Линклар

Ногиронлар учун лойиҳа иш бошлади


Ўзбекистондаги ногиронлар ўз аҳволи забунлигидан яқин орада тиланчилик қилишга мажбур бўлишлари мумкинлигини айтадилар.

Ўзбекистондаги ногиронлар ўз аҳволи забунлигидан яқин орада тиланчилик қилишга мажбур бўлишлари мумкинлигини айтадилар.

415 минг долларлик бу лойиҳадан кўзланган мақсаднинг Ўзбекистон ногиронларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш экани таъкидланмоқда.

Ишсизлик муаммоси ногиронларни хароб қилаяпти

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 850 мингдан зиёд жисмоний имконияти чекланган фуқаро яшайди. Бугунги кунда ногиронлар аксариятининг ишсизлик боис қийналаётгани кўпчиликка маълум.

Биринчи гуруҳ ногирони бўлган самарқандлик 43 ёшли Садриддин Пўлатов айни пайтда ишсиз. Тўрт фарзанднинг отаси Садриддин ака ногиронлиги учун оладиган нафақа пули рўзғор тебратишга етмаслиги боис ишлашга мажбурлигини айтади.

- Мен мана бир ярим йилдан бери ишсизман. 70 минг пенсия оламан. Етмайди. Тўртта фарзандим бор. Хотиним нафақахўр эмас. Ҳеч қаерда ишламайди, - дейди Садриддин Пўлатов.

Ўзбекистонда ногиронларни иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш жиддий муаммолардан бири эканлиги кузатилади.

Республика ногиронлар жамияти раиси Ойбек Исоқов ногиронларнинг бошқаларга қарам бўлмасликлари учун уларга, энг аввало, иш ўринлари яратиб бериш жуда зарурлигини таъкидлайди.

- Ногиронларимизнинг асосий муаммоларидан бири¸ албатта¸ бу уларнинг иш билан таъминланиши. Чунки кўп ногиронлар ишсиз. Иш топиш жуда қийин, - дейди Ойбек Исоқов.

Имтиёзлар қоғозда бор, амалда йўқ...

Республика ногиронлар жамияти раисига кўра, қонун бўйича ногиронларга бепул тиббий хизмат кўрсатилиши, протезлар ажратилиши керак, амалда эса бундай хизмат кўрсатилмайди.

- Қонун бўйича мана шу имтиëз бор. Ногирон агар касалхонада бўлса¸ у овқат пулини тўламайди. Лекин дори-дармонларга ногиронлар барибир тўлаши керак. Дори-дармонлар қимматлик қилади, - деди Ойбек Исоқов.

Унга кўра, ногиронларнинг асосий муаммоларидан яна бири таълим олиш масаласидир.

- Баъзи ногиронлар шартнома пулини тўлай олмай институтни ташлаб кетган. Чунки шартнома пулини тўлаш қийин бўлаяпти. Бу ҳам бизлар учун катта муаммо, - деди республика ногиронлар жамияти раиси.

Хоразмда ногиронлар сифатли таълим хизматидан маҳрум

Хоразмда етти йилдан буён фаолият кўрсатаётган “Ногирон болаларни қўллаб- қувватлаш жамияти” раҳбари Назира Сафарбоевага кўра, хоразмлик ногирон болалар орасида ҳатто мактабга умуман бормаган болалар ҳам бор. Унинг айтишича, уйда таълим оладиган ногирон болаларга ҳам кўнгилдагидай билим берилмайди.

- Яхши таълим беришмайди. Тўғрисини айтсам ўқитувчиларни бизларнинг таълим олишимиз эмас¸ ойлик қизиқтиради, - деди Назира Сафарбоева.

Ойбек Исҳоқовга кўра, ногиронларни уй-жой билан таъминлаш ҳам катта муаммо. Давлат уларга уй олиш учун имтиёзли кредит ажратса, арзон уй-жой билан таъминласа, дея орзу қилади суҳбатдош. Унинг айтишича, ногиронлар учун жуда кам имтиёзлар берилган.

- Ҳозирча имтиëзлар бизларда йўқ. Имтиëзлар бор, лекин озгина. Транспорт тўловида фақат кўзи ожизлар¸ чернобилчилар ва Афғонистон уруши қатнашчиларига имтиëз бор. Лекин болаликдан ногиронларга ва бошқа ногиронларга имтиëз йўқ, - деди Ойбек Исоқов.

Жилла қурса, коммунал тўловлар бўйича имтиёз берилсайди...

Садриддин Пўлатов ногиронлар учун коммунал тўловларда имтиёзлар йўқлиги улар муаммоларининг кўпайишига сабаб бўлаётганлигини айтади.

- Кўзи ожизлар ўз вақтида турли имтиëзлардан фойдаланар эди. Лекин ҳозир ўша имтиëзлардан фойдалана олмайди. Масалан газ, сув, коммунал хизмат шу даражада ошиб кетганки, кўзи ожизларнинг буни тўлашга ҳеч қандай имконияти йўқ. Ҳозирги кунда чироқдан 300-400 минг қарзим бор. Газдан 200 минг қарзим бор. Коммунал хизматдан қарийб 1 миллионга яқин қарзим бор. Ҳатто болаларни мактабга юборишга ҳам имконият йўқ. Буни мен очиқ айта оламан. Болалар мактабга бора олмаяпти¸ оч-юпун¸ яланғоч. Кўчага чиқиш арафасида бўлиб қолганман. Тиланчиликка яқинлашиб қолаяпмиз-да, - деди Садриддин ака.

ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО каби бир қанча халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида, Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги иштирокида иш бошлаган ACCESS (Accessibility, Civic Consciousness, Employment and Social Support for people with disabilities) лойиҳаси орқали ўзбекистонлик ногиронларнинг айни муаммолари камайиши ваъда қилинаётир. 415 минг АҚШ доллари миқдорида пул сарфлаш кўзда тутилаётган айни лойиҳа орқали ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни иш билан таъминланишига кўмак бериш мақсад қилинган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда айни кўринишдаги лойиҳа аввал ҳам амалга оширилган. Кузатувчиларнинг эътироф этишича, хориждан ўзбекистонлик ногиронларга муайян кўмак кўрсатилмоқда. Лекин бу ёрдамлар ногиронларгача ҳар доим ҳам етиб бормаяпти.

XS
SM
MD
LG