Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:08

Ўн саккизга кирмаган ким бор?


Кекса ҳофиз умрининг адоғига қадар қўлдан торини қўймади.
Кекса ҳофиз умрининг адоғига қадар қўлдан торини қўймади.

Инсон умри поëнли, қўшиқ умри поëнсиз. Қўшиқ қандай яралади? Қай синоат боис қўшиқ эл оғзига тушади? Нега биз эски оҳанглардан айрилгимиз келмайди, нега уларни доимо ичимизда хиргойи қиламиз? Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” деб номланган саҳифасида ана шулар ҳақида гаплашамиз.

Саҳифамизга марҳум ҳофиз Фахриддин Умаров ижросидаги бир қўшиқ мавзу бўлди.

О, муҳаббат,
Боғингдан гул термаган ким бор,
Ўн саккизга кирмаган ким бор.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида урф бўлган бу қўшиқ ҳақида марҳум ҳофизнинг ўзи мана буларни айтган эди.

- Саҳна деган жойни биласизми? У кичкина хонадай жой эмас. Бу халқ билан юзма-юз бўлинадиган жой. Мухлислар мендан фақатгина Навоий, Бобур ëки Машрабни эмас, мана шу ҳозирги етук шоирларимизнинг шеърларини ҳам талаб қилишади. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Пўлат Мўмин, Жуманиëз Жабборов, Тўра Сулаймон. Мана шуларнинг ғазаллари ҳам халқимизнинг кўнглидан жой олган. Мана қаранг “Эй муҳаббат”, “Ўн саккизга кирмаган ким бор” ëки “Хаëл”ни қайси классикдан кам деб биласиз?

Фахриддин Умаров ижросидаги “Ўн саккизга кирмаган ким бор” ғазали китобдагидан фарқ қилади. Куйга тушиши учун муаллиф матнни Фахриддин Умаровга бироз ўзгартириб берган. Фарқ эса мана бундай:

Эркин Воҳидов китобида:

Тушдим чоғи мен ҳам домингга,
Эзгу ҳислар бахш этдинг менга,
Ҳаëтимда зар лавҳа бўлдинг,
Илк шеъримда сарлавҳа бўлдинг,
Хаëлларим улфатдир сенга.

Фахриддин Умаров ижросида:

Тушган чоғим мен ҳам домингга,
Ажиб дунë бахш этдинг менга
Ҳаëтимга зар лавҳа бўлдинг,
Илк шеъримда сарлавҳа бўлдинг,
Хаëлларим улфатдир сенга.

Бу фарқни Фахриддин Умаровнинг шогирди Ҳожиакбар Ҳамидов шундай хотирлайди.

- Мана Эркин аканинг “18га кирмаган ким бор” деган шеърлари бор. Бу шеър бу, ғазал эмас. Ана шунинг айрим жойларига ўзгартириш киритилган.

Тушган чоғим мен ҳам домингга,
Ажиб дунë бахш этдинг менга.

Шу жойда ажиб дунë. Бу севгининг ажиб дунëсининг, одам илк бора севгига дуч келганда бутунлай бошқача бир дунëга кириб қолганлиги таърифлаб, шу сўзга ўзгартирганлар. Китобда бошқача. Эркин ака буни ўзларида ҳам эшитиб кўрганларидан кейин “Яхши. Менга маъқул бўлди, тўғри ўзгартирибсиз” деб айтган. Мен шунга ўхшаган ҳолатларга кўп гувоҳ бўлганман. Бир томондан маъносига, иккинчи томондан ички техникаларига ҳеч қандай зарар етмайдиган қилиб қўшган сўзлари ўшандан кучли бўлса бўлардики, камида ўша билан баробар бўлар эди.

Қўшиқни тинглар эканмиз¸ ўз ëзган севги мактубини қўшни қизга девор оша бераëтган ўспирин ҳолати худди кино кадрлари каби гавдаланади.

Сенга атаб ғазаллар ëзиб,
Ҳамроҳига аста кўрсатиб,
Қўшни қизга бермаган ким бор.

Таниқли кинорежиссëр Али Ҳамраев суратга олган фильмда ҳам Фахриддин Умаров ижросида айни қўшиқ янграйди.

Биз Фахриддин Умаровнинг мухлиси кинорежиссëр Али Ҳамраевга телефон қилдик. Али ака Москвада юриб ҳофизнинг дунëдан ўтганидан бехабар қолибди.

- Фахриддин ака.. у ҳали тирикми ëки йўқми?

Озодлик: Оламдан ўтиб кетдилар.

