Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:37

МДҲ молиявий бўҳрон қаршисида


МДҲ олий даражали учрашувларининг самарасиз тугаши оддий ҳол бўлиб қолган бугунги шароитда¸ бош вазирлар учрашувидан ҳеч ким натижа кутаëтгани ҳам йўқ.
МДҲ олий даражали учрашувларининг самарасиз тугаши оддий ҳол бўлиб қолган бугунги шароитда¸ бош вазирлар учрашувидан ҳеч ким натижа кутаëтгани ҳам йўқ.

МДҲ бош вазирлари 14 ноябр куни Кишинёвда глобал молиявий инқироз шароитида навбатдаги учрашувга йиғиладилар.

Чоршанба куни журналистлар билан учрашган Молдова бош вазири Зинаида Гречанная Ҳамдўстлик давлатлари юқори мартабали расмийларининг ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама этишларини билдирди.

МДҲ га аъзо давлатлар ҳозирда 2020 йилгача амал қиладиган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш стратегиясини ишлаб чиқмоқда.

“Бироқ жорий халқаро молиявий бўҳрон манзарасида бу давлатлар 2020 йил у ёқда турсин, ўзларининг эртанги кунини аниқ тасаввур қилолмайди¸” – дейди Москвадаги иқтисодий стратегиялар институти директори Александр Агеев.

- Ҳозир барчамиз жуда оғир вазифа олдида турибмиз-ки, бу вазифани адо этиш учун кўплаб тушунарсиз, ноаниқ ва бетартиб омиллар халақит бермоқда. Муҳими¸ бу муаммони муҳокама этиш учун барча омилларни инобатга олиш керак, таҳдид кўрганда туяқушга ўхшаб бошни қумга тиқиш эмас¸”- дейди Александр Агеев.

Халқаро молиявий бўҳроннинг Марказий Осиё давлатлари учун келтириб чиқарадиган оқибатлари кўптомонлама бўлсада¸ таҳлилчилар хориждаги меҳнат мухожирларининг ўз оилаларига камроқ пул жўнатаётгани¸ бу минтақа учун жиддий муаммо туғдиришидан баҳс этмоқдалар.

Бу жараëн эса¸ биринчи галда меҳнат мухожирлари жўнатаётган маблағ ялпи ички маҳсулотнинг салмоқли қисмини ташкил этувчи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон иқтисодига тааллуқлидир. Александр Агеев халқаро молиявий бўҳрон сабабли меҳнат мухожирлари орасида ишсизлик кучайганини қайд этади.

- Бу муаммо МДҲ нинг барча давлатларига хосдир. Россияда ҳам ҳозир ишсизлик кескин кучайиб кетди. Кўпгина завод-фабриклар ёпилди, компаниялар ишчилари сонини қисқартиряпти. Ҳозир иш жойлари учун меҳнат мухожирлари ва Россия фуқаролари талашмоқда¸”- дейди москвалик иқтисодчи.

Халқаро молиявий бўҳрон оқибатлари борасида Қирғизистон ҳукумати бонг ура бошлагани тасодиф эмас. Расмий рақамларга кўра, Қирғизистон меҳнат муҳожирлари жўнатаётган маблағ мамлакат иқтисодиётининг 15 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон борасида бундай расмий маълумотлар эълон қилинмаган бўлса ҳам, БМТ ҳисоб китобларига кўра миллионлаб ўзбек меҳнат мухожирлари томонидан жўнатилаётган пуллар Ўзбекистон иқтисодиётининг 20 фоизини ташкил этаётган бўлиши мумкин.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ўзбек мигрантлари Ўзбекистонга жами 2 миллиард доллар маблағ юборган. Жаҳон молиявий бўҳрони шароитида бу кўрсаткичлар жиддий камайиши ва мамлакатда қашшоқликнинг чуқурлашиб кетишига сабаб бўлиши башорат қилинмоқда.

Ўзбекистон сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси Сураё Одилхўжаева молиявий бўҳрон масаласини МДҲ доирасида ҳам ечишга ҳаракат қилиш лозим¸ деган иэончда.

- Албатта¸ жаҳон молиявий инқирози ҳаммани хавотирга соляпти. Бу борада ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу муаммони ечиш учун МДҲ ва бошқа барча механизмларни ишга солиш керак¸- дейди Сураё Одилхўжаева.

Москвадаги иқтисодий стратегиялар институти директори Александр Агеев МДҲ давлатлари раҳбарлари молиявий бўҳрон шароитида биргаликда қандай чоралар кўриш мумкинлигини билмаслигини тахмин қилади.

- Ҳозир барча постсовет давлатлари раҳбарлари олдида капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши учун ягона минтақавий бирлашмани яратиш афзалми, ёки муаммоларни мустақил ҳал этиш деган саволлар очиқ қолмоқда. Кимдир Халқаро валюта жамғармасига таянмоқда, яна кимдир Хитойга мурожаат этишни таклиф қилмоқда. Бир сўз билан айтганда¸ ҳозирги оғир шароитда раҳбарларнинг боши айланиб қолган¸ - дейди Александр Агеев.

Москвалик тахлилчи, ҳозирда ҳар бир давлат ва айниқса Россия ва Қозоғистон барча ресурсларни ички талабни кучайтиришга ташлаши керак.

Кишинёвдаги МДҲ саммити давомида глобал молиявий бўҳрон шароитидаги ҳамкорлик масалалари тилга олинса ажаб эмас. Бироқ бугунги вазияда бундай учрашувларга ҳеч ким жиддий умид боғлаётгани йўқ.

Мазкур анжуманда Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг иштирок этиши белгиланган.

XS
SM
MD
LG