Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:11

Тожикистонда ҳам ҳажга ҳозирлик бормоқда


Тожикистондан ҳажга бориш йилдан-йилга қийинлашиб бормоқда.
Тожикистондан ҳажга бориш йилдан-йилга қийинлашиб бормоқда.

Тожикистонлик беш минг зиёратчи шу кунларда ҳаж тадоригини кўрмоқда. Айни пайтда Тожикистонда ҳаж зиёратини адо этиш йил ўтган сайин муаммо бўлиб қолаяпти.

Муборак сафар адоси учун 3000 доллар зарур

Тожикистонлик бўлғуси ҳожилар роса уч кундан сўнг муборак сафарга отланишади. Бу ҳақда Тожикистон Маданият вазирлигининг дин ишлари бўйича қўмитаси қошида тузилган ҳаж бўлими масъули Абдусалом Ражабов маълум қилди.

- Бу йил Саудия Арабистони белгилаган квота бўйича Тожикистондан беш минг киши ҳаж зиёратига боради. Республиканинг барча ҳудудларидан ариза топширган зиёратчилар учун ҳужжатлар расмийлаштирилди. 17 ноябрдан 27 ноябрга қадар уларни жўнатиш тадбири амалга оширилади, - деди Абдусалом Ражабов.

Дин ишлари бўйича қўмита расмийсининг билдиришича, бу йилги ҳаж мавсумида бир киши учун 3000 минг доллар нарх белгиланган.

Қайд этиш жоизки, тожикистонлик мусулмонлар учун дастлаб ҳажга йўл очилган 90-йиллар бошларида сафар харажатлари 300-400 АҚШ долларини ташкил қиларди. Ўтган йили эса бир киши учун ҳаж харажатлари 2500 долларни ташкил қилган.

Аввал ҳажга бориш осонроқ эди

1995 ва 2006 йилларда икки марта ҳажга оиласи билан борган Муҳаммаджон ака ўша даврларда шароит жуда яхши бўлганини эслайди:

- Алҳамдулиллоҳ, Худонинг уйига икки марта борганман, оилам билан. Тожикистоннинг катта масжидидан борганмиз самолётда. Ўзлари кузатиб қўйишиб, яхши хизмат қилишган эди, - дейди ҳожи ота.

Аммо, отанинг куйиниб айтишича, эндиликда шароитлар ўзгариб, ҳукуматнинг тегишли идоралари ҳаж ишларини қийинлаштириб қўймоқдалар.

Ҳаж иши бизнесга айланган

Таъкидлаш жоизки, ҳожи бўлиш, Оллоҳ фарзини адо этиш орзусида бўлган тожикистонликлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Ўзини Зарифахон деб таништирган аёл аввалги йилларга нисбатан тожикистонликлар турмуши Россияда ишлаётган муҳожирлар ҳисобидан яхшиланиб, ҳаж ҳаражатларини қоплаш имкониятига эга оилалар кўпаяётганини айтади.

“Аммо шунга қарамай, - дейди Олмахон исмли бошқа бир суҳбатдошимиз, - Тожикистондан ҳажга бориш жуда қийин”.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳозирда Тожикистонда ҳаж бизнесга айланиб қолган.

- Квоталар сотилади. Ҳар районга план берилади-ку 200-300 киши учун. Ким биринчи ҳужжат топширган бўлса ҳам, туман ҳокимига ҳаж пулидан ташқари 300 доллар қўшимча пул бермаса, рўйхатдан ўчириб ташланади. Баъзан ҳужжатлар қалбакилаштирилиб, ҳожилар ярим йўлдан қайтиб келишади. Мана қишлоғимизда бир аёл уч марта Эрондан қайтиб келди. Ўғиллари Россияда ишлаб топган пуллар ҳаж сафарига эмас, саргардончиликка сарфланди, - деди Олмахон.

Одамлар иложсизликдан Россия орқали ҳажга кетмоқда

Суҳбатдошимизга кўра, ортиқча сарфу ҳаражат ва саргардончиликлардан безган аксар тожикистонликлар эндиликда Россия орқали ҳаж сафарига отланмоқдалар:

- Тожикистондан ҳажга бориш шунчалик қийинлашгани учун одамлар ҳозир Москвага бориб, ҳужжат расмийлаштириб, Россия ҳисобидан ҳажга кетаяпти. Мен ҳам шу жумладан, - деди Олмахон.

Тожикистон дин ишлари бўйича қўмита расмийси келтирган маълумотларга кўра, мустақиллик йилларидан бошлаб ҳажга борган тожикистонлик фуқароларининг сони тахминан 48 мингга етган ва уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади.

XS
SM
MD
LG