- Шунақами? Вой-вой-вой. Жойи жаннатда бўлсин. Менинг бундан хабарим йўқда. Энди Фахриддин ака биз кўришганимизда радиода, чойхонада, бошқа жойларда ҳам шу Фахриддин ака энг ширин ашулаларни айтган. Жуда кўнгли очиқ, овози жуда чиройли, мард йигит дейдию.

Мен “Ким жинни” киносини олганимда, халқ учун кино яратиш керак, ичида чиройли ашулалар бўлиши керак деб ўйладим. Фахриддин ака чиройли қилиб ўйнаб берсин, ҳам ашулани айтиб берсин деб ўйладим. Эсимда бор ўша эпизодни у кишининг ҳовлисида олганмиз. Ҳамма у кишини яхши кўрганда. Шунинг учун биз у кишини суратга олдик.

Озодлик: Нега айнан мана шу қўшиқни танладингиз?

- Энди шу ашула менга жуда ҳам ëққанда. Бу қўшиқ жуда юракдан келаяптида. Шунинг учун мен “Фахриддин ака, шу ашула менга жуда ëқади. Шу кинода айтиб берсангиз” десам, “Хўп, хўп” деди.

Ҳозир бир ашулани машҳур қилиш пул эвазига бўлади. Фахриддин аканинг ашулаларини халқ тан олган, дейди Ҳамраев.

- Халқ. Уни ҳеч ким айлантирмаган. Ялиниб “Илтимос Марғилонда тўй бўлаяпти” деб келадиганлар кўп бўлган. Кичкина самолëтларда у ëққа бу ëққа учиб кечалари ҳам умуман дам олмаган. У жуда катта артист, жуда яхши артист бўлган. У одам менга жуда, жуда ëққан. Ҳозир ўзингиз биласиз мен пул берсам эртага мен телевизорда “Эй сарви равон, надур хаëлим” деб ашула айтиб чиқаман. Тамом. Ашула, реклама, клип кетаверади. “Мана Али Ҳамраев қари мўйсафид, ашула айтаяпти, овозлари зўр” деб газеталарда чиқади.

Фахриддин Умаров айтган ашулалари машҳурлашган сайин, у ҳақдаги гап сўзлар ҳам кўпайиб борди, дейди Ҳамраев.

- Мен битта савол сўрадим. Биласиз халқ орасида катта артистлар ҳақида ҳар хил гап-сўзлар чиқади. Қанча пул олади, нечта хотини бор каби. Мен “Фахриддин ака мен шунга ишонмайман” десам, “Қанақа гап? Вой Худо” деб жуда хафа бўлиб кетди. Бу жуда ëмон гап.

Менга “Ўзингиз биласиз Али ака. Артист бўлса, бу артист жуда аëлларни яхши кўради, қизларни алмаштиради..... Бизлар ҳаммамиз таниқли одам. Шунинг учун гап чиқади. Мана қанақадир идорада ҳисобчи ишласа. Унинг тўғриси битта гапи ҳам йўқ. Ўзи ифлос одам, 3-4 марта уйланган. Яна жононлари бор. Ҳеч ким гап сотмайди? Нима учун? Ҳисобчи, тинчгина ўтирибди, ҳеч ким уни билмайди, танимайди. Биз артистлар ҳар доим телевизорда чиқамиз, радиода чиқамиз, халқ билади бизларни” деб айтган гаплари жуда ҳам ëққан. Мен яқинда эсладим Фахриддин акани. Мана сизлар телефон қилаяпсизлар.

Фахриддин Умаров кексалик чоғида ўз набиралари даврасида бўлишни қўшиқ айтиш каби мароқли деб билган.

Умаров оилавий архивида сақланаëтган аудио тасмада марҳум ҳофизнинг бу борадаги фикрлари ҳам бор.

“Халқимизда “Дарахтнинг сояси унинг катталигига қараб ўлчанади” деган жуда яхши гап бор. Одамнинг обрўси эса унинг душманига қараб ўлчанади. Обрўли кишининг душмани доимо кўп бўлади. Душман сиз билан биз ўйлаган душман эмас. Улар чин дилдан ëмонликни истамайдию, сизни озгина бўлса ҳам қоқилтириб, сиздан бироз бўлса ҳам ўтишни истайдиган рақобатчилар бўлади.

Инсон бир ерда 5-10 йил раҳбар бўлса, суриштириб кўрган вақтда бир неча хатога йўл қўяди. Мен ҳам 20, 30, 40 йил ишлаëтган бўлганимдан кейин унча-мунча хатоларга йўл қўяëтган бўлишим мумкин ахир. Бунинг устига менга минг-минглаб кишилар гул олиб чиқарди. Минг-минглаб кишилар қарсак чалишарди. Ўшаларнинг ичида мен ақлимнинг менга босган амри билан ҳаволанишим мумкин эдими ëки йўқми? Мумкин эди. Эҳтимол шундай бўлган.

