Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:18

Назарбоев коррупциядан ташвишда


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев давлат мулозимларига чўнтакларни ағдаришни таклиф қилди.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев давлат мулозимларига чўнтакларни ағдаришни таклиф қилди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев коррупцияга қарши форумдаги чиқишида давлат мулозимлари амал қилиши шарт бўлган ахлоқ меъёрларини белгилаб берди.

Қозоғистон президентининг давлат мулозимларига қилган мурожаати мамлакат жамоатчилиги орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Зотан президент ўз чиқишида расмиятчиликни четга суриб қўйиб, юқори лавозимли амалдорларга очиқ-ойдин мурожаат қила бошлади.

Масалан, Қозоғистон президентининг бутун умр давлат идорасида ишлаган амалдорлар серҳашам виллалар, ўзи ва оила аъзолари минаётган қимматбаҳо машиналар қайси пуллар эвазига сотиб олинаётгани хусусида жамоатчиликка очиқ айта билиши зарурлиги, акс ҳолда, эгаллаб турган лавозимини бўшатиши лозимлиги борасида айтган гаплари оддий қозоғистонликлар қаторида сиёсат арбобларини ҳам ҳайратга солди.

Қозоғистон раҳбарининг мурожаати юзасидан маҳаллий таҳлилчилар мулоҳаза билдира бошладилар. Сиёсатшунос Эдуард Полетаев президент Назарбоев мурожаатига муносабат билдираркан, мамлакатдаги мавжуд вазиятдан давлат раҳбарининг ўзи ҳам жиддий хавотирга тушганини пайқаш қийин эмаслигини таъкидлайди:

- Ҳозирда давлат хонавайрон бўлишгача бориши мумкинлиги ҳақида гаплар юрибди. Эндиликда ҳукумат учун энг муҳим чора тезкор қарорлар қабул қилишдан иборатдир. Коррупция эса ўша қарорлар сусткашлик билан қабул қилинадиган ва пул ёрдамида тезроқ ҳал бўладиган жойларда пайдо бўлади. Қозоғистонда коррупцияга қарши кураш айнан 2008 йилда авжига чиққани бежиз эмас, чунки 2008 йил ўтган йили мамлакатга ёпирилган молиявий бўҳроннинг биринчи тўлқинидан кейинги йил бўлиб ҳисобланади, - деди Полетаев.

Маҳаллий кузатувчиларнинг айримлари президент Назарбоев мансабдорлар олдига бундай талаблар қўйишдан аввал ўзи ва оилалар аъзоларининг даромадлари ҳақида халқ олдида ҳисоб бериши кераклигини таъкидламоқдалар.

Аммо кузатувчиларнинг ҳаммаси ҳам бу фикрга қўшилмайди. Улардан бири қозоғистонлик сиёсатшунос Николай Кузьминдир.

- Агар жамият, Қозоғистон халқи президентдан ўзи ва оила аъзолари даромадлари хусусида ҳисоб беришни талаб қилганида эди, президент ҳисоб бериши шарт бўларди. Бироқ бу айрим профессионал мухолифатчилар гуруҳидан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Бугунги кунда Қозоғистон жамияти коррупцияга кўникди, - деди Кузьмин.

Аммо бошқа бир кузатувчилар коррупцияга кўникиш давлатни барбод қилишдан ўзга нарса эмаслигини урғулайдилар. Қозоғистон раҳбари мурожаатини олқишлаган таҳлилчилар мамлакатлар иқтисодига молиявий бўҳрон хавф солиб турган бир шароитда минтақа давлат раҳбарларининг барчаси президент Назарбоевдан ўрнак олишлари зарурлигини таъкидлайдилар.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Марказий Осиё давлатларининг барчаси, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам коррупцияга қарши кураш бошлаш вақти аллақачон келганини айтади. Бироқ, сиёсатшуносга кўра, Ўзбекистонда бунинг акси кузатилмоқда.

- Ўзбекистонда совет даврида коррупцияга қарши кураш бўйича қонун бор эди. Аммо унинг бекор қилинганига 10 йилдан ошди. Баъзи пайтларда катта-кичик амалдорларни “пора олди”, “коррупцияга аралашди”, деб қамашади. Айримлар миллиардлаб пора олган бўлса-да, уларни шартли равишда жазолаб, бошқаларига 10 йиллаб қамоқ жазоси бериб юборади. Лекин бу кураш чинакам кураш эмас. Чунки ким ҳозирги режимга нисбатан озгина норозилик билдирган бўлса, “биз нотўғри иш қилаяпмиз”, деган бўлса ёки ҳар ойлик порасини вақтида ва белгиланган миқдорда етказиб бермаса, ўшаларга қарши курашилаяпти ҳозир. Катта-катта балиқлар қолиб кетиб, эндигина бу йўлга кириб келаётган майда коррупционерларни қамашаяпти, - деди Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда¸ минтақа таҳлилчилари Марказий Осиё ўлкаларида коррупцияга қарши чинакам кураш бошлаш давлат раҳбарларидан қатъият ва сиёсий ирода талаб этишини таъкидламоқдалар.

Кузатувчиларга кўра¸ минтақа раҳбарларининг коррупцияга қарши ҳақиқий кураш бошлаши улар учун ўзи ўтирган шохни кесиш бўлиши боис¸ Марказий Осиëда бундай кураш ҳақидаги мурожаат ва баëнотлар оғиздан нарига ўтмай қолаверади.

XS
SM
MD
LG