Линклар

Сув борасидаги тортишув давом этмоқда


Кузатувчилар¸ Марказий Осиёда сув муаммолари ҳал бўлмай келаётгани сабаби ҳам минтақа етакчилари ўртасидаги шахсий муносабатларга бориб тақалишини таъкидламоқдалар.

Кузатувчилар¸ Марказий Осиёда сув муаммолари ҳал бўлмай келаётгани сабаби ҳам минтақа етакчилари ўртасидаги шахсий муносабатларга бориб тақалишини таъкидламоқдалар.

Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё минтақасида сув заҳираларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзуида анжуман иш бошлади.

Мазкур анжуман чоғида минтақа давлатларининг сув ва экологик масалаларга бўлган муносабати, сув заҳираларидан оқилона фойдаланмаслик оқибатида минтақада юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий, сув ва экологик муаммолар олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда иштирок этган халқаро ташкилот вакиллари сўнгги 20 йил ичида Марказий Осиё дарёлари сув заҳиралари 25-30 фоизга камайгани туфайли минтақа мамлакатлари орасида сув масаласида ҳал бўлмаётган муаммолар ечимини топишда кўмаклашиш зарурлигини билдириб ўтдилар.

Анжуманга мезбонлик қилаётган Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сув заҳиралари бўйича қўмитаси раиси Анатолий Рябцев трансчегаравий сув заҳираларидан фойдаланишда юзага келаётган қарама-қарши фикрлар минтақа хавфсизлигига салбий таъсир этиши мумкинлигини қайд этди.

Бироқ бу каби эслатмаларга қарамай, мазкур анжуман ҳам томонлар тортишувларидан холи бўлмади. Тожикистон мелиорация ва сув заҳиралари вазир ўринбосари Анвар Зоировнинг Роғун ГЭСи ишга туширилиши юзасидан билдирган фикрлари ўзбекистонликларнинг эътирозларига сабаб бўлди.

- Тан олиш керакки, агар Вахш дарёсида Роғун ГЭСи қуриб битказилганда эди, Амударё ҳавзасида бу йилдаги каби сув тақчиллиги бўлмаслиги мумкин эди, - деди Анвар Зоиров.

Бироқ Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазир ўринбосари Шавкат Ҳамроев тожикистонлик ҳамкасбига эътироз ўлароқ, Роғун ГЭСи ишга туширилиши оқибатида минтақа сув заҳирасининг камайиши ва бундан бутун минтақа атроф-муҳитига катта зарар етишини таъкидлаб ўтди.

Унга кўра, ҳозирда Нурек ГЭСидан чор-атрофга етаётган зарар бунга яққол мисолдир, шу сабабли Роғун ГЭСининг қурилиши қўшни давлатларнинг барчаси розилик берганидан кейингина амалга оширилиши лозим.

- Нурек ГЭСидан ҳатто энергетик режимда фойдаланиш ҳам катта зарар етказмоқда, - деди Шавкат Ҳамроев.

Бироқ Тожикистон энергетика вазири ўринбосари Ҳамид Орипов Ўзбекистон вакили фикрига қўшилмаслигини айтди.

- Қўшниларимиз Роғун ГЭСи лойиҳаси Тошкент гидролойиҳа институти томонидан ишлаб чиқилганини жуда яхши билишади. Роғун ГЭСининг буюртмачиси ҳам биз эмас, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз бўлган. Ўзбекистонликлар Роғун ГЭСи зарари ҳақида гапирганларида “улар бу ҳақда билмайдиларми ё ўзларини гўлликка солаяптиларми” - тушунолмай қоламан, - деди тожикистонлик вакил.


Айни пайтда анжуман давомида минтақа сув заҳираларидан фойдаланиш борасида айрим илгари силжишлар ҳам кузатилгани қайд этилди.

Хусусан, Олмаота анжуманида қатнаэган БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Паоло Гаронна Германия ҳукумати саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиё мамлакатларининг мавжуд инқироздан қутулишига ҳамда сув заҳираларини бошқаришда янги воситаларни топишига имкон берувчи тадбирлар ишлаб чиқишга эришилганини билдирди.

Жаноб Гароннага кўра, бундан сўнг минтақа ҳукуматлари халқаро ташкилотлар кўмагида қабул қилинган қарорларни амалга оширишга киришишлари мумкин. Бироқ бунинг учун минтақа миқёсида кучли қонунчилик ва институционал база талаб этилади¸ дея қўшимча қилди БМТ вакили.

- БМТ минтақада давлатлари ўртасида бу йўналишдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш ишини ўз зиммасига олди, - деди БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби.

XS
SM
MD
LG