Иккинчиси ва энг асосийси ўша даврда битта мен эдим. На Камолиддин, на Хайрулла, на Ғулом на бошқа лирика айтадиган кишилар йўқ эди. Булар кейин менга эргашди. Сиз ҳам бир йиғин қилсангиз, мени орзу қилардингиз, бошқалар ҳам бир йиғин қилса, мени орзу қилишарди. Ўғлимизнинг тўйига шу кишини олиб келсак деб ният қилишарди. Унинг устига мен ишлар эдим.

Бир йилда мен икки ойгина дам оламан. Бир ой дам олиш бўлади, бир ой янги репертуар тайëрлаймиз. Шу даврда ҳаммага айта олмайманку. Устига-устак энг ëмони менга бир яхшилик қилган киши, мени ойлаб, йиллаб кутган киши тўй қиладиган куни бир каттароқ раҳбарнинг тўйи чиқади. Ахир мен унга ҳам бора олмай қоламан. Унинг курагида менга нисбатан қанча яхшилиги бўлса ҳам озгина доғ тушади. Вақти келганда менга яхшиликдан кўра ëмонликни раво кўришни хоҳлаб қолади.

Шунақа йиғилиб-йиғилиб борди камчиликлар. Кичкина камчиликларимиз катта бўлиб кўринди. Шуҳрат аканинг битта тўртликлари хаëлимга келиб қолдида.

Бахтинг келса ëнингда дўстинг кўпаяр,
Қилмаган ишларинг ҳатто мақталар,
Сен шунда ҳушëр бўл, вақтики келса,
Ана шу дўстларинг оëғинг чалар.

Ахир ўзимиздан ҳам бўлган-бўлмаган гапларни етказувчилар бўлди. Энди мана ҳозир Худога шукур яхшилигимизга доир сўзлар борки, менга отилган таъна тошларидан мен ранжимайман. Сабабики, мен ҳам таъна тоши отувчилар билан баробар эдим. Шуларнинг тошларини йиғиб-йиғиб, оëғимга зинапоя қилиб, бундай қарасам улардан баландроқ бўлиб қолибман. Улар кўргандан кўра олисни кўрадиган бўлиб қолибман. Шунинг учун уларга миннатдорчилигим бор”.

. Инсон умри поëнли, қўшиқ умри поëнсиз.

“Мен сизларга айтмоқчи бўлган ашула “Ўн саккизга кирмаган ким бор”. тингловчилар ичида, ижрочилар ичида, қўшиқ шинавандалари ичида ҳаммамиз ҳам шу ëшни босиб ўтамиз. Кўпчилигимиз ўтиб бўлганмиз. Ëшларимиз етиб келади.

Аммо шу ëшда инсон қалбида ажойиб жараëн бўлади. Муҳаббатнинг жуда ҳам авжи, инсонийликнинг жуда юксак поғоналарига қадам қўйган давр бўлади. Одам 18 ëшидан кейин ҳаëтнинг икир-чикирларини, ҳаëтдаги ëқимли ва ëқимсизларни, яхшилик ва ëмонликларни аста-секин билиб борадиган бўлади.

Муҳаббатда 18 ëш ниҳоятда тўнғич, бошланғич ëш ҳисобланади. У даврдаги муҳаббат ҳамма вақтдагидан ҳам гўзал, ширин кўринади. Ҳозир сизларга мен севимлио адибимиз Эркин Воҳидовнинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор” деган шеърларини куйга солиб айтиб бермоқчиман.

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор.
Сен ҳақингда ëзиб тўрт сатр,
Сирдошига аста кўрсатиб,
Қўшни қизга бермаган ким бор.

Дастлаб ҳар ким қалам олган он
Ëниб сени куйлар бегумон.
Маскан қуриб ҳар бир кўнгилдан,
Ошиқларни қолдириб тилдан,
Шоирларни қилурсан бийрон.

Тушдим чоғи мен ҳам домингга,
Езгу ҳислар бахш этдинг менга,
Ҳаëтимда зар лавҳа бўлдинг,
Илк шеъримга сарлавҳа бўлдинг,
Хаëлларим улфатдир сенга.

Юрагимда ҳис этдим қанот,
Тилсим каби очилур ҳаëт,
Висолдаги дамларим ширин,
Ҳижрондаги ғамларим ширин,
Кулиб боқар менга коинот...

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор.

Фахриддин Умаров 2007 йил еттинчи сентябр куни Тошкентда оламдан ўтди ва саккизинчи сентябр куни Қибрайдаги қабристонга дафн этилди. Ҳофиз оламдан кўз юмганига қарамай¸ унинг қўшиқлари ҳамон яшашда давом этаëтир.
XS
SM
MD
LG