Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 03:43

Қозоғистонда ўзбек мардикорлари сони озайди


Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда тобора камайиб бораётган нолегал муҳожирлар ичида жиноятчилик ошиб бораётганини билдирмоқдалар
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда тобора камайиб бораётган нолегал муҳожирлар ичида жиноятчилик ошиб бораётганини билдирмоқдалар

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда Қозоғистонда ишлаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари сони озайган.

Беш йилдан буён ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Қозоғистонга ташиш билан шуғулланиб келган автобус ҳайдовчиси Дониёр ўзи қатнайдиган Черняевка-Олмаота йўналишини Черняевка-Новосибирск йўналишига алмаштиришига тўғри келганини айтади. Ҳайдовчига кўра, бунга қўшни давлатлардан келаётган меҳнат муҳожирларининг Қозоғистондан кўра Россияга кетишни маъқул кўраётганлари сабаб бўлган:

- Ҳозир бизда Олмаотада иш йўқ. Шу сабаб, кўп одам Россияга кетаяпти. Россияда иш яхши кетаяпти. Россияликлар четдан келаётган меҳнат муҳожирларини яхши фирмаларга ишга жойлаб, маошларини вақтида тўлаяпти, - деди қозоғистонлик автобус ҳайдовчиси.

Дониёр Қозоғистондан Россияга ойига 3 маротаба қатнашини ва ҳар сафар камида 60 нафар ўзбек мардикорини ўз автобусида Новосибирскка олиб кетишини айтади.

Унга кўра, Россияда ўзбек меҳнат муҳожирлари ишлаб топадиган ўртача иш ҳақи 1000 АҚШ долларига тенгдир.

Олмаота шаҳрида ўзбек меҳнат муҳожирлари сони камайганини қозоқ расмийлари ҳам эътироф этмоқдалар. Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти маълумотларига мувофиқ, жорий йилнинг 9 ойи давомида Қозоғистон жанубий пойтахтига 157 минг хориж фуқароси келган. Бу эса ўтган йилдаги кўрсаткич билан солиштирганда 14 фоизга камдир.

Бироқ, шунга қарамай, Олмаота полицияси шаҳар ҳудудида юрган номашруъ меҳнат муҳожирларини овлаб, уларни юртларига бадарға қилиш амалиётини давом эттирмоқда. Масалан, сўнгги бир ҳафта давомида 360 нафар чет эллик фуқаро юртига қайтарилган.

Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти матбуот хизмати вакили Армон Жусанбойнинг “Озодлик” радиосига билдиришича, шаҳар ҳудудида қўлга олинган нолегал меҳнат муҳожирларининг 90 фоизи ўзбекистонликлардир:

- 8 ноябрдан 14 ноябргача бўлган муддат оралиғида Олмаотадаги жиноятчилик билан боғлиқ вазиятнинг олдини олиш мақсадида тезкорлар тадбирлар ўтказилди. Бу тадбирдан мақсад Олмаота ҳудудида турли жиноятлар содир қилиб, сўнг бошқа ерга қочиб кетаётган муҳожирларни тутиш ва жазога тортиш бўлиб ҳисобланади. Қўлга олинган муҳожирларнинг асосий қисми Олмаотада ўғрилик содир қилмоқда, - деди матбуот хизмати ходими.

Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти вакилининг айтишича, шаҳар ҳудудида содир этилган жиноятларнинг ярмидан кўпини мамлакатнинг жанубий ҳудудлари ҳамда яқин хориждан келган муҳожирлар содир этган.

Расмий маълумотларга кўра, 2008 йили Олмаотада 3854 жиноятчи қўлга олинган бўлса, шундан 1947 таси, яъни 55 фоизи четдан келган муҳожирлардир.

Бироқ Хельсинки инсон ҳуқуқлари ташкилоти Олмаота ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари келтирган мазкур статистикага шубҳа билан қарашини айтади:

- Мен бунга ишонмайман, бундай бўлиши мумкин эмас. Олмаота аҳолисининг 10 фоизи муҳожирлар бўладиган бўлса, шу 10 фоиз одам шаҳардаги жиноятларнинг ярмидан кўпини содир қилиши ақлга сиғмайдиган иш. Фикримча, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз ҳаражатлари учун давлат бюджетидан сарфланаётган пулларни оқлаётганларини кўрсатмоқчилар шекилли. Биз уларнинг баъзан хорижлик миссионерлар, баъзан эса айбсиз муҳожирлар қўлга олинганини маълум қилишдан бошқа тайинли иш қилаётганларини кўраётганимиз йўқ, - деди Нинель Фокина.
XS
SM
MD
LG