Линклар

Гуантанамо ўзбеги дарбадар

  • Ҳурмат Бобожон

Ойбек Жабборов Ўзбекистонга қайтиб борса¸ Гуантанамо қамоқхонасидаги кўргуликлари ҳам ҳолва бўлиб қолишидан чўчимоқда.

Ойбек Жабборов Ўзбекистонга қайтиб борса¸ Гуантанамо қамоқхонасидаги кўргуликлари ҳам ҳолва бўлиб қолишидан чўчимоқда.

Халқаро Амнистия ташкилоти Ирландия ҳукуматидан Гуантанамо қамоқхонасидан озод этилган ўзбекистонлик тутқунини ўз паноҳига олишни сўрамоқда.

23 яшар ўзбекистонлик фермер етти йил аввал Афғонистонда америкалик ҳарбийлар тарафидан, террорчиликда гумон этлииб ҳибсга олинган ва Гуантанамо қамоқхонасига жўнатилган эди.

Гуантанамодаги олти йиллик тутқунликдан сўнг озодликка чиқиш ўзбекистонлик Ойбек Жабборов учун қувончли бўлиши керак эди. Лекин ундай бўлмаяпти. Гуантанамо собиқ тутқуни ҳали ҳам мушкулликлар қаршисида қолмоқда. Жабборовнинг борарга манзили¸ турарга жойи йўқ.

Ўзбекистонга қайтай деса, уни ватанда яна қамоқ ва қийноқлар кутмоқда. Бошқа давлатлар эса террорчиликда гумонланган бу йигитни қабул қилишни истамаяпти.

Шу боис қатор ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар, жумладан Халқаро Амнистия¸ Ирландия ҳукуматидан Гуантанамо қамоқхонасининг собиқ тутқуни, ўзбекистонлик Ойбек Жабборовни ўз паноҳига олишни сўради.

- Биз фақатгина бу одам учун эмас, балки яна бир бошқа ўзбекистонлик ва уйғур тутқунлари учун бошпана излаяпмиз. Сабаби бу ўзбекистонлик Гуантанамо маҳбуслари Ўзбекистонга қайтса ёки уйғур маҳбуслар Хитойга қайтса¸ уларнинг қийноққа солинишлари, адолатсиз маҳкамаларга тортилишлари тайин, - дейди Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Мэйси Вайшердинг.

Ойбек Жабборовнинг ҳимоячилари бир неча бор Ирландияга ҳам келиб кетишган. Дублиндаги “Фронт лайн” (Front line) ташкилоти билан ҳамкорлик қилаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдужалил Бойматов¸ Жабборовнинг адвокати билан учрашганини айтади.

- Унинг адвокати “Фронт лайн”га келган пайтда¸ у билан ярим соатча гаплашган эдим. Ирландия қабул қилиб олса¸ ҳақиқатан яхши бўларди. Ўзбекистонда диний эътиқод вазияти¸ бошқа мамлакатларга таққослаганда¸ жуда даҳшатли. Чунки ҳаммани очиқдан-очиқ қийноққа тутаяптику!

Шу йилнинг май ойида бостонлик (Boston) адвокат Майкл Мон ўз ҳимояси остидаги Ойбек Жабборовни “Гуантанамонинг тасодифий тутқуни” деб таърифлаган ва унинг қамоққа олиниши¸ бошидан хато бўлганини айтган эди.

Хўш, Ойбек Жабборов ким?

Абдужалил Бойматовнинг айтишича, Жабборов Афғонистон шимолида бошқа ўзбек қочқинлари билан яшаган оддий фермер бўлган.

- Энди у бола диндор¸ олдин савдо иши билан шуғулланган экан. Ўша Афғонистонга ҳам борган бўлса керак-да. Билмадим у қандай қилиб қўлга тушиб қолган. Наманган вилоятида савдо билан шуғулланиб¸ балки Наманган вилоятида ишсизлик кўпайгани учун... Энди у ëқда кўпчилик одам диндор. Бошқа вилоятларга қараганда Наманган вилояти кўпроқ диндор. Балки шу сабаблар бўлиб¸ у ëққа бориб қолган бўлса керак.

Маълумотларга кўра, 2001 йил охирларида 23 яшар наманганлик фермер Ойбек Жабборов, унинг ҳомиладор аёли ва фарзанди Афғонистон шимолида ўзбекистонлик бошқа қочқинлар билан яшаган. Ўша йили Афғонистонда Шимолий альянс кучлари толибонга қарши ҳарбий амалиётлар бошлаганида¸ у қўлга олинган.

Америкалик адвокатнинг таъкидича, Ойбек Жабборов қўлга олинишидан олдин жабҳада қўлига қурол олиб урушда қатнашмаган. Унинг қўлга олиниши шунчаки тасодиф бўлган. Яъни шимолий альянс кучлари йўл четида турган Ойбек Жабборовни машинага миндириб, жойига элтиб қўямиз деб, уни "Бағром" ҳаво базасидаги Америка қўшинлари қўлига топширишган.

Бағромдан кейин Жабборов Қандаҳорга, кейин эса 2002 йилда Гуантанамо қамоқхонасига олиб ўтилган. Ойбек Гуантанамода олти йил ўтирди. Озодликка чиқарилишидан олдин, АҚШ ҳукумати уни “Ўзбекистон исломий ҳаракати” аъзоси бўлганликда, Ал -Қоидани қўллаб-қувватлаганлик ва Толибон тарафида курашганликда айблади.

Аммо унинг адвокати Майкл Мон бу айбловлар барининг асоссиз эканини айтади.

Адвокатнинг таъкидича, бундай айбловлар билан унинг Ўзбекистонда ўлимга маҳкум этилиши тайин. Айнан шунинг учун ҳам озодликка чиққан Ойбек Жабборов Ўзбекистонга қайтмоқчи эмас. У эркин ва демократик мамлакатда яшаш ниятида.

Гуантанамо қамоқхонасида инглиз тилини пухта ўрганган Жабборов, Ирландия ҳукуматига бошпана сўраб очиқ хат ёзди. Ўз хатида Гуантанамонинг собиқ тутқини, унинг қамоққа олиниши бошидан хато бўлгани ва ҳеч қандай жиноят қилмагани ҳақда ёзган.

- Олти йил қамоқда ўтирганим учун Американи ҳам айбламайман. Қалбимда уларга нисбатан нафрат ҳисси йўқ. Менинг ҳозир ягона орзуим оилам билан бирга бўлиш, фарзандларимни кўриш ва тинч ҳаёт кечириш, - деб ёзади Гуантанамо собиқ маҳбуси Ойбек Жабборов.

Мэйси Вайшердинг хонимга кўра, Халқаро Амнистия, ўзбекистонлик ва хитойлик собиқ маҳбусларга бошпана сўраб¸ Европанинг бошқа давлатларига ҳам мурожаат қилган.

- Биз фақат Ирландия ҳукуматига мурожаат этганимиз йўқ. Европанинг бошқа ҳукуматларига ҳам хат жўнатдик.

Биз бу одамларга қўйилган айбловлар асоссиз экани, уларнинг қамоққа олиниши бошидан хато бўлганини тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Шунингдек, бу одамларнинг қийноқлар хавфи бор мамлакатларга қайтарилиши¸ БМТнинг қийноқларга қарши конвенциясига ҳам зид эканини айтаяпмиз, - дейди Халқаро Амнистия вакили.
XS
SM
MD
LG