худо солдик, - деди Дўлқин Каримбақиевнинг онаси Нурхон опа.

Узоқ йил Гуантанамо қамоқхонасида сақлаган Дўлқун Каримбақиевнинг яқинлари йигит билан бўлиб ўтган воқеаларни қайта ёдга олмасликни исташларини айтадилар.

- Энг асосийси у ватанида ўз ҳужжатларини қайта тиклаб, иш топиб, ҳаётини йўлга қўйиб олишидир, - деди собиқ маҳбуснинг опаси.

Қозоғистонлик йигитларнинг қўшни давлатлар, хусусан, Покистон ва Афғонистонга диний таълим олиш мақсадида кетиб, сўнг улардан баъзиларининг турли террорчи ва экстремистик ташкилотларга қўшилиб кетаётгани қозоқ жамоатчилиги ичида турли хавотирларга сабаб бўлиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG