Линклар

Тутқунликдаги ëзувчилар тақдиридан хавотир

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон эрки ва мустақиллигини орзу этиб китоблар ëзган Мамадали Маҳмудов¸ мустақил Ўзбекистон қамоқхоналарига биринчилардан бўлиб ташланган ва тутқунликда энг узоқ қолаëтган ижодкордир.

Ўзбекистон эрки ва мустақиллигини орзу этиб китоблар ëзган Мамадали Маҳмудов¸ мустақил Ўзбекистон қамоқхоналарига биринчилардан бўлиб ташланган ва тутқунликда энг узоқ қолаëтган ижодкордир.

PEN Халқаро ёзувчилар уюшмаси Ўзбекистон президентига очиқ хат йўллаб, ундан қамоқдаги ёзувчиларни озод этишни сўради.

Ташкилотнинг Англиядаги маркази томонидан йўлланган мактубда сўз эркинлиги тамойилларига зид тарзда қамоққа ташланган бир қатор ўзбек ёзувчилари тақдиридан чуқур хавотир изҳор этилган.

Булар, таниқли ўзбек адиби Мамадали Маҳмудов, "Эрк" газетасининг собиқ бош муҳаррири Муҳаммад Бекжон, бухоролик диссидент шоир Юсуф Жума, журналистлар Жамшид Каримов ҳамда Солижон Абдураҳмоновлардир.

- Бу инсонлар тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз керак. Уларни озодликка чиқаришга эришилмагунича, Ўзбекистон ҳукуматига, президент Ислом Каримовга босимни давом эттираверишимиз керак, - дейди PENнинг Англиядаги бўлими вакили Кэт Лукас, Озодлик билан суҳбатда.

"Ёзувчи Мамадали Маҳмудов 10 йилдан буён қамоқда сақланмоқда. 1999 йилда қамалган Муҳаммад Бекжон қамоқда сил касалини юқтирган ва у зудлик билан тиббий ёрдамга муҳтож. Бухоролик диссидент шоир Юсуф Жуманинг Жаслиқ қамоқхонасида қийноққа солинаëтгани¸ айниқса¸ ташвишланарлидир," - дейилади президент Каримовга йўлланган очиқ мактубда.

PEN Халқаро ёзувчилар уюшмасига кўра, Солижон Абдураҳмоновга қўйилган гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ айб сохта, бу қамоқ аслида унинг журналистик фаолияти учун жазодир.

"Жамшид Каримов ҳали ҳамон руҳий хасталар шифохонасида. Унинг шу йил вафот этган онаси бошида тура олмагани ачинарлидир¸" - деган гапларни ўқиш мумкин мактуб давомида.

Очиқ хат муаллифлари бу мактубга президент Каримовдан жавоб бўлишига умид қилаётганлари йўқ. Улар халқаро жамоатчилик эътиборини тутқунликда қолаётган ўзбек ёзувчилари тақдирига қаратиш мақсадида бу ишга қўл урганликларини айтишади.

- Биз бундай хатларни Ислом Каримовга кўп марта йўллаганмиз, лекин шу пайтгача биронта жавоб олганимиз йўқ, - дейди Кэт Лукас.

PEN Халқаро ёзувчилар уюшмаси Ўзбекистон президентига очиқ хат йўллаган айни куни, Лондонда тутқунликдаги ўзбек шоир ва адибларининг асарларини ўз ичига олган "Озодлик оҳанглари" СД китоби ўзбек, инглиз ва рус тилларида жамоатчиликка тақдим этилди.



XS
SM
MD
LG