Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:27

Ўзбекнинг маънавияти камроқ...ми?


Ўзбекистонда совет даврида кенг тарқалган "мажбурий обуна" амалиёти шу кунда ҳам тўхтаган эмас.
Ўзбекистонда совет даврида кенг тарқалган "мажбурий обуна" амалиёти шу кунда ҳам тўхтаган эмас.

Ўзбекистонда 2009 йил учун обуна мавсуми қизғин паллага кирди. Бу йил ҳам обуна жараëни мажбурий тарзда олиб борилмоқда.

Давлатга қарашли ҳар бир ташкилотнинг нашрига ишчи-хизматчи ва пенсионерлар мажбурий тарзда обуна қилинаётгани ҳақида хабарлар бор.

Сирдарёлик ўқитувчи Исроил Ризаев ўз ҳамкасбларидан қайси газетага обуна бўлишни исташлари ҳақида ҳатто сўраб ҳам қўймаётганларини айтади:

- Биздан сўраб ҳам ўтирмасдан, график очиб, киши бошига нечта газета ўтмай қолган бўлса¸ суммасини ойликдан бўлиб ушлаб қолишаверади. Биздан кейинги йилларда сўраб ҳам ўтирмаяпти, - дейди Исроил Ризаев.

Мажбурий обуна мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида йўлга қўйилганлиги кузатилади. Бухоролик Бобомурод Раззоқов ўзи яшаётган вилоятда ҳам аҳвол шундай эканини эътироф этади:

- Обуна масаласи эски тартибда кетаяпти. Ҳамма жойда бир хил. Ҳокимият томонидан мактабларда¸ ташкилотларда нафақахўрларга ҳам, фермерларга ҳам топшириқ берилади. Шу топшириқ асосида мажбурий обуна қилинади, - деди Бобомурод Раззоқов.

Андижонда ҳам обуна мавсуми қизғин олиб борилмоқда. Андижон вилоятида иккита вилоят, ўн тўртта туман, иккита шаҳар, ўнта ташкилот газетаси ва ўнта хусусий газета нашр қилинади.

Андижон вилоят ҳокимлиги нашри бўлган “Андижоннома” газетаси 8500 нусхада, “Андижанская правда” газетаси эса 2500 нусхада чоп этилади. Айни газеталар ходимлари обуна муаммосини қандай ҳал қилаётганларини билиш мақсадида газета таҳририятига сим қоқдик. Газета ходими билан ўртамизда қуйидагича суҳбат бўлиб ўтди:

- Мен радиодан телефон қилаëтган эдим. Исмим Меҳрибон. Обуна масаласини ўрганаëтган эдим.

- “Андижоннома”га бир йилга 36000 сўм. “Андижанская правда” газетасига эса 21600 сўм. Почта орқали етказиш ҳам шунинг ичида.

- “Андижоннома” фақат обуна ҳисобига тарқатиладими?

- Ҳа. Сотувга ҳам чиқарилади.

- Сотувга қанча чиқарилади?

- Озгина холос. 150 тага яқин.

- Демак, асосан обуна орқали?

- Ҳа.

- Обунани қанақа қилиб йўлга қўяяпсизлар?

- Обуна қилдириш ҳокимликнинг бўйнида. Ҳокимлик ўз бўйнига олган. Ҳаммаси бўлиб чиқилган. Хоҳлаганлар бўлаверади¸ хоҳламаганларни ҳокимият мажбур қилади-да энди. Ҳозирги шароитни ўзингиз биласиз-ку.

- Масалан, кимларни мажбур қилиш мумкин?

- Ташкилотларни қилади-да. Оддий халқни мажбурлай олмайсиз-ку. Ким 36 мингга ëзилади? “36 мингга бир нарса олиб еганим яхши ëки кийганим яхши”, дейди ўзбеклар. Ўзбекнинг маънавияти камроқ-ку.

- Бу фақат маънавият билан боғлиқми?

- Албатта. Сиз қайси радиодансиз?

- Мен Озодлик радиосиданман.

- Сизга тилимизни тишлаб гапиришимиз керак эди. Айтвордим сизга.

“Андижоннома” газетаси ходими ўз гапинини “ўзбек газетага емоқ-ичмоғини ўйлаб туриб ёзилади” деган жумла билан тугатди.

Маҳаллий ҳокимликлардан ташқари даврий нашрларга обуна масаласи учун асосий масъулият почта ходимлари зиммасига юклатилган. Наманган вилояти почта ходимлари обуна кўрсаткичининг юқорилиги бўйича мамлакатда иккинчи ўринда турадилар. “Наманган почтаси” ташкилоти ходимасига кўра, вилоятда обуна мавсуми яхши йўлга қўйилган.

- Ташкилотлар билан боғланиб турамиз биз. Биздан, масалан, обунада сўрашади суммасини. Биттага обуна бўлмоқчи бўлса¸ биз тўртта-бештага обуна қилдиришга ҳаракат қиламиз. Обуна жуда ҳам яхши кетаяпти, - деди почта ходимаси.

“Наманган почтаси” вакиласи маълумотига кўра, “Халқ сўзи” газетасининг йиллик обуна баҳоси 89 292 сўм, “Правда востока” газетасининг йиллик обуна нархи 65 724 сўмни ташкил қилади. Бу нарх оддий ўзбек чўнтагига тўғри келмаслиги маълум. Лекин газеталарда оддий халқни қизиқтирадиган мавзулар берилса¸ одамлар ўз ихтиёрлари билан ҳам газеталарга обуна бўлишлари мумкинлигини айтади Бобомурод Раззоқов.

- Бунақа қилинмаса¸ ўзбек матбуоти тўхтаб қолиши табиий. Чунки матбуот фикрлар хилма-хиллигини ëритган тақдирда, фуқароларнинг мақсадлари, фикрлари матбуот орқали ëритилганда¸ халқнинг табига ўтирадиган¸ уни қизиқтирадиган материал берилгандагина газеталар қўлма-қўл бўлиб кетади. Бизда цензура кучлими ëки журналистларимиз қўрқоқми – билмадим. Менимча, ҳар иккаласи ҳам бўлса керак¸ ҳукумат газеталар банкротга учрамасин, деб мажбурий ҳолатга ўтказиб олган, - дейди Бобомурод Раззоқов.
XS
SM
MD
LG