Линклар

Глобал инқирозга глобал ечим зарур

  • Ҳасанжон

Европа раҳбарлари Вашингтон саммити пойдеворини 14 ноябр куни Ниццада қуришга уриндилар.

Европа раҳбарлари Вашингтон саммити пойдеворини 14 ноябр куни Ниццада қуришга уриндилар.

15 ноябр куни Вашингтонда бошланадиган иқтисоди ривожланган 20 давлат раҳбарлари учрашувида глобал молиявий бўҳронга ечим топиш ҳамда дунё иқтисоди таназзулининг олдини олиш имконлари муҳокама этилади.

Қарийиб бир йил олдин АҚШ ипотека бозорида инқироз бошланганидан кейин аввалига АҚШ, сўнгра дунёнинг бошқа давлатларидаги кредит банклари бирин-кетин касод бўла бошлади. Кредит банкларини қутқариб қолиш мақсадида дунё бўйича ҳукуматлар 4,6 триллион АҚШ доллари ҳажмида маблағ ажратди.

13 ноябр куни Париждаги “Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт” ташкилоти дунёнинг ривожланган давлатларида келаси йил иқтисодий пасайиш рўй бериши мумкинлигини башорат қилди.

Европа Иттифоқи 14 ноябрь куни эълон қилган ҳисоботда эса евро зонасига кирган давлатларда биринчи марта иқтисодий пасайиш рўй бергани маълум қилинди. Бу ҳисоботга кўра, жорий йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларида евро зонасида ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 0,2 фоизга камайган.

Вазият жиддий эканини таъкидлаган саноати тараққий этган ва ривожланаётган давлатлар раҳбарлари, 15 ноябр куни Вашингтонда учрашиб, инқирозли вазиятни ўнглаш учун қандай чоралар кўриш кераклигини муҳокама қиладилар.

Йиғилишда қатор давлатлар раҳбарларининг глобал молия тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф қилишлари кутилмоқда.

Хусусан¸ Европа Иттифоқи банк бозорлари қонун-қоидаларини қатъийлаштириш тарафдори. Франция эса глобал молия тизими фаолиятини мувофиқлаштириб туриш учун Халқаро валюта жамғармасига кўпроқ салоҳият беришни таклиф қилмоқда.

Ўз навбатида Британия молия бозорларини рағбатлантириш учун глобал миқёсда мувофиқлашган чора кўриш кераклигини айтмоқда. Ҳар бир давлат иқтисодиёти ўзгача бўлгани боис муаммони ҳал қилиш хусусида турли фикрлар билдирилмоқда.

АҚШ президенти Жорж Буш 13 ноябр кунги чиқишида глобал молиявий тизимни ўзгартиришга уриниш бўҳронни ҳал қилмаслигини айтди.

Вашингтон учрашувида АҚШ янги президенти этиб сайланган Барак Обама иштирок эта олмайди. Собиқ Давлат котиби Мэдлин Олбрайт саммитда Обама вакили сифатида қатнашади.

АҚШ молия вазири Хенри Полсон 12 ноябр кунги чиқишида Вашингтон саммити узоқ жараённинг бошланиши эканини айтди:

- Шу ҳафта охирида дунё давлатлари муҳим қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Бу зарурий ислоҳот йўлидаги дастлабки қадамдир, – деди АҚШ молия вазири.

Патрик Ҳонахан Дублин шаҳридаги Халқаро молия, иқтисодиёт ва тараққиёт Тритини колледжи профессори. Ҳонахан Вашингтон учрашуви ривожланаётган давлатларга глобал молиявий бўҳронга ечим топиш борасида фикр билдириш учун қулай имконият эканини айтади.

- Бу дунё иқтисодиётидаги муаммоларни бундан буён фақат АҚШ, Европа ва Япония ўзаро ҳал эта олмаслигига аниқ ишоратдир. Муаммога ечим топишда Хитой муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда Ҳиндистон, Бразилия ва Россия каби давлатларнинг роли ошиб бормоқда. Бу давлатлар барча муҳокамаларда иштирок этишлари керак ва ҳозир шундай бўляпти, – дейди профессор Патрик Ҳонахан.

XS
SM
MD
LG