Линклар

logo-print

Ўзбек пахтаси ва болалар

  • Ҳасанжон

"Биздан бошқа ким ҳам кўтарар - Ўзбекистон хирмонларини.. "

"Биздан бошқа ким ҳам кўтарар - Ўзбекистон хирмонларини.. "

Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форумининг янги ҳисоботида Ўзбекистонда бу йилги пахта теримида яна болалар меҳнатидан фойдаланилгани танқид этилди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши бир неча йилдан бери кампания олиб бормоқда. Бунинг натижаси ўлароқ дунёнинг йирик улгуржи савдо дўконлари Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилди.

Дунё бўйича меҳнаткашларга адолатли ва инсоний муносабатда бўлишни ўзига мақсад қилган Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми 11 ноябр куни эълон қилган охирги ҳисобот Ўзбекистонга бағишланган. Бу ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ҳақидаги иккита келишуви, яъни, 182 ва 138-конвенцияларни имзолаган. Шунга қарамай, Ўзбекистонда пахта етиштиришда ҳозирга қадар болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда.

Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ҳақида сентябрь ойи ўртасида қарор қабул қилганига қарамай, бу йилги пахта мавсумида Ўзбекистоннинг 12та вилоятидан тўққизтасида болалар меҳнатидан фойдаланилгани қайд этилган.

Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми ҳисоботига кўра, барча вилоятларда ўтказилган сўров натижалари бу йилги пахта теримига жалб этилган “ҳашарчилар”га яратилган шароитлар аввалги йилларга қараганда ёмонроқ бўлганини кўрсатган.

“Етти ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар меҳнатидан фойдаланиш, ғайриоддий ҳолат эмас. Бу Совет давридан қолган анъана” – дейилади Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми чиқарган ҳисоботда.

Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган “Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Жулиетт Уильямс ҳам Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш учун бир неча йилдан бери халқаро миқёсда кампания олиб бормоқда.

Мазкур ташкилот ташаббуси билан дунёнинг йирик улгуржи савдо дўконлари Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган.

Жулиет Уильямсга кўра, Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш борасида чоралар кўрилаётганини айтаётганига қарамай, амалда вазият ўзгаришсиз қолмоқда.

- Ҳукумат болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш учун чоралар кўрилаётганини айтиб¸ жуда яхши баёнотлар берди. Аммо биз болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича амалда қандайдир ишлар қилинганини кўрмадик, – дейди халқаро ташкилот раҳбари.

Ўзбекистон бош вазири болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ҳақида 12 сентябр куни тегишли қарор қабул қилган аммо бу қарорга қасдма-қасд болаларни мажбуран ялпи тарзда пахтазорга ҳайдаш амалиëти яна давом этди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, маҳаллий расмийлар бош вазир фармонига қисқа муддат риоя қилган холос. Кейинроқ ўқувчи ва талабалар¸ яна Тошкентнинг буйруғи билан¸ яна пахта теришга олиб чиқилган.

- Бир-икки ҳафта бу фармонга амал қилинди. Лекин совуқ кунларга ва ëмғирга қолиб кетмайлик деб фермерлар ва ҳукумат вакиллари саросимага тушиб қолишди. Ким қандай чора топишни ўйлаб туриб¸ мактаб ўқувчиларидан “Биз ҳам ота-онамизга, ватанимизга ëрдам берамиз” қабилида ўзлари ариза ëзиб, уларнинг ўзларига қўл қўйдириб, “Уларнинг ўзлари хоҳлашаяпти пахта теришни” деган важни кўрсатиб уларни пахтага олиб чиқишган, – дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг Фарғона вилоятидаги вакили Баҳодир Элибоев.

“Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Жулиет Уильямс фикрича, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш учун пахтачилик соҳасини либераллаштириш ва механизациялаш лозим. Акс ҳолда бу муаммо келгуси йилларда ҳам давом этади.

- Менимча, Ўзбекистон ҳукумати келаси йилда пахта секторини либераллаштириб, етиштирилган пахтани териб олишда деҳқон ва фермерларни манфаатдор қилмагунча, қолаверса пахта теришни механизациялаштириш учун сармоя ётқизмагунча, келаси йилда ҳам пахта теримига катталар ва болаларни жалб этиш давом этади, – дейди “Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Ж. Уильямс.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам пахта етиштириш ва ҳосилни йиғиб олиш механизациялаштирилмагани учун пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда деган фикрга қўшилишини айтди.

- Давлат нимагадир фермерларга шароит яратаяпмиз дейдию, шароитнинг асоси бўлмиш техника билан таминламайди. Фермерларнинг ўзларида техника сотиб олиш имконияти йўқ¸ чунки уларнинг ерлари кам. Ер оз бўлганлиги учун уларга трактор олишга кредит ажратишмайди. Ижарага олишда эса улар қандайдир фойда кўриши керак.

Энг арзон йўл мактаб ўқувчиларини, талабалар ëки коллеж ўқувчиларини олиб чиқиб, уларнинг қўл меҳнатидан фойдаланиш. Улар мана шу вариантни танлашади. Бу эски тузумдан қолган, ўзини оқлаб келаëтган вариант бўлгани учун булар бошқа вариантга тўхталишмади, – дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг Фарғона вилоятидаги вакили Баҳодир Элибоев.
XS
SM
MD
LG