Линклар

Йигирмалик молиявий бўҳроннинг олдини олмоқчи

  • Фаррух Юсуфий

G20 саммити иштирокчилари глобал бўҳрон такрорланишининг олдини олиш юзасидан келишиб олдилар

G20 саммити иштирокчилари глобал бўҳрон такрорланишининг олдини олиш юзасидан келишиб олдилар

Иқтисодлари энг йирик 20 давлат раҳбарларининг йиғини якуни ўлароқ жаҳон молиявий тизими қулашининг олдини олишга қаратилган қўшма коммюнике қабул қилинди.

Жаҳон иқтисодининг 85 фоизини ташкил қиладиган 20 давлат раҳбарлари келажакда иқтисодий бўҳронларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли чоралар кўриш ҳамда Америка кредит тизимидаги инқироз туфайли таназзул ёқасига келиб қолган жаҳон иқтисодини тиклаш юзасидан ҳам келишиб олди.

Саммит иштирокчиларининг қўшма баёнотида: “Ҳозир бошдан кечираётганимиз каби глобал бўҳрон қайта такрорланмаслигини кафолатловчи ислоҳотлар учун замин яратмоғимиз шарт”, дейилади.

Бошқа масалалар қаторида саммит қатнашчилари ривожланаётган мамлакатларга молиявий инқироздан чиқишга ёрдам бериш мақсадида Жаҳон Банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро молиявий институтларни ислоҳ қилишга келишиб олди.

Зудлик билан амалга оширилиши лозимлиги айтилаётган вазифаларга молиявий тизимни барқарорлаштириш учун барча воситаларни ишга солиш ва “қатъий чоралар” кўриш ҳамда ҳар бир мамлакатда ички талабни рағбатлантириш учун молиявий чораларни ишга солиш кабилар киради.

АҚШ Президенти Жорж Буш Вашингтон саммитини “самарали ва муваффақиятли”, деб баҳолаб, унда муҳим келишувларга эришилганини баён қилди. Иқтисодлари энг йирик бўлган жаҳон давлатлари “бозорни бошқариш ва ундаги фирибгарликларга оид қонун-қоидаларни қайта кўриб чиқади”, дер экан Буш молиявий тизимга оид амалдаги тартиб эскирганини эътироф этди.

- Саммитнинг асосий ютуқларидан бири ўз молиявий тизимларимизни XXI аср воқеълигига мослашга қаратилган муайян принципларнинг белгилаб олингани ва керак бўлганда тегишли чораларни кўришга келишиб олингани бўлди, - деди президент Буш.

Франция президенти Николя Саркози Европа давлатларининг саммитга бўлган ёндашуви уларнинг мутлақ бирдамлигини намойиш қилганини таъкидлаб, манфаат ва мақсадлари турли бўлган давлатларнинг бир жойга тўпланиши ва ҳаракат режаси ишлаб чиқиши билан якунланган саммитни “тарихий”, дея атади.

Европа Иттифоқининг жорий раиси бўлмиш Франция раҳбари Қўшма Штатлар шу пайтгача рад этиб келган молиявий рейтингларни баҳоловчи идораларни рўйхатга олиш келишувига эҳтиёж борлигини тан олганини қайд этди.

Британия Бош вазири Гордон Браун ҳам Саркозига ҳамоҳанг равишда саммитни “тарихий”, дея атаб, савдо, молиявий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишга оид муҳим хулосаларга эришилганини қайд этди.

Германия канцлери Ангела Меркел йиғин якунида қабул қилинган қарорлардан ғоят мамнун эканини баён қилди.

АҚШнинг янги сайланган президенти Барак Обама саммитда қатнашмади, лекин ўзининг икки вакилини юборди. Улардан бири президент Клинтон маъмуриятида давлат котиби бўлган Мадлен Олбрайтдир.

Буш янги сайланган президент Обама бўлиб ўтган муҳокамалардан тўла хабардор қилингани ва ҳокимиятни топшириш даврида воқеаларнинг кейинги ривожидан тўла воқиф бўлишини таъкидлади.

- Уларга, яъни Обама командасига ҳокимият менинг маъмуриятимдан унинг маъмуриятига ўтиши силлиқ бўлиши учун қўлимиздан келганини бажаришимизни айтдим. Уларга, шунингдек, халқимиз ҳокимиятнинг тинчгина бир қўлдан бошқа қўлга ўтишини кўриши муҳимлигини айтдим ва биз бошқа-бошқа сиёсий партия вакиллари бўлишимизга қарамасдан, унинг ҳокимиятни қабул қилиб олиши мамлакат манфаатида эканини халқимиз билиши муҳим, деб умид қиламан, - деди Буш.

Саммит бошланишидан аввал Буш жаҳон етакчилари олдида қилган чиқишида мавжуд муаммоларни ҳукуматларнинг ўзи ҳал қила олади, деб ҳисоблаш хато бўлишини ва ўтказилаётган саммитнинг молиявий бўҳрондан чиқиш учун кифоя қилмаслигини таъкидлади.

Жаҳон етакчилари энди навбатдаги G20 саммитига тайёргарлик кўради. Апрелда бўлиб ўтиши кўзланаётган саммитдан аввал йигирмалик гуруҳи аъзолари ўз молия вазирларига жаҳон иқтисодий тизимини қайта жонлантиришга қаратилган бешта вазифани белгилаб олишни топширди.

Саммитда, Қўшма Штатлар, Аргентина, Австралия, Бразилия, Британия, Германия, Жанубий Африка, Жанубий Корея, Индонезия, Италия, Испания, Канада, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Франция, Хитой, Япония ва Ҳиндистон раҳбарлари қатнашди.

Бу давлатлар ва Европа Иттифоқи жаҳоннинг ялпи ички маҳсулотининг 90 фоизини ва иқтисодлари энг йирик бўлган йигирмаликни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG