Линклар

logo-print

Аъзам Турғунов давога муҳтож


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар Аъзам Турғунов аҳволи ҳақида ташвиш билан гапирмоқдалар.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар Аъзам Турғунов аҳволи ҳақида ташвиш билан гапирмоқдалар.

Қамоқ муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Аъзам Турғуновнинг соғлиги оғирлашиб, сил касаллигига чалинганлиги тахмин қилинаётир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғунов жорий йилнинг 11 июл куни ҳибсга олиниб¸ 23 окябр куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165- моддаси, яъни товламачилик банди бўйича айбдор деб топилди ва 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилди.

10 ноябр куни Аъзам Турғунов билан учрашган унинг жамоятчи ҳимоячиси Робия Ўтамуродованинг Озодлик радиосига билдиришича, қарийб тўрт ойлик тутқунлик давомида ҳуқуқ фаолининг соғлиғи кун сайин ëмонлашиб бормоқда.

- Дори ичса ҳам йўтали тўхтамаяпти. Бир-икки марта ўзим ҳам дори олиб келиб бердим. Йўтал маҳкама жараёни чоғида бошланган эди. У ҳалигача қолмаяпти. Ëмон аҳволда. У ерда ўтирган одамнинг кайфияти қанақа бўларди? - деди Робия Ўтамуродова.

Аъзам Турғуновнинг аҳволидан яхши хабардор бўлган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова эса маҳбус қамоқхонада сил касаллигини юқтирган бўлиши мумкин, дея тахмин қилади.

- Аъзам аканинг жуда ҳам мазаси йўқ экан. Жуда қаттиқ йўталаëтган экан. Шунга жуда ҳам хавотир бўлиб ўтирибмиз. Доимий иситма ҳам бор экан. Ҳали ташхис қўйилган эмас. Нима эканлигини билмаймиз. Қорақалпоғистонда ҳамма қамоқхонадагилар сил касалига чалинганлигини билганим учун шундан қўрқаяпман. Ўша ëққа борганимизда қамоқхонанинг олдида ота-оналар билан гаплашганимизда уларнинг асосий ташвиши шу эди. Болалар ўпкасидан чирияпти. Бунинг устига зах, совуқ, - деди Дилором Исҳоқова.

Қорақалпоғистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан Аъзам Турғуновнинг соғлиги борасида маълумот олиш имкони бўлмади.

Аъзам Турғунов нукуслик бир фуқародан 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди.

Аъзам Турғуновнинг ҳамкасби Рустам Қорабоев пул олиш саҳнаси уюштирилганлигини айтар экан, ҳуқуқ фаолининг қамалишини унинг касбий фаолияти билан боғлайди.

- Қорақалпоғистонда судни ҳам, прокуратурани ҳам Худо уриб кетган. Инсофсиз зўравонлик бор у ерда. Мен Аъзам акага: “Аъзам ака, буни қилиш мумкин эмас. Бу ерда инсофсиз зўравонлик бор”, деб айтган эдим. Бу ерда прокуратураси ҳам, милицияси ҳам, МХХси ҳам халқни талаб ëтибди, - деди Рустам Қорабоев.

Маҳкама жараёнини бевосита кузатган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова ҳам Аъзам Турғунов сохта жиноят қурбони бўлганлигини таъкидлайди:

- Аъзам Турғуновни у ердан оқлаб чиқармасликларига кўзим етарди, чунки Аъзам Турғуновни чиқариш учун қамашгани йўқ. Нима баҳона қилиб бўлса ҳам, Аъзам Турғуновни барибир қамашар эди. Бу унинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва сиëсий фаолиятига боғлиқ нарсалар. Фақат шунинг учунгина бугун Аъзам Турғунов қамоқхонада, - деди Дилором Исҳоқова.

Бир қатор ҳалқаро ташкилотлар ҳам Аъзам Турғуновнинг 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганидан хавотир билдирган. Жумладан, АҚШ Давлат департаменти тергов давомида ҳуқуқ фаолига нисбатан қийноқлар қўлланилганидан жиддий ташвиш билдирди. Франциядаги Қийноқларга қарши курашувчи халқаро ташкилот ҳамда Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Аъзам Турғуновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилишини қоралаган. Ташкилот баёнотида Аъзам Турғуновга белгиланган қамоқ жазоси, энг аввало, унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлиқлиги айтилади.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти эса Аъзам Турғуновга нисбатан чиқарилган ҳукмни Ўзбекистондаги адолат учун фаолият олиб бораётганларга аччиқ огоҳлантириш, дея таърифлаган.

4 ноябр куни ҳуқуқ фаолининг адвокатлари Қорақалпоғистон Олий судига апелляция тартибида шикоят аризаси топширишди. Бироқ ҳозирча апелляция тартибидаги маҳкама жараёнларининг қачон бошланиши номаълум.

Мазлум инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ва мухолифатдаги Эрк партияси аъзоси Аъзам Турғунов аввал ҳам товламачиликда айбланиб, икки йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

XS
SM
MD
LG