Линклар

logo-print

Афғон муаммосини минтақа давлатлари еча оладими?

  • Гулнора Равшан

Афғонистонда банг ишлаб чиқариш асосий даромад манбаи бўлиб қолар экан, бу мамлакатда барқарорлик ўрнатилишига ҳеч ким ишонмайди

Афғонистонда банг ишлаб чиқариш асосий даромад манбаи бўлиб қолар экан, бу мамлакатда барқарорлик ўрнатилишига ҳеч ким ишонмайди

Ўтган ҳафтада Душанбеда ўтказилган тадбирда Тожикистон афғон муаммоларини минтақа давлатлари мустақил ҳал этиши зарурлиги юзасидан таклифни ўртага ташлади.

Мазкур таклиф Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази директори Суҳроб Шарипов томонидан илгари сурилди.

- Марказий Осиё халқаро доираларда ягона субъект сифатида тан олинмайди. Мен бундай қарашга розиман, чунки Марказий Осиёга кирган ҳар битта давлатнинг ўз манфаатлари бор. Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ва бошқа давлатлар ҳам “биз ҳар қандай масалада ягона фикрдамиз”, дея даъво қила олмайди. Бироқ Афғонистон масаласига келсак, минтақа давлатларининг аксарияти ягона қарашга эга ва бу масалада улар бир-бирларини қўллаб-қувватлашади. Шуни назарга олган ҳолда, Марказий Осиё давлатлари Афғонистонда тинчлик қарор топиши учун унинг иқтисодиётига ҳисса қўшиш каби масалаларда ўзлари мустақил равишда ва бир ёқадан бош чиқариб иш қилишлари керак. Бу ерда Россия ва Ғарбнинг аралашуви ортиқча, - деди Суҳроб Шарипов.

Стратегик тадқиқотлар маркази директорининг таъкидича, Тожикистон ҳукумати Афғонистон иқтисодиётига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Масалан, электр энергияси экспорти, чегара ҳудудидаги қишлоқларга сув чиқариб бериш, икки давлат куч ишлатар тизимлари билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш ва ҳакозолар ана шулар жумласидандир.

- Аммо бу ёрдамларни яна ҳам кенгайтириш мумкин. Масалан, Афғонистон миллий армиясини мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон афғон ҳарбий кадрларини ўз маблағи ҳисобига ўқитиши мумкин, - деди Шарипов.

Аснода Ўзбекистон Миллий университет профессори Фарҳод Толибов Марказий Осиё Афғонистонга - қайси йўналишда бўлишидан қатъий назар - мустақил равишда кўмаклаша олмаслигини урғулайди:

- Ўзбекистон ёки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари мустақил равишда Афғонистонни тиклаш ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида етарли салоҳиятга эга эмас. Шунинг учун бунга халқаро ҳамкорлик орқали, халқаро ташкилотлар, АҚШ, НАТО билан ҳамкорлик қилган ҳолда иштирок этиш керак, - деди ўзбекистонлик олим.

Айни пайтда, профессор Толибов фикрича, Афғонистон муаммосини ҳал қилишда Марказий Осиё давлатлари фаолроқ бўлишлари мумкин, холос.

Ўзбекистон вакили ўтган давр ичида ўз мамлакатининг Афғонистонга кўрсатган ёрдами хусусида ҳам тўхталиб ўтди:

- Ўзбекистон гуманитар соҳада, электр энергияси экспорти, шифохоналар, йўллар, кўприклар қуриш ва ўқув муассасалари барпо қилиш каби соҳаларда Афғонистонга анча ёрдам берди. Аммо шу ҳам Америка ҳукумати кўмагида амалга оширилди. Бу ёрдамлар гуманитар соҳада берилаяпти, ҳарбий соҳада эмас, - деди Фарҳод Толибов.

Аммо афғон муаммолари билан шуғулланаётган таҳлилчилар, кўрсатилаётган ёрдамларга қарамай, бу мамлакатда тинчлик ўрнатиш уринишлари ҳозирча самара бермаслигини таъкидламоқдалар. Баъзи кузатувчилар фикрича, Афғонистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожидан минтақа давлатларидаги айрим доиралар манфаатдор эмас. Чунки Афғонистондаги сиёсий-иқтисодий турмуш изга тушса, бу мамлакатда етиштирилаётган банг моддалари миқдори камайтирилиши эҳтимоли бор, бу эса минтақа давлатларидаги манфаатдор доираларни банг савдосидан келаётган мўмай даромаддан маҳрум қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам кузатувчилар бу ҳудуддаги сиёсий ўйинлар ҳали узоқ давом этишини тахмин қиладилар.
XS
SM
MD
LG