Линклар

Чиқиш мавсуми давом этади

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон КХШТ нинг 2008 йил 4 сентябрида Москвада ўтказилган сўнгги йиғинига ҳам нуфузи пастроқ делегация юборди.

Ўзбекистон КХШТ нинг 2008 йил 4 сентябрида Москвада ўтказилган сўнгги йиғинига ҳам нуфузи пастроқ делегация юборди.

Ўзбекистоннинг ЕвроосиёИҲдан чиқиш қарори маълум бўлгач¸ таҳлилчилар Каримовнинг навбатдаги қадамини башорат қилишга киришдилар.

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилганидан бери, кўплаб таҳлилчи ва сиёсатшунослар, унинг бу ташкилотдаги умри узоқ бўлмаслигини айтиб келган эди. Бу башоратлар, жумладан, Тошкент раҳбарининг табиатига хос ўзгарувчанлигига ҳам асосланган эди.

Ўтган ҳафта бу башоратлар тўғри бўлиб чиққач, яқинларгача Ислом Каримов бунчаликка бормаслигини ишонч билан айтиб келган сиёсатшунослар энди, Тошкентнинг Россия назоратидаги яна бир муҳим тузилма – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ҳам чиқиши муқаррар эканини айтишмоқда.

Жумладан¸ Москвадаги МДҲ мамлакатлари институти директори¸ Россия Давлат думаси депутати Константин Затулин “Интерфакс” агентлиги билан суҳбатда ЕвроосиëИҲдан чиқиб, Россияга аниқ муждани юборган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов энди ўз ташқи сиёсати йўналишини ўзгартириш бобидаги навбатдаги қадам ўлароқ, “КХШТ”ни ҳам тарк этса ҳайрон қолмаслигини таъкидлади.

Россия сиёсатининг нуфузли арбобларидан бири бўлмиш жаноб Затулинга кўра, Каримовнинг ўтмишда Россия билан Америка ўртасидаги келишмовчиликлардан фойдаланиб келгани инобатга олинса, воқеаларнинг айнан шундай ривожланишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

МДҲ мамлакатлари институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин ҳам, Каримов ҳукумати ҳаракатлари мантиғидан келиб чиқиб, яқин келажакда КХШТ аъзоларининг биттага камайишини гумон қилиш қийин эмас, дейди Озодлик радиоси билан суҳбатда.

- Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундай бурилишлар янгилик эмаслиги ва тез-тез бўлиб туришини инобатга олсак, воқеаларнинг кейинги ривожини билиб олиш қийин эмас. “Худой” дегандан кейин “берди”сини ҳам айтиш керак. Бундан ташқари, Тошкентнинг ЕвроосиëИҲ ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштироки ўзига хос бўлиб келган, яъни у мазкур ташкилотларга баъзи шартлар билан аъзо бўлиб келди.

Тошкент бу тузилмалар доирасидаги барча ҳужжатларни имзоламади, имзолаган ҳужжатларнинг эса, баъзи шартларини қабул қилмай келди. ЕвроосиëИҲ ва КХШТни назорат қиладиган Россия учун, аъзолар орасида муайян тартиб бўлиши муҳимдир. Яъни аъзолар барча ҳужжат ва шартларни қабул қилиши ёхуд бу ташкилотларни тарк этиши лозим, - дейди москвалик таҳлилчи.

Ғарбда Каримов режими ғоялари тарғиботчиси сифатида танилган лондонлик сиёсатшунос Ширин Акинер Ўзбекистоннинг ЕвроосиëИҲдан чиқиши кейинги пайтларда аниқ кўрина бошлаган бўлса-да, бу воқеанинг бундай тез рўй беришини кутмаган эдим, дейди.

Каримов ҳукуматининг табиатини яхши биладиган профессор Акинер ҳам, Тошкентнинг КХШТдаги истиқболи борасида шубҳа қолмаганини айтади.

- Ўзбекистон ЕвроосиëИҲдан чиққанидан кейин, навбатдаги қадам унинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ҳам чиқиши, менимча, аниқ бўлиб қолди. Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар, хусусан Қозоғистондан фарқли, Ўзбекистон бирор ташкилотдаги аъзолиги қандайдир босқичда манфаатларига хизмат қилмай қўйса, уни тарк этишга ошиқади. Яъни Ўзбекистоннинг ҳар бир ташкилотда аъзолик масаласига ўзига хос ёндашуви бор, - дейди Каримов ҳукуматидаги эврилишларни яхши биладиган профессор Акинер.

Лондонлик яна бир сиёсий шарҳловчи, Халқаро муносабатлар қироллик институти профессори Юрий Фёдоров Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби “арвоҳ ташкилотлар”, унга аъзо давлатларнинг қай даражада россияпарастлигини намойиш қилиш учунгина хизмат қилади¸ деган фикрда.

