Линклар

logo-print

Минтақа омбудсменлари Бишкекка келмади


Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги йилларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашганини қайд этадилар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги йилларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашганини қайд этадилар.

Ҳафта якунида Бишкекда ўтказилган анжуманга таклиф этилмиш минтақа давлатлари омбудсменлари мазкур тадбирга келмадилар.

Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Акун минтақа давлатлари омбудсменлари таклиф қилинган бўлсаларда, анжуманга келмаганлари сабабини билмаслигини айтди.

Унга кўра, бу анжуманда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида нодавлат ташкилотлари ҳамда давлат тузилмалари ҳамкорлигини ривожлантириш масаласи муҳокама этилиши режалаштирилган эди.


Марказий Осиё давлатлари омбудсменларидан фарқли ўлароқ, олий даражадаги қирғиз амалдорлари инсон ҳуқуқлари муаммосини фуқаровий жамият билан муҳокама қилишга тайёр эканини изҳор қилдилар.

Анжуман иштирокчиси бўлган Қирғизистон олий суди ҳаками Низомиддин Азимжонов фуқаролар ўз ҳуқуқлари учун курашмай қўйганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди:

- Қонунларимиз жуда яхши ёзилган, конституцияда ҳам инсон ҳуқуқлари жуда яхши ҳимояланган. Бироқ фуқароларимиз кейинги йилларда ҳатто ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам эринадиган бўлиб қолганлар, - деди Олий суд ҳаками.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг айтишича, Қирғизистон фуқаролари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан эринмайдилар. Лекин ҳуқуқ-тартибот ва давлат тузилмаларида авж олган коррупция туфайли фуқаролар ўз ҳуқуқлари учун курашда самарали натижаларга эриша олмаяптилар. Абдурасуловага кўра, сўнгги бир йил ичида мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашган.

- Журналист Алишер Соиповнинг ўлдириб кетилганига бир йил бўлди. Бир қатор журналистларимиз таъқиблардан қочиб, чет эллардан бошпана олдилар. Буларнинг ҳаммаси [Қирғизистонда] инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашаётганидан даракдир, - деди Азиза Абдурасулова.

Айни пайтда анжуманда иштирок этган ҳукумат расмийлари иқтисодий муаммолар ҳам мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашувига сабаб бўлаётганини эътироф этдилар. “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” коалицияси раҳбари Динара Ошурахунова эса бу фикрларга қўшилмайди:

- Аксинча, инсон ҳуқуқлари бузилгани учун ҳам мамлакат инқирозга юз тутмоқда. Масалан, ўтган парламент сайловлари натижалари сохталаштирилган эди. Халқ иродасига қарши сайланган парламент бугунги кунда халқ манфаатини эмас, бир гуруҳ одамлар манфаатини ҳимоя қилаётгани учун ҳам мана шундай қийинчиликларни бошдан кечирмоқдамиз. Инсон ҳуқуқларига амал қилинган давлатда бундай инқирозларнинг олдини олиш мумкин бўлар эди, - деди Динара Ошурахунова.

Минтақа омбудсменлари келмаганлари сабабли анжуманда қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари муаммосини муҳокама қилиш билан чекландилар.

XS
SM
MD
LG