Линклар

logo-print

Муҳожирлар қирғиз депутатларини чўчитаяпти


Қирғиз депутатлари муҳожирларнинг турли йўллар билан мамлакат фуқаролигини олаётганидан норози.

Қирғиз депутатлари муҳожирларнинг турли йўллар билан мамлакат фуқаролигини олаётганидан норози.

Қирғизистон парламенти депутатлари мамлакатда Хитой, Ўзбекистон ва Тожикистондан келаётган меҳнат муҳожирларининг кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, бу йил Қирғизистон 10 минг меҳнат муҳожирига квота ажратган. Бу ўринларнинг тенг ярми хитойликларга берилган. Бундан ташқари, 358 чет элликка иммигрант мақоми берилган. Қирғизистонда иммигрант мақомига эга бўлганларнинг 49 фоизини россияликлар, 14 фоизини ўзбекистонликлар, 8 фоизини қозоғистонликлар, 4 фоизини эса германияликлар ташкил этган.

Бироқ, Қирғизистон парламенти депутатларига кўра, миграция қўмитаси томонидан тақдим этилган рақамлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Парламентдаги маълумотга кўра, биргина шу йилнинг ўн ойи мобайнида Қирғизистонга 75 минг хитойлик иш излаб келган. Депутатларга кўра, Ўзбекистондан келганлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин уларнинг сони хитойликларга нисбатан кўпроқ эканини тахмин қилиш мумкин.

Бу ҳолат қирғиз парламенти депутатларини ташвишга солмоқда. Депутат Бегали Нарғўзиевга кўра, хориждан келган муҳожирлар мамлакатда коррупция авж олганидан фойдаланиб, Қирғизистонда яшаш ҳуқуқини сотиб олмоқдалар:

- Қирғизистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат икки ярим минг долларга сотилмоқда. Буни биласизми? Икки ярим минг долларга истаган хорижлик бу ҳужжатни сотиб олиши мумкин. Шунинг учун ҳам миграция қўмитасига хорижлик муҳожирларнинг мамлакатдан чиқиб кетишини назорат остига олиш вазифасини топшириш керак, - деди депутат.

Бироқ миграция қўмитаси расмийси Эмил Имакеев Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирларининг мамлакатдан чиқишини назорат қилишга эҳтиёж йўқлигини айтади. Унга кўра, чегара ҳудудларида меҳнат миграцияси нормал жараёндир.

Бошқа давлат фуқаролари чегаранинг нариги тарафига ўтиб, мардикорлик қиладилар. Иш тугагач¸ яна ўз мамлакатларига қайтиб кетадилар. Расмийга кўра, шунинг учун ҳам Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонда қолиб кетиб, маҳаллий одамларнинг нонини яримта қилмоқда, деган хавотирга ўрин йўқ.

Қирғизистон миграция қўмитаси раҳбари Айгул Рисқулова эса ўзбекистонлик мардикорлар мамлакатдаги энг оғир ишларни бажараётганини, ғишт заводларида асосан ўзбекистонликлар меҳнат қилаётганини айтди.

Бироқ қирғиз депутатлари Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитойдан келган ишчилар сонининг кўпайиши “ўрмаловчи миграция” деб аталган ҳодисага сабаб бўлмоқда, дея ҳисоблайдилар. Яъни, меҳнат муҳожирлари турли қонуний ва ноқонуний йўллар билан мамлакат фуқаролигини олишга ҳаракат қилаётирлар:

- Биринчидан, муҳожирларнинг кўпчилиги қирғизистонлик мутахассислар ишини, жойини эгаллаб олмоқда, иккинчидан, улар бу ерга диний экстремизм ғояларини олиб келиши мумкин, дея хавотир олаяптилар. Учинчидан, бу ерда миллатчилик мафкурачиларининг бўрттирмалари бор. Негаки улар: “Ўзбек халқи кўпаймоқда, шулар қолиб кетади”, дея ташвишга тушганлар, - деди бишкеклик сиёсатшунос Иқбол Мирсаитов депутатларнинг хавотирларини шарҳлар экан.

Хориж давлатларидан бирида яшаётган ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Улуғбек Бакиров фикрича, ўзбек мардикорлари диний экстремистик ғояларни тарқатадилар, деган хавотирга ўрин йўқ.

- Диний-сиëсий масалада гапирадиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳозир Ҳизбут-Таҳрир қолмаган, десак муболаға бўлмаса керак. Чунки уларнинг кўпчилигини режим қамаб ташлаган. Шунинг учун у ëқдан келганлар бу ерда ҳеч нарса қила олмайди, - деди Улуғбек Бакиров.

XS
SM
MD
LG