Андижон воқеаларидан кейин вужудга келган сиёсий эҳтиёж важидан бу ташкилотларга қўшилиб қолган Ўзбекистон энди улардан чиқиш пайти келганини англаб қолди.

- Каримов сиёсат юритишнинг шарқона нозик усулларидан хабардор ҳукмдор сифатида, Россия билан кези келса дўқ-пўписа оҳангида гаплашиш, тилёғламаликдан кўра, кўпроқ фойда беришини жуда яхши билади. Унинг бунга ишончи асоссиз эмас, албатта. Ташқи сиёсат векторини ўзгартириш борасида катта тажрибага эга бўлган Каримов Москва билан гаплашиш оҳангини ўзгартириш фурсати келганини яхши билади, - дейди Чэтам Ҳауз профессори.

Қўшма Шататларда ҳокимият алмашаётгани, Европа Иттифоқи билан Россия ўртасидаги муайян келишмовчиликлар¸ қолаверса¸ Андижон воқеаларидан кейин Ғарбнинг Тошкентга нисбатан позицияси анчайин юмшаб қолгани, Каримов учун энг қулай фурсатдир, дейди таҳлилчи.

- Ғарбдаги сўнгги ўзгаришлардан кейин, жаноб Каримов ЕвроосиëИҲ ва КХШТда қолишдан ўзи учун ҳеч қандай манфаат кўрмай қолди, ўзи аслида ҳам шундай. Чунки бу ташкилотлар маълум маънода, “арвоҳ ташкилотлардир”, - дейди профессор Фёдоров.

МДҲ институти таҳлилчиси Грозин ҳам Каримов Ғарбдаги сўнгги ўзгаришлардан фойдаланиб қолмасликни¸ ўзи учун гумроҳлик бўлишини билади, дейди.

- Афтидан, Ислом Абдуғаниевич энди Американинг янги маъмурияти билан муносабатларни янгидан бошлашга умидвор кўринади, дейди Грозин.

Лекин ташқи сиёсатини бошқа йўналишга буришда, Тошкент эҳтиёткор бўлиши лозим, деб қўшимча қилади Грозин. Чунки Ўзбекистон Россия билан иттифоқчилик шартномасини имзолаган, бундан ташқари, Москва Ўзбекистонга энергетика соҳаси ва бошқа лойиҳаларга миллиардлаб доллар миқдорида сармоя ваъда қилган. Каримовнинг эҳтиётсизлиги Ўзбекистонга қимматга тушиши мумкин, дея таъкидлайди москвалик таҳлилчи.

Халқаро муносабатлар қироллик институти таҳлилчиси профессор Фёдоров¸ москвалик ҳамкасбининг бу фикрига қўшилмайди. Унинг айтишича, бугун вужудга келган вазиятда Россиянинг ҳар қандай шароитда Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон газини сотиб олишдан бошқа чораси йўқ. Чунки деб давом этади таҳлилчи:

- Россияда газ ўзлаштиришда ўсиш кузатилгани йўқ, келажакда эса, билишимча, унинг қисқариши кутилмоқда. Россия халқаро шартномалар, қолаверса ички истеъмолчиларни газ билан таъминлаш борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши учун эса, жумладан Ўзбекистондан ҳам газ сотиб олишга ва Ўзбекистон газ секторини ривожлантириш учун сармоя ётқизишга мажбур бўлади. Каримовнинг бунга ақли етади, албатта, - дер экан Чэтам Ҳауз таҳлилчиси, Ўзбекистон раҳбари Ғарб томон яна мулозамат қила бошлаганининг бошқа бир муҳим боиси борлигини айтади.

Жаноб Фëдоровга кўра, сиёсий умрининг заволи кўриниб қолган Каримов ўзи ва оиласининг келажагини ўйлаш вақти келганини ҳам англаб қолган.

- Бу ҳақда гапирганда одамнинг хаëлига, албатта, Каримовнинг Ғарб банкларидаги ўз ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилмаслигини исташи ҳақидаги фикр келади. Лекин, менимча, Каримов учун бу ерда муҳимроқ масала бор. У ҳокимиятдан кетганидан кейин, хоҳ у табиий ҳолда кетсин, яъни унинг ўлимидан кейин, хоҳ у кимгадир ҳокимиятни ўзи топширсин, Ғарбда у танлаган ворисни қабул қилишлари унинг учун ўта муҳимдир. Чунки Ғарбда Каримов ворисининг тан олиниши у ва оиласининг келажаги кафолатидир, - дейди Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институти професори Юрий Фёдоров.

Эслатма: Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномасига 1992 йилда Тошкентда бўлиб ўтган йиғинда қўшилган, кейин 1999 йилда ундан чиққан. Андижон воқеаларидан бир йил ўтиб, 2006 йилнинг ёзида яна бу ташкилотга яна қайтиб кирган.
XS
SM
MD